10-11 сентябрь кунлари Тошкентда Қозоғистон Конституцияси ва Қозоғистон халқи ассамблеясининг 20 йиллигига бағишланган фотосуратлар кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар берди «Туркистон-пресс» НАА.

Кўргазмага 70 дан ошиқ фотосурат қўйилган бўлиб, улар замонавий қозоқ жамиятининг ранг-баранглиги, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиёти, шунингдек, гўзал табиатини акс эттирди.

Фотосуратлар кўргазмасининг очилиши маросимида сўз олган Қозоғистон элчиси Борибай Жексембин қозоқ жамияти ижтимоий-сиёсий тадрижида, миллатлараро тотувлик ва муросани таъминлашда Конституция тарихий аҳамият касб этганини таъкидлади. У, шунингдек, жорий йилда ташкил этилганининг 20 йиллиги нишонланаётган Қозоғистон халқи ассамблеяси фаолияти ҳақида ҳам сўз юритди.

Элчи Қозоғистоннинг барқарор ва хавфсиз тинчликни таъминлаш борасидаги асосий халқаро ташаббуслари ва саъй-ҳаракатларига ҳам эътибор қаратди.

Борибай Жексембин замонавий Қозоғистон ва халқи мамлакатнинг ҳозирги ҳудудида асрлар мобайнида мавжуд бўлган давлатларнинг тарихий вориси эканини ва улар ушбу мамлакатга давлатчиликнинг теран анъаналарини қолдирганини қайд этди. 2015 йилда Қозоқ хонлигининг 550 йиллиги кенг нишонланмоқда. 

Фото