Республика PROlogue қисқа метражли фильмлар фестивалида қатнашиш учун ёш киноижодкорлардан аризалар қабул қилина бошлади, деб хабар беради «Ўзбеккино» Миллий агентлиги матбуот хизмати.

Фестивалда қатнашиш учун аризалар 15 октябрга қадар қабул қилиниб, энг яхши фильмлар 31 октябргача саралаб олинади. 16-20 ноябрь кунлари асосий кўрик дастурига кирган фильмлар намойиш этилади, 21 ноябрь куни эса ғолибларни тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.

Фестивалда ёши 35 га тўлмаган ўзбекистонлик профессионал ва ҳаваскор киноижодкорлар умумий вақти 40 дақиқадан ошмайдиган ва сўнгги икки йил мобайнида суратга олган қисқа метражли бадиий фильмлари билан иштирок этиши мумкин.

PROlogue фестивалини ўтказишдан мақсад миллий ифтихор туйғуларига йўғрилган, Ватан, табиат, гўзаллик, инсонийлик, бағрикенглик, бунёдкорлик, севги, меҳр ва муҳаббат каби мавзуларда қисқа метражли фильмлар яратиш, ушбу йўналишда ижод қилаётган ёш истеъдодларни излаб топиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва кенг жамоатчиликка танитиш, ёш ижодкорларнинг профессионал малакасини ошириш, ўз ижодини катта экранларда намойиш этишига йўл очиб бериш, уларнинг энг яхшиларини саралаб олиб, нуфузли халқаро кинофестивалларга тавсия этишдан иборатдир.

Фестивалда иккита йўналиш бўйича совринлар таъсис этилди. Биринчи йўналиш бўйича «Энг яхши қисқа метражли бадиий фильм» учун бош соврин топширилади ва «Енг яхши сценарий», «Энг яхши режиссёрлик иши», «Энг яхши операторлик иши» ҳамда иккинчи йўналиш бўйича «Болалар мавзусидаги энг яхши қисқа метражли бадиий фильм», «Болалар мавзусидаги энг яхши сценарий» «Болалар мавзусидаги энг яхши режиссёрлик иши», «Болалар мавзусидаги энг яхши операторлик иши» номинациялари бўйича ғолиблар аниқланиб тақдирланади.