Ўзбекистонда сентябрь ойининг боши нисбатан салқин келди. 2-3 сентябрь кунлари республиканинг айрим туманларида ёмғир ёғди. Ўшанда ҳаво ҳарорати кечалари 11-13 даража, кундуз кунлари эса 24-26 даражагача пасайди ва бу кўп йиллик ўртача кўрсаткичдан 2-3 даража кам демакдир.

Иккинчи ҳафтанинг ўрталарига бориб, салқин ҳаво оқими республика ҳудудидан чиқиб кетди. Ҳаво ҳарорати аста-секин кечалари 16-18, кундуз кунлари 30-35 даражагача кўтарилди, жанубнинг айрим жойлари ва чўлларда эса 36-38 даражагача етди.

«Газета.uz»га Ўзгидрометдан хабар беришларича, 12-13 сентябрь кунлари Ўзбекистон ҳудудига Россиянинг Европа қисмидан навбатдаги салқин ҳаво массаси кириб келиши кутилмоқда.

13 сентябрда Тошкент, Самарқанд ва Жиззах вилоятлари ҳамда Фарғона водийси вилоятларида бир оз ёмғир ёғиши мумкин. Мамлакатнинг қолган ҳудудларида ёғингарчиликсиз салқин ҳаво сақланиб қолади.

Ҳаво ҳарорати кечалари 10-15 даража, кундузи эса 22-27 даражагача пасайиши кутилмоқда. 

Келаси ҳафта ўртасига бориб, ҳаво ҳарорати яна аста-секин кўтарилади, ёғингарчилик бўлмайди.