Ўзбекистон ҳукумати 5-6 ноябрь кунлари Тошкентда Халқаро инвестиция форумини ўтказади, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Тадбирни ўтказишдан мақсад Ўзбекистонда хусусийлаштириш бўйича давлат дастурига киритилган етакчи корхоналар тақдимотини ўтказиш, уларни техник ва технологик жиҳатдан модернизациялаш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шунингдек, замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий қилиш имкониятига эга стратегик чет эл инвесторларига сотишдир.

Форумда Ўзбекистон ҳукумати аъзолари, вазирлик ва идоралари раҳбарлари, расмий хорижий делегациялар, етакчи чет эл компаниялари, инвестиция фондлари ва банклари, шунингдек, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия муассасалари раҳбарлари иштирок этади.

Тадбир дастуридан ялпи мажлислар, йирик чет эл инвесторларининг Ўзбекистонда бизнес юритиш тажрибасига оид маърузалари, иқтисодиётнинг турли йўналишлари бўйича секцияларга бўлинган йиғилишлар ва улар доирасида хусусийлаштириш учун таклиф этилаётган объектлар тақдимоти ўтказилади. Бундан ташқари, меҳмонларнинг Самарқад, Бухоро ва Хива шаҳарларига зиёрати ҳам уюштирилади.