UzReport TV телеканали УЕФА Чемпионлар лигаси, Англия премьер-лигаси (АПЛ) ва EURO 2016 футбол ўйинларини трансляция қилиш ҳуқуқини сотиб олди. Бу ҳақда 8 сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

UzReport TV Ўзбекистон ҳудудида ушбу футбол ўйинларини олиб кўрсатиш бўйича эксклюзив ҳуқуқни қўлга киритди. Телеканал бош директори Равшан Жўраев «футбол учрашувларининг жонли трансляцияси ҳуқуқини харид қилишдан кўзланган асосий мақсад соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва телетомошабинлар орасида спортга бўлган қизиқишни ошириш» эканини қайд этди.

УЕФА Чемпионлар лигаси ўйинлари трансляцияси 15 сентябрдан бошланади. UzReport TV ушбу ўйинларни уч мавсумда: 2015/2016 йилдан 2017/2018 йилгача трансляция қилиш ҳуқуқини сотиб олди.

Англия премьер-лигаси ўйинлари трансляцияси ноябрдан бошланиши режалаштирилмоқда. EURO 2016 чемпионати 2016 йил 10 июндан 10 июлгача бўлиб ўтади.

EVO компанияси УЕФА Чемпионлар лигаси ўйинларини олиб кўрсатишнинг 2015/2016 мавсумидаги расмий ҳомийси бўлди.