Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Жаҳон банки билан аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий муҳофаза қилиш борасида хизмат кўрсатадиган янги турдаги офисларни барпо этишни кўзда тутувчи лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувга эришди.

Лойиҳадан кўзланган мақсад — жойлардаги ишга жойлаштириш идораларининг аҳоли бандлиги ва ижтимоий муҳофазасини таъминлаш бўйича кўрсатаётган хизматлари сифати ва қамровини кескин ошириш, деб хабар қилди вазирлик ахборот хизмати.

Лойиҳанинг илк босқичи амалга ошириладиган 2015-2016 йилларда иккита офисни ташкил этиш мўлжалланмоқда: уларнинг биттаси пойтахтда, иккинчиси эса Сирдарё вилоятида барпо этилади. Келгусида бундай офислар барча вилоятларда очилади.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ушбу лойиҳани амалга ошириш доирасида, бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари фаолиятини такомиллаштиришга доир фикр-мулоҳазаларни info@mehnat.uz электрон почта қутисига юборишни сўрайди.