17-19 сентябрь кунлари Ўзбекистоннинг барча вилоятларида иккинчи «Болалар китоби» республика фестивали ўтказилади, деб хабар қилади Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги.

Фестивалнинг Тошкентдаги асосий тадбирлари Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида бўлаб ўтади. Бундан ташқари, «Туркистон» концерт саройида фестиваль очилишига бағишланган «Китоб — маънавият сарчашмаси» мавзусида тантанали маросим ва шоу-концерт ташкил этилади.

«Соғлом ва маънавий етук авлод — юрт келажаги!» шиори билан ўтказиладиган фестивалга Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими вазирликлари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, пойтахт ва вилоятлар ҳокимликлари бош-қош бўлади.

«Фестиваль доирасида болаларга мўлжалланган турли жанрдаги адабий-бадиий китоблар, шунингдек, илмий-маърифий, ижтимоий-сиёсий, маданий ҳамда энциклопедик йўналишдаги китоблар тақдимотлари, таниқли адиб ва шоирлар билан учрашувлар, совринли викториналар, болалар театрлари, республика қўғирчоқ театри артистларининг томошалари, санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концертлари ташкил этилади», — дейилади агентлик хабарида.