Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов 9 сентябрь куни Швейцария Конфедерациясининг янги тайинланган элчиси Штефан Клёцлини қабул қилди, деб хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

Вазир ва элчи мулоқот чоғида Ўзбекистон-Швейцария муносабатларининг долзарб масалалари, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда алоқаларни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари юзасидан фикр алмашди.

Суҳбат давомида 2014 йилнинг ноябрида Швейцария Конфедерацияси Президенти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЙХҲТ) амалдаги раиси Дидье Буркҳалтернинг Ўзбекистонга сафари ҳамда унинг Президент Ислом Каримов билан ўтказган музокаралари олий даражадаги сиёсий мулоқотни мустаҳкамлагани ва икки томонлама алоқаларга янги тус бергани таъкидланди.

Томонлар икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари орасидаги мулоқотни давом эттириш, парламентлараро алмашинувларни йўлга қўйиш, икки давлат ишбилармонлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини қайд этди.

Учрашувда, шунингдек, айрим халқаро ва минтақавий муаммолар ҳам муҳокама қилинди.