5 сентябрь куни Марказий Осиё кураш федерацияси ташкил этилди. Унинг таъсис конгресси Ўзбекистон, Козоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон кураш федерациялари раҳбарлари иштирокида Бухорода бўлиб ўтди.

Халқаро кураш ассоциацияси (ХКА) матбуот хизматининг хабар қилишича, минтақа федерациясини ташкил этишдан мақсад ушбу қадимий кураш турини Марказий Осиёда ривожлантиришдан иборатдир.

Тадбирда янги федерация раҳбарлари сайланди ҳамда кураш бўйича минтақа биринчиликлари, очиқ ва халқаро мусобақалар ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Марказий Осиё кураш федерацияси президенти этиб халқаро тоифадаги ҳакам Холмуротали Мубораков, биринчи вице-президент этиб Қозоғистон кураш федерацияси президенти Баҳром Мўминов, вице-президентлар этиб Нуркан Османалиев (Қирғизистон кураш федерацияси президенти), Мирза Қурбонов (Туркманистон кураш федерацияси бош котиби), Мурод Дўсимбетов (Ўзбекистон кураш федерацияси бош мураббийи), бош котиб этиб эса Олим Ҳайитов сайланди.

Конгресс кураш бўйича Ўзбекистон мустақиллигининг 24 йиллиги ва ХКАнинг 17 йиллигига бағишлаб уюштирилган халқаро мусобақа арафасида бўлиб ўтди.

3500 йиллик тарихга эга кураш энг қадимги яккакураш турларидан биридир.

Халқаро кураш федерацияси 1998 йил 6 сентябрда ташкил этилган. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов унинг фахрий президентидир.

Бугунги кунда дунёнинг 122 та мамлакатида кураш федерациялари, 5 та қитъада эса кураш конфедерациялари фаолият юритмоқда.