10 сентябрдан 3 октябргача Тошкентда Япония қўғирчоқлари ва гравюралари кўргазмаси бўлиб ўтади, хабар берди ушбу мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчихонаси.

Япон қўғирчоқлари кўргазмаси 14 та гуруҳга бўлинган 70 та экспонатни ўз ичига олади. У япон халқи замонавий қўғирчоқларининг бадиий олами, анъанаси ва улар замонавий ҳаётга қанчалик теран кириб боргани билан таништиради. Қўғирчоқлар қадим замонлардан бери Япония кундалик ҳаётининг бир бўлаги бўлиб келган. Халқ одатлари, интилишларини акс эттирадиган, ҳар бир минтақанинг ўзига хос жиҳатларига эга бўлган қўғирчоқлар асрлар давомида ривожланиб, турли шакллар касб этган. Улар японларнинг анъанавий ҳунармандлик буюмлари, масалан, газмолнинг ўзига хос «юзи» ҳисобланади.

«Эдонинг 100 та машҳур кўриниши» гравюралари кўргазмаси XIX асрда яшаб ижод қилган таниқли япон рассоми Ҳиросагэ Утагаванинг (1797-1858) репродукциялар туркумидир. Графика рассоми, укиё-э йўналиши вакили, рангли ксилография устаси 5400 тадан кам бўлмаган гравюра муаллифидир. Эдо шаҳри (Токионинг эски номи) рассомнинг суюкли мавзуларидан бири эди. У умри давомида Япония пойтахтига бағишлаб тахминан 1080 та расм чизди. Рассом ушбу туркумда қадрдон шаҳрининг гўзаллигини тасвирлабгина қолмасдан, тарихий мавзулар, анъана ва афсоналарга ҳам қўл уради.

Кўргазмани Япония элчихонаси, Япон фонди ва Ўзбекистон Бадиий академияси қошидаги Халқаро Икуо Ҳираяма маданият карвонсаройи ташкил этмоқда. 

Кўргазма ўтказиладиган жой: Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси. Иш вақти: 10:00-17:30. Дам олиш кунлари: якшанба ва душанба.