Тошкентнинг эски шаҳар қисмида жума куни рўй берган «портлаш» ИИББ бўлинмалари жанговар машқлари сценарийсининг бир бўлаги эди, дея хабар тарқатди РИА Новости агентлиги Ўзбекистон ИИВ матбуот хизматига таяниб.

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси Олмазор тумани Фаробий кўчасида жойлашган «Тўхтабой» масжиди ёнида навбатдаги жанговар машғулотларини режага кўра ўтказди. Машғулот ғоясига асосан, шартли террорист реал шароитда портлаш содир этди ва воқеа рўй берган жойдан яширинди.

«Соат 13:32 да масжид яқинидаги автобус бекатларидан бирида шартли террорист қўлбола портловчи моддани ҳаракатга келтирди. Шундан сўнг »Тревога" буйруғи билан шаҳар милицияси кучлари ва воситалари оёққа турғизилди ҳамда воқеа содир бўлган жой идоранинг ички йўриқномалари талабига мос равишда қуршаб олинди", — дея вазиятга ойдинлик киритди матубот хизмати.

Машғулотлар сценарийсига кўра, бир вақтнинг ўзида «жиноятчи»ни излаб топиш бўйича тезкор қидирув тадбирлари уюштирилди ва у 15 дақиқадан сўнг қўшни маҳалладан топилди.

«Машғулот сценарийси максимал даражада реал бўлишига ҳаракат қилинди, унинг асосий вазифаларидан бири Тошкент шаҳридаги ёнғин ўчирувчи, ФВВ, тез тиббий ёрдам сингари қолган фавқулодда вазиятларга тайёр турувчи хизматларнинг сергаклиги ва тезкорлигини текшириб кўришдан иборат эди», — деди ИИВ вакили.

Унинг сўзларига кўра, дастлабки босқичда ушбу хизматлар пойтахт ИИББ бўлинмаларининг режалаштирилаётган машғулотлари ҳақида огоҳлантирилмаган эди.