Ўтган ҳафтада Ўзбекистонда 271 та ёнғин содир бўлгани қайд этилди. Оқибатда икки фуқаро тан жароҳати олган ва бир киши ҳалок бўлган, деб хабар қилади ИИВ матбуот хизмати.

Тошкент вилояти Юқори-Чирчиқ туманидаги уйларнинг бирида электр симлари қисқа туташуви оқибатида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 50 кв. метрлик томи, шифт қисми ва уй жиҳозлари ёниб кетди.

Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги уйлардан бирида яшовчи аёл пахта ёғини доғлаш учун газ плитасига қўйиб, унутиб қолгани оқибатида ёғ қизиб кетиб, ўт олди ва уйнинг 80 кв. метр майдонида том қисми ва уй жиҳозлари ёниб кетди.

Фарғона вилояти Қўштепа туманида яшовчи уй бекаси ошхонасидаги газ баллондан сизиб чиққан газ ҳидини сезмай, гугурт чаққани сабабли хонага тўпланган газ ва ҳаво аралашмаси ўт олиб кетиб, икки киши тан жароҳати олди ва уй жиҳозлари ҳамда 7 кв. метрлик том шикастланди.