Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош тренери Самвел Бабаян ярим ҳимоячи Одил Аҳмедовни жамоа сардори этиб тайинлади, деб хабар берди Футбол федерацияси матбуот хизмати.

Россиянинг «Краснодар» клубида фаолият олиб бораётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Одил Аҳмедов Ўзбекистон терма жамоасида 70 та ўйин ўтказиб, 12 та гол урган.

Шу пайтгача миллий жамоа сардори бўлган Сервер Жепаров ҳамда Азиз Ҳайдаров жамоа вице-сардорлари бўлади.

Миллий терма жамоа 2018 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун тайёргарлик кўрмоқда. Самвел Бабаян шогирдлари 3 сентябрь куни «Пахтакор» стадионида Яман терма жамоасига қарши майдонга тушади.