Тошкентдаги Бобур боғида Ўзбекистоннинг мустақиллик байрами турли миллат вакилларининг тантаналари билан нишонланди. Анъанавий тадбирни миллий маданият марказлари Республика байналмилал маданият маркази (РБММ) шафелигида ташкил этди.

Байрам дастурига этник ижодий жамоаларнинг чиқишлари, миллий таомларни татиб кўриш, халқ ҳунармандлари ясаган буюмларни кўздан кечириш — шу ва шунга ўхшаш Марказий Осиё, Яқин ва Узоқ Шарқ, Европа ва кўп миллатли Россия халқлари тамсил этилган тадбирлар киритилди.

Боққа келган кишилар миллий кийимларнинг ранг-баранг оламига жон-жон деб сингиб кетди ва хонандаю раққосаларнинг чиқишларини томоша қилиб, ширинликлардан татиб кўрди.

Катта ёшлилар ва болалар жамоаларининг гала-концертида маҳорат билан бирга Ватандан йироқда кўз қорачиғидай асраб келинаётган маданий анъаналар намойиш этилди.

«Бунақа ранг-баранг либос, анъана ва одамларни бошқа жойда учратиш қийин, — деди Тошкентдаги 147-мактабнинг 7-синф ўқувчиси, „Озарбайжон қизлари“ ансамбли раққосаси Дурдона. — Биз чиқишимиз билан Озарбайжон рақсининг қанчалик гўзал эканини кўрсатиб бермоқчимиз».

«Бугун Ўзбекистонда 100 мингга яқин этник украин миллатига мансуб кишилар истиқомат қилади. Байрамга мамлакатнинг турли вилоятларидан украинлар диаспораси вакиллари етиб келди, — деди Республика Украин маданият маркази раиси Владимир Бойко. — Биз байрамга иккита — „Лаванда“ ва „Чаровница“ фольклор ансамблини олиб келдик ва меҳмонларга ўзига хос украин таомларини намойиш этмоқчимиз».

«Биз фарзандларимиз билан Мустақиллик кунини байрам қилишга Бобур номидаги боққа кўп марта келганмиз, — деди лицей ўқитувчиси Назира. — Байрамнинг яхши ташкил қилингани — турли халқларнинг либослари, концертлар ва дастурхонга тортилаётган ноз-неъматлар бизга жуда ёқади. Фарзандларимиз халқлар дўстлиги нима эканини мана шу мисолларга қараб ўрганиши, ўз анъаналарини эъзозлаши, бошқаларникини ҳурмат қилиши, уларни ирқи, тили ва диний эътиқодидан қатъи назар тушуниши керак».

«Биз иккита рус миллий хори ва болалар рақс жамоасини олиб келдик, — деди Рус миллий маданият маркази раиси Александр Аристов. — Байрам арафасида олтита маданий тадбир ўтказдик. Ўзбекистонда 1 миллионга яқин ватандошимиз истиқомат қилади. Ундан ҳам кўп одамлар рус тилида гаплашади ҳамда рус маданиятини тушунади ва яхши кўради. Доимий тарзда ўтказиладиган бундай тадбирлар мамлакатимизда қарор топган миллатлараро тотувлик муҳитини акс эттиради».

Фото

Матн: Санжар Ёқубов