28 август куни Самарқандда «Шарқ тароналари» Х халқаро мусиқа фестивалининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар берди ЎзА.

Тадбирда нутқ сўзлаган Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов «Шарқ тароналари»нинг ўнинчи юбилей анжуманида «иштирокчи мамлакатлар жуғрофияси кенгайиб, уларнинг сони икки баробардан зиёд кўпайиб, 31 тадан 66 тага етгани»ни алоҳида қайд этди.

«Бу йилги мусиқа байрамимизга Осиё ва Африка, Европа ва Америка қитъаларида, Шарқ ва Ғарб минтақаларида жойлашган ўнлаб давлатлардан ноёб истеъдод соҳиблари, машҳур ижодий гуруҳлар ташриф буюргани ўтган қисқа даврда фестивалимизнинг довруғи бутун дунёга тараннум этилиб, унинг обрў-эътибори ва нуфузи тобора ортиб бораётганини кўрсатади», — дея таъкидлади Президент.

Ислом Каримовнинг фикрича, «бунинг замирида аввало фестивалнинг юксак гуманистик ғоялари мужассам бўлиб, „Самарқанд руҳи ва фалсафаси“ деган чуқур маъноли ибора халқлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга, маданий мулоқотни ривожлантиришга, мумтоз мусиқа анъаналарини асраб-авайлашга» олиб келмоқда.

Расмий очилиш маросимида ЮНЕСКО бош директорининг ўринбосари Эрик Фальт ҳам иштирок этди.

Анжуман қатнашчилари Регистон майдонидаги асосий саҳнадан ташқари, Оқдарё, Жомбой, Самарқанд, Тайлоқ туманларида ҳам концерт дастурларини намойиш этмоқда. Самарқанд шаҳридаги истироҳат боғлари ва хиёбонлар, театрлар, маҳалла гузарлари, болалар мусиқа ва санъат мактабларида учрашувлар ўтказилмоқда.

Фото