Ўзбекистон Маданият ва спорти ишлари вазирлиги жума куни Игорь Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи директори Мариника Бабаназарованинг ишдан бўшатилиши билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди.

Вазирлик сайтида Қорақалпоғистон Маданият ва спорти ишлари вазирлиги Мариника Бабаназаровани эгаллаб турган лавозимидан пенсияга чиқиши муносабати билан бўшатгани хабар қилинди.

Мариника Бабаназарованинг ишдан бўшатилиши тўғрисидаги хабар Ўзбекистон ва чет эл оммавий ахборот воситаларида турли чиқишларга сабаб бўлди. Жаҳонга машҳур Нукус музейининг меҳнат жамоаси норозилик билдирди.

«Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги И. В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейи собиқ директори Мариника Маратовна Бабаназарованинг музей ривожига қўшган ҳиссасини муносиб баҳолайди ҳамда жамоатчиликни унинг нафақага чиқиш тўғрисидаги хоҳишини ҳурмат қилишга чақиради», — дейилади вазирлик тарқатган хабарда.

Хабарда қайд этилишича, «М. М. Бабаназарованинг нафақага чиқиши унинг музей жамоасидан кетганини билдирмайди. У ўтказиладиган тадбирларда музей фахрийси сифатида иштирок этиши мумкин».

Маданият ва спорти ишлари вазирлиги, шунингдек, «Музейлар тўғрисида»ги қонунга кўра, музейларда сақланаётган музей ашёлари ва коллекциялари давлат мулки ҳисобланиши ва давлат уларни тўла муҳофаза қилиши ҳамда музей раҳбари лавозимига шахслар қонун ҳужжатларига кўра тайинланиши ва озод этилишини эслатиб ўтди.