Тошкентнинг шимоли-шарқида пойтахтнинг иккита серқатнов Боғишамол ва Мирзо Улуғбек кўчаларини туташтирадиган йўл участкаси қурилиши авж паллада.

Узунлиги 1,6 км бўлган янги автомобиль йўли илгари Кабель заводига тақаладиган йўлнинг давоми бўлади. Энди у заводнинг қоқ ўртасидан кесиб ўтиб, Чаманбоғ кичик кўчаси бўйлаб, Ботаника боғи ёнидан ўтиб, Боғишамол кўчасига чиқади.

Автомагистрални «Ўзавтойўл» компаниясининг Тошкент Кўприк хўжалигини сақлашга ихтисослаштирилган таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси (КХСИТФК) қурмоқда. Қурилиш ишлари 1 августда бошланди, йўл қурувчилари объектни сентябрь ойида фойдаланишга топширишни мўлжалламоқда

Янги йўлнинг Кабель заводи орқали ўтадиган қисми. Google харитаси.

Олти қатордан иборат автомобиль йўли четларида янги пиёдалар йўлкалари, унинг ёнларидаги уйларда яшовчи аҳоли автомашиналари учун кириш жойлари, шунингдек, кўкаламзор қаторлари бўлади. Иккита йўловчи улови бекатини қуриш кўзда тутилган. Кичик пудратчи «Паркент сувқурилиш» компанияси Салар канали устидан эни 41 м бўлган кўприк йўл қуриб берди.

«Автомобиль йўлининг янги қисми фойдаланишга топширилиши билан шаҳар туманлари ўртасидаги масофа анча қисқаради, — деди „Газета.uz“ мухбирига Тошкент КХСИТФК директори А. Иззатуллаев. — Ботаника боғи ва Кабель заводининг умумий майдони жуда катта бўлгани боис илгари улар айланиб ўтилар эди».

Йўл қурилиши билан бирга унга туташ бўлган Салар канали тозаланмоқда ва унинг қирғоқлари мустаҳкамланмоқда.

Фото