3-14 сентябрь кунлари ўзбекистонлик 5200 нафар зиёратчи Миллий авиакомпаниянинг Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Самарқанд-Мадина, Термиз-Мадина, Наманган-Мадина, ҳамда Урганч-Мадина йўналишларида ҳаж сафарига жўнаб кетади, деб хабар қилди Дин ишлари бўйича қўмита.

Барча зиёратчилар марказлашган тиббий пунктларида менингит ва гриппга қарши зардоб билан эмланди.Зиёратчиларга мавсум давомида 25 нафардан иборат ишчи гуруҳи, 102 нафар гуруҳ раҳбари, 30 нафар шифокор ва 10 нафар ошпаз хизмат кўрсатади.

Ҳожилар Макка ва Мадина шаҳарларидаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилади. Улар яшаб турадиган меҳмонхоналарда сунъий йўлдош орқали Ўзбекистон телевидениеси дастурларини томоша қилиш имконияти бўлади.

Ҳожилар 27 сентябрдан 8 октябргача ватанга қайтиб келади.