1 сентбярдан бошлаб Ўзбекистондаги бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори 1,1 марта оширилади. Президент Ислом Каримов бу ҳақдаги фармонга 26 август куни имзо чекди.

Келгуси ойдан бошлаб мамлакат ҳудудида энг кам иш ҳақининг қуйидаги миқдори амал қилади:

  • иш ҳақи — ойига 130240 сўм;
  • ёшга доир пенсиялар ва болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа — ойига 254730 сўм;
  • зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа ойига — 156 310 сўм.

Фармонда қайд этилишича, иш ҳақини ошириш тўғрисидаги қарор «республика аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини янада муттасил ошириб бориш, фуқароларга ижтимоий мададни кучайтириш мақсадида» қабул қилинди.

Иш ҳақи ҳамда пенсияларга қўшилган устама ва қўшимча ҳақларнинг барча турлари, энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган компенсация ва бошқа тўловлар 1 сентябрдан бошлаб янги фармонда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Фармонда бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларнинг оширилиши билан боғлиқ сарф-харажатлар давлат бюджети ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланди.

Хўжалик ҳисобидаги корхона ва ташкилотлар зиммасига янги энг кам иш ҳақига мувофиқ, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва меҳнат сарфини камайтириш ҳисобига иш ҳақи миқдорини ошириш юклатилди.

Бундан олдин энг кам иш ҳақи миқдори ўтган йилнинг 15 декабрида оширилган эди.