UzReport TV телеканали (UzReport ахборот агентлиги) Ўзбекистон ҳудудида УЕФА чемпионлар лигаси ўйинларини жонли олиб кўрсатиш ҳуқуқлари тўпламини сотиб олди, дейилади агентлик тарқатган матбуот хабарномасида.

Тўплам таркибига ўйинларни, Highlights, Magazines дастурларини телевидение, интернет тармоғи ва мобил алоқа тизими орқали бепул трансляция қилиш бўйича эксклюзив ҳуқуқлар киради.

UzReport TV телеканали жорий (2015/2016) мавсум ўйинларини УЕФА чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичидан бошлаб жонли тарзда олиб кўрсатади.

UzReport ахборот агентлиги УЕФА чемпионлар лигаси ўйинлари трансляцияси расмий ҳуқуқининг Ўзбекистондаги илк ва ягона эгаси, ўйинларнинг транслятори бўлди. «Ушбу ютуқ Saran Media компанияси вакиллари билан узоқ муддатли ва сермазмун музокаралар натижаси бўлди», — деди агентлик бош директори Равшан Жўраев.

УЕФА чемпионлар лигаси ўйинлари тақвимига кўра, гуруҳ босқичига 27 август куни Монакода қуръа ташланади ва гуруҳ босиқичи ўйинлари 15 сентябрдан бошланади.

Айни чоқда UzReport TV канали шарҳловчиларни танлаб олмоқда ва жонли трансляция қилиш учун техник жиҳозларни созламоқда.