Душанба куни кечаси «Янгиер-Тошкент» магистрал газ қувурининг 157 километрида рўй берган фалокат оқибатида ҳеч ким зазар кўрмади, деб хабар қилди Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани «Авесто» фермер хўжалиги ҳудудидаги газ қувури соат 21:00 да ёрилиб кетди.

Воқеа содир бўлган жойда «Ўзбекнефтгаз» компанияси, ФВВ, ИИВ ва бошқа идоралар вакилларидан иборат штаб ташкил қилинди. Шошилинч кўрилган чора-тадбирлар натижасида ёнғин тизгини соат 23:40 да қўлга олинди.

«Газета.uz»га ёнғин содир бўлган жой атрофида яшовчи айрим кишилар шок ҳолатида тиббий муассасаларга олиб кетилгани ва уларга зарур ёрдам кўрсатилгани маълум.

Айни чоқда газ қувурининг шикастланган жойлари тикланмоқда. Фалокат пойтахтнинг газ таъмигнотига таъсир кўрсатмади, дея таъкидланади ФВВ хабарида.