Қўшма Штатларнинг Ўзбекистондаги элчихонасида ногирон кишилар ҳуқуқлари ва АҚШда ногиронлар тўғрисидаги қонун қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар қилади «Туркистон-пресс» НАА мухбири Луиза Маҳмудова.

Ногиронлар жамиятлари аъзолари, Ўзбекистоннинг бир қанча давлат тузилмалари, халқаро ва тижорат ташкилотлари мутахассислари, дипломатия корпуси вакиллари тадбир меҳмони бўлишди. Иштирокчилар орасида Лилия Севастьянованинг машҳур «Лик» театри актёрлари ҳам бор эди.

«Бу ерга Ўзбекистон, Қўшма Штатлар ва бутун дунёда умид, тенглик ва имкониятларни нишонлаш учун йиғилдик, — деди Америка Қўшма Штатлари элчиси Памела Спратлен. — Биз имкониятлари чекланган кишиларнинг тенгҳуқуқлигини кафолатлаш мақсадида дунёда илк марта қабул қилинган Америка ногиронлари тўғрисидаги қонуннинг 25 йиллигини байрам қиляпмиз».

Ногиронлар тўғрисидаги қонун 1990 йилдан бери Қўшма Штатларда яшовчи имконияти чекланган кишиларга кундалик ҳаётида барча фуқаролар фойдаланадиган ҳуқуқларни кафолатлайди. Қонун тўсиқларни бартараф қилиш ва алоҳида эҳтиёжи бўлган кишиларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш борасида улкан муваффақият қозонди.

«Қонун қабул қилинишидан олдин имконияти чекланган кишилар камситилиш ва яккалаб қўйилишга маҳкум эди. Энди АҚШдаги барча йўлкалардан ногиронлар бемалол фойдалана олади, иш берувчилар столларни ногиронлар аравачаси баландлигига мос қилиб ўрнатади, иш берувчилар кўзи кўрмайдиган кишилар фойдаланиши учун компьютерларни бериб туради. Автобусларда аравачалар салонга осон чиқиб олиши учун кўтаргичлар ишлайди, автомобилларда ногирон ҳафдовчилар уловини ўзи бошқариши учун мосламалар ўрнатилган», — дея сўз юритди Памела Спратлен.

АҚШда эшитиш қобилияти чекланган ёки нутқи равон бўлмаган кишиларга бемалол мулоқот қилиш имконини берадиган умуммиллий Интернет ва телефон тизими мавжуд. Бундан ташқари, барча телекўрсатувларнинг 99 фоизида субтитрларни қўшиш имконияти мавжуд.

«Ногиронлар тўғрисидаги қонун шарофати билан барча америкаликлар биноларга кириш, жамиятда яшаш, меҳнат, мулоқот ва сафар қилиш борасида тенгҳуқуқлидир», — дея сўзини давом эттирди элчи хоним.

Памела Спратленнинг фикрича, давлат тузилмалари ва айрим ташаббускорларнинг саъй-ҳаракатлари билан муваффақиятларга эришиш мумкин ва бунинг исботи сифатида «Лик» театри раҳбари Лилия Севастьяновани мисол қилиб келтирди.

«Ушбу театр Ўзбекистондаги ногирон ва ногирон бўлмаган кишилар қалбига нур, ҳаёт ва ҳаракат олиб кирди, — деди у. — „Лик“ театри 2003 йилдан бери замонавий рақснинг латиф ва лирик спектаклларини яратиш учун ногирон ёшларни ногирон бўлмаган профессионал тенгдошлари билан бирлаштирди».

Ногиронлар ҳуқуқлари учун курашчиларнинг асосий ютуқларидан бири ушбу масала муҳокамасининг глобал миқёсга чиққанидир, деди элчи хоним. Бугунги кунда БМТнинг «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенциясини 157 та мамлакат ратификация қилди.

Памела Спратлен Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 10 августда қабул қилинган «Кексалар ва ногиронларни манзилли ижтимоий ҳимоя ва қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинишини қутлаб, «Ўзбекистонда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ушбу йўналишда доимий иш олиб бораётгани ҳамда ногирон кишилар ҳуқуқ ва эҳтиёжларини ҳимоя қилиш борасида саъй-ҳаракатлар аялмаётганидан мамнунман», — деди элчи хоним.