Ўзбекистон темирйўлчилари «Мароқанд-Қарши» участкасида темир йўл қурилиши ва уни электрлаштириш ишларини тугаллади. 22 август куни Afrosiyob тезюрар поезди «Тошкент-Самарқанд-Қарши» йўналиши бўйича биринчи рейсни амалга оширди, деб хабар қилди «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясининг матбуот хизмати.

2012 йилда мамлакат Президенти имзолаган қарорга кўра, «Мароқанд-Қарши» участкасини электрлаштиришга 235 млн АҚШ доллари, жумладан, темир йўл компаниясининг 111 млн долларлик маблағлари ва Осиё тараққиёт банкининг 100 млн долларлик кредити (қолган пул миқдори давлат бюджетидан) ажратилган эди. «Мароқанд-Қарши» ва «Қарши-Термиз» темир йўл участкаларини электрлаштиришга «Ўзбекистон темир йўллари» мутахассислари 2012 йил кўкламидан киришган эди.

Илгари йўловчи ташувчи поездлар «Тошкент-Қарши» йўналиши бўйича 511 километрлик йўлни олти соатда босиб ўтар эди. Afrosiyob поездларида йўлга кетадиган вақт сарфи уч соатга қадар қисқарди. «Мароқанд-Қарши» участкасида поездлар 160 км/с тезлик билан ҳаракатланади.

Ушбу темир йўл участкасининг электрлаштирилиши қатнов вақти қисқариши ва поездларни ишлатиш харажатлари камайиши ҳисобига юк ташиш борасидаги иқтисодий кўрсаткичларни яхшилаш имконини беради. Хитойдан олиб келинаётган замонавий поездлар икки шаҳар ўртасида йўловчилар ва юкни тўрт соат ичида ташиб беради.

«Мароқанд-Қарши» йўналиши бўйича поездлар қатнови хавфсизлигини таъминлаш учун темир йўлнинг иккала ёнига темир тўсиқлар ўрнатилди.