22-23 август кунлари Ўзбекистонда умумхалқ хайрия ҳашари бўлиб ўтади, деб ёзади «Народное слово» газетаси.

Республика «Маҳалла» хайрия жамғармаси бошқаруви раиси ўринбосари Дилшод Усмоновнинг газетага хабар қилишича, «кўҳна анъаналарга амал қилган миллионлаб ҳамюртларимиз умумхалқ хайрия ҳашарида жон-жон деб иштирок этади».

Тадбир вақтида кўчалар, кўп қаватли уйлар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, муқаддас қадамжолар, болалар майдончалари, йўллар, йўлкалар ва ариқларни тозалаш ва ободонлаштириш режалаштирилмоқда. 

«Барча маҳаллалар ва тураржой массивларида гул, мевали ва манзарали дарахтлар экиш, бўш жойларни кўкаламлаштириш, дарахт шохларини кесиш ва оқлаш мўлжалланмоқда», — деди жамғарма раҳбарияти вакили.

Ҳашардан тушган маблағлар ободонлаштириш, маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, эҳтиёжмандларга моддий ёрдам беришга сарфланади.

Ўтган йили ўтказилган худди шундай ҳашарда, расмий маълумотларга кўра, 17 миллиондан ошиқ киши иштирок этган эди.