18 август куни Молия вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистондаги ОТМда пуллик-шартнома асосида ўқишнинг янги йиллик баҳосини тасдиқлади. 1 сентябрдан кучга кирадиган шартномаларнинг янги баҳоси (PDF) олдингиларидан қарийб 15 фоиз қиммат.

«Ўқитувчилар тайёрлаш ва педагогик фанлар, жумладан, касбий таълим», «Гуманитар фанлар», «Табиий фанлар», «Математика ва статистика, амалий математика ва информатика», «Ижтимоий ва ахлоқий фанлар», «Муҳандислик ва муҳандислик иши, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш тармоқлари», «Қишлоқ ва сув хўжалиги», «Ижтимоий таъминот», «Спорт фаолияти» (хизмат кўрсатиш соҳасида) ва «Атроф муҳит муҳофазаси, инсон фаолияти хавфсизлиги» йўналишлари бўйича бакалаврларнинг кундузги таълим шартномаси 5,05 млн сўмдан 5,8 млн сўмгача қимматлашади.

«Шарқ филологияси, туркий тиллар филологияси, роман-герман филологияси», «Журналистика ва ахборот», «Ахборот технологиялари ва ахборот хавфсизлиги», «Қурилиш», «Хизмат кўрсатиш» ва «Транспорт» йўналишлари бўйича ўқиш қиймати 5,5 млн сўмдан 6,3 миллион сўмгача кўтарилади.

«Санъатшунослик» ва «Архитектура» йўналишлари бўйича ўқиш шартномасига 5,95 млн сўм ўрнига 6,85 млн сўм; «Иқтисодиёт ва бизнес» ва «Соғлиқни сақлаш» бўйича 6,65 млн сўм ўрнига 7,65 млн сўм; «Халқаро муносабатлар» ва «Ҳуқуқ» бўйича 7,45 млн сўм ўрнига 8,55 млн сўм тўланадиган бўлди.

«Санъатшунослик» йўналиши бўйича сиртдан ўқиш 2,7 млн сўм (2,35 млн сўм эди), «Муҳандислик иши, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш тармоқлари» — 1,94 млн сўм (1,69 млн сўм эди), «Ахборот технологиялари ва ахборот хавфсизлиги» — 2,3 млн сўм (2,10 сўм эди) этиб белгиланди.

Магистратурадаги ўқиш, шунингдек, иккинчи мутахассислик олишнинг энг арзон шартномаси 5,48 млн сўмдан 6,29 млн сўмгача, энг қиммати эса 8,19 млн сўмдан 9,4 млн сўмгача қимматлашди.

Эслатиб ўтамиз, мамлакат ОТМга бакалаврларни қабул қилиш квотаси 57907 киши (жумладан, 37487 киши тўлов-шартнома асосида), магистрларники эса 5000 (3453) кишидир.