Ўзбекистон ички ишлар идоралари тизими Мустақиллик байрами арафасида мамлакатда осойишталик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича бир қанча тадбирлар ўтказмоқда. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг Йўл-патруль хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи, полковник Қобилжон Нақибов ЎзАга берган интервьюсида маълум қилди.

«Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилаётир», — деди у.

«Юртимизнинг ҳар бир гўшаси, айниқса, байрам тадбирлари ўтказиладиган жойлар соҳа ходимларининг алоҳида эътиборида. Нохуш ҳолатларнинг юзага келишига йўл қўймаслик, хавфсизликни таъминлаш юзасидан махсус рейдлар ўтказилаётир», — дея таъкидлади Қобилхон Нақибов.

Унинг сўзларига кўра, байрам олдидан барча туман, шаҳар, маҳалла ва овулларда ички ишлар органлари ходимлари ва маҳалла посбонларидан иборат гуруҳлар ташкил этилди. Улар зиммасига «аҳоли тинчлигини сақлашга оид зарур чораларни кўриш билан бирга жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жиноят содир этишга мойил шахсларни аниқлаш ва уларга жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда профилактик таъсир кўрсатишга оид вазифалар» юкланган. Шу билан бирга, улар маҳалла, корхона ва ташкилотларда учрашувлар ўтказмоқда. 

Профилактика инспекторлари «маҳалла фаоллари билан яқин ҳамкорликда фуқароларнинг муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш, вояга етмаганлар, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка, спортга кенг жалб этиш ишларини изчил йўлга қўймоқда. Бу маҳаллалар муҳитининг тобора соғломлашишига хизмат қилаётир», деди бош бошқарма бошлиғи. 

Ёнғин хавфсизлиги хизмати. аҳоли пунктлари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида ёнғин хавфсизлиги тадбирларини янада кучайтирди ва «аҳоли ўртасида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш юзасидан тушунтириш ишларини олиб бормоқда». Бир миллиондан ошиқ тураржойнинг ёнғин хавфсизлиги ҳолати ўрганиб чиқилди.

«Йўл-патруль хизмати масканларида автотранспорт воситалари қатъий текширувдан ўтказилаётир. Аҳоли хавфсизлиги таъминлаш учун барча жамоат транспортлари техник кўрикдан ўтказилди. Байрам тадбирлари ўтказиладиган майдонлар атрофидаги йўллар ва йўл белгилари кўздан кечирилиб, камчиликлар бартараф этилди», — дея таъкидлади Қобилжон Нақибов.