Вазирлар Маҳкамаси 10 август куни «Кексалар ва ногиронларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарор қабул қилди. У йил бошида Президент тасдиқлаган «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди. Меҳнат ва аҳолини ижтимой муҳофаза қилиш вазири Азиз Абдуҳакимов ўз интервьюсида янги қарор қабул қилиниши билан ёлғиз кексалар ва ногиронлар ҳаётида қандай ўзгаришлар рўй бериши хусусида сўз юритди.

 — Ҳукумат қарори қабул қилиниши билан ижтимоий хизматлар ва ёрдам бериш жараёнига қандай янгиликлар киритилади?

 — Янгиликлар кўп, улар ҳақида www.mehnat.uz сайтимиздан батафсил маълумот олиш мумкин, мен фақат иккита мисол келтирмоқчиман.

Ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги янгилик четдан парваришлаш пайтида эҳтиёжларни баҳолашнинг Бартель ва Лаутон шкаласига асосланган замонавий усулларини жорий қилишдир. Ҳозирги кунда парваришловчи ижтимоий соҳа ходимлари барча четдан парваришга муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронларнинг уйига (айни пайтда бундай кишилар сони 17 мингдан кўпроқ) ногиронлиги, касаллиги ва эҳтиёжларини ҳисобга олмай туриб, ҳафтасига икки марта келиб кетади. Январдан бошлаб, парвариш қилувчи ходимларнинг миқдори ва келиб-кетиш вақти давомийлиги Бартель ва Лаутон шкаласидан келиб чиқиб белгиланади ҳамда айрим эҳтиёжмандлардан ҳафтасига етти кун хабар олиб турилади. Айни чоқда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш ва ижтимоий ҳимоя марказлари фаолиятига илғор технологиялар жорий этилаётгани сабабли парвариш билан банд ижтимоий соҳа ходимлари сони унчалик ошиб кетмайди.

Ижтимоий ёрдам соҳасида ҳар ойда ёлғиз кексалар ва ногиронларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена товарлари номининг 9 тадан 15 тагача кўпайтирилиши, шунингдек, ёрдам олувчига жами маҳсулотларнинг умумий нархидан ошиб кетмаган ҳолда маҳсулот ва товарлар тури ва миқдорини танлаш ҳуқуқини беришдир. Масалан, кекса киши бериладиган барча товарлар баҳоси миқдорида фақат ўзига керак бўлган ёрма ва шакар олиши мумкин.

Булар — «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури доирасида кекса авлод вакилларини ижтимоий ҳимоялаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар орасидаги энг кўзга кўринарли янгиликлар, холос.

 — Қарор қабул қилиниши муносабати билан давлат бюджети ҳисобидан ижтимоий ҳимоя ва ёрдам олиш ҳуқуқига эга кишилар рўйхати кенгаядими?

 — Четдан парваришга муҳтож ёлғиз кексалар ва ногирон кишилар кенг қамровли рўйхатдаги ижтимоий хизматлар ва ёрдамни олиш ҳуқуқига эга шахслар ҳисобланади. Уларга ҳар ойда озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур товарлар тўплами етказилади, доимий тарзда — ҳафтасига бир марта — уйлари супуриб-сидирилиб, овқати пишириб берилади, бошқа ижтимоий-маиший хизматлар кўрсатилади, ҳар йили бир марта давлат ҳисобидан санаторийларда саломатлиги мустаҳкамланади, дори воситалари уларга бепул тарқатилади ва бошқа кўп ишлар қилинади. Қарор қабул қилинишидан олдин яқин қариндоши ва васийлари бўлмаган пенсионерлар (ёши ва ногиронлигига кўра пенсия олувчилар) ёлғиз кишилар деб қаралар эди. Энди эса кексалар, пенсия белгилаш учун иш стажига эга бўлмаган I ва II гуруҳ ногиронлари ҳам ёлғиз ҳамда ўша ёрдам ва хизматларни олишга ҳуқуқи бор деб ҳисобланади. Бундан ташқари, қариндошлари вояга етмаган ёки четдан парваришга муҳтож бўлган I ва II гуруҳ ногиронлари ёки кекса кишилар бўлганлар ҳам четдан парваришга муҳтож кексалар ва ногиронлар тоифасига мансуб бўлади.

Ҳозирги пайтда юқорида зикр этилган ижтимоий ёрдам оладиган ёлғиз пенсионерлар сони, тахминан, 5500 кишидир. 2016 йил январидан бошлаб, янги тартиб кучга киргач, ушбу имтиёзлардан фойдаланувчи кишилар сони 7000 дан ошади.

 — Ушбу ижтимоий ҳимоя чораларига муҳтож ва бунга ҳақи бўлган кишиларнинг ҳаммаси ёрдам олади, деб айтсак бўладими? Ушбу янгиликларни жорий қилишга сансалорлик, идоралараро мувофиқлаштирувнинг йўқлиги ёки профессионализмнинг етишмаслиги сингари иллатлар халақит бермайдими?

 — Қарор бўйича жорий қилинаётган тартибга кўра, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш ва ижтимоий ҳимоя марказлари ҳамда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш идоралари масъул ходимлари ёрдамга муҳтож кексалар ва ногиронларни аҳолини хабардор қилиш ва уйма-уй кириб чиқиш йўли билан аниқлаш, бундай ҳуқуққа эга бўлган ҳар бир эҳтиёжманд кишини ижтимоий ҳимоянинг барча турлари билан таъминлаш учун жавобгар бўлади. Мен бу ўринда фақат Меҳнат ва аҳолини ижтимой муҳофаза қилиш вазирлиги эмас, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Пенсия жамғармаси ва бошқа идоралар кўрсатадиган хизматлар ва ёрдамни ҳам назарда тутяпман. Январдан бошлаб кексалар ва ногиронларга кўрсатилаётган давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдами турлари ҳақидаги барча маълумотларни масъул вазирлик ва идоралар Ягонаинтерактивдавлатхизматлари порталига жойлаштиради. Ўшанда Давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини олаётган кексалар ва ногиронларнинг ягона регистри ишга тушади ва унда ҳар бир ёрдам олувчи ҳақидаги маълумот жойлаштирилади ҳамда масъул идораларнинг хизматлар ва ёрдам бериш қанчалик асосланганини кузатиб боришига имкон туғилади. Бу барча эҳтиёжманд кексалар ва ногиронлар ўртасида давлатнинг ижтимоий ҳимоя чораларини тўлиқ, адолатли ва тенг миқдорда тақсимлашни таъминлаб беради.

 — Азиз Абдуқаҳҳорович, нега янги тартиб ҳозир эмас, келаси йилнинг январь ойидан кучга киради?

 — Қарор асосида ижтимоий соҳанинг Ўзбекистон учун инновацион технологиялари жорий этилмоқда. Қарорни амалга ошириш расмиятчилик бўлиб қолмаслиги, хизматлар ва ёрдам етарли даражада сифатли бўлишини таъминлаш учун Меҳнат ва аҳолини ижтимой муҳофаза қилиш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан бирга қарорни амалга ошириш учун жавобгар ходимларни ўқитиш борасида жиддий ва кенг миқёсли иш олиб бормоқда. Услубий қўлланма ва кўрсатмалар тайёрланмоқда, иш жараёнлари ва интерактив хизматларни автоматлаштириш учун таъминот дастури ишлаб чиқилмоқда.

 — Яқин ойларда ушбу соҳада яна қандай янгиликлар бўлишини кутиш мумкин?

 — Вазирлик кексалар ва ногиронларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш стандартларини ишлаб чиқиш бўйича ишни бошлаб юборди. Стандартларда кўрсатилаётган хизматлар ва ёрдам сифатига нисбатан талаблар, жумладан, дўстона муносабат, хизмат кўрсатувчи ходимларга ҳурмат, бир-бирига ишониш, ходимларни ишга олиш ва уларни бошқариш ҳамда бошқа нарсалар акс этади. Ушбу интервью доирасида на қарор орқали жорий қилинган янгиликлар, на вазирликнинг келгуси режаларини тўлиқ қамраб олиш имкони бор. Жамоатчиликни рўй бераётган нарсалар ҳақида вебсайтимиз ва вазирлигимизнинг Facebookдаги саҳифаси орқали хабардор қилиб боришга интиляпмиз. Бизга вазирликнинг қўнғироқларни қабул қилиш марказининг кечаю кундуз ишлайдиган 200-0-600 телефон рақами орқали мурожаат қилиш мумкин.