Жорий йилнинг 10 августидан бошлаб мамлакатимизда автотраспорт воситаларининг атроф муҳитга ножўя таъсирини икамайтиришга қаратилган «Тоза ҳаво» амалиётининг иккинчи босқичи бошланди. Илк босқич 10 апрелдан 10 майгача ўтказилган эди. Тошкент шаҳридаги автомбиль ҳайдовчилари 10 сентябрдан 10 октябргача текширувдан ўтади, деб хабар қилади Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг (ТМҚДҚ) ахборот хизмати.

Қўмита ушбу амалиётни Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат санитария ва эпидемиология назорати маркази билан ҳамкорликда амалга оширмоқда.

Газлар ҳолатини таҳлил қилувчи асбоблар ёрдамида автотранспорт воситалари қанча заҳар ва тутун чиқараётгани текшириб кўрилади. Ўлчов натижалари қайдномага киритилади, заҳар ва тутун миқдори белгилаб қўйилган меъёрлардан ошиб кетган тақдирда автотранспорт воситалари эгаларига нисбатан маъмурий чора кўрилади ҳамда камчиликларни тузатиш учун тегишли кўрсатмалар берилади.

ТМҚДҚ ахборот хизматининг қайд этишича, автотранспорт корхоналари, техник хизмат кўрсатиш станциялари ва автомобилларни таъмирлаш корхоналарини текширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Қайд этиш жоиз, «Тоза ҳаво» амалиётининг биринчи босқичида 120 мингга яқин автотранспорт воситаси, 37 та автотранспорт корхонаси, 16 та АЁҚШ ва 4 та техник хизмат кўрсатиш станцияси текширилган эди.