2016-2022 йилларда Тошкент шаҳрида кўп квартирали уйлардаги 1000 дона лифтни шаҳар ҳокимлиги бюджети маблағлари ҳисобидан алмаштириш режалаштирилмоқда ва бу республика ҳукуматининг 10 августдаги қарори билан тасдиқланди. Дастурнинг мақсади аҳоли яшаши учун қулай ва хавфсиз шароит яратиш, шунингдек, аварияли ҳолатларнинг олдини олишдир.

Битта лифт жиҳозларининг баҳоси 85,769 млн сўм деган ҳисоб-китоб асосида лойиҳанинг дастлабки умумий баҳоси 85,769 млрд сўм қилиб белгиланди. Пировард харажат миқдори кейинчалик аниқланади. Ҳужжатда лифтларни қайси компания етказиб бериши ҳақида маълумот йўқ.

Дастурга кўра, Мирзо Улуғбек туманида 136 та, Бектемирда 18 та, Мирободда 83 та, Олмазорда 62 та, Сергелида 130 та, Учтепада 40 та, Чилонзорда 131 та, Шайхонтоҳурда 114 та, Юнусободда 121 та, Яккасаройда 58 та ва Яшнобод туманида 107 та лифт алмаштирилади.

Лифтларни алмаштиришнинг туманлар кесимидаги манзилли дастури, шунингдек, лойиҳа ва смета ҳужжатлари шаҳар ҳокимлиги тураржойларни хатловдан ўтказгандан сўнг тасдиқланади. Ҳокимлик лифтларни алмаштиришни назорат қилиб боради ва ҳар чорак якунида Вазирлар Маҳкамасига дастур қандай амалга оширилаётгани тўғрисида ҳисобот бериб боради.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, мамлакатимизда 2010-2014 йилларда кўпқаватли уйлардаги лифтларни янгилаш ва таъмирлаш бўйича дастур амалга оширилган эди. Унда Тошкент шаҳрида 1753 та, Қорақалпоғистонда 210 та ва Самарқанд вилоятида 123 та лифтни янгилаш, жумладан, 865 та лифтни тўлиқ алмаштириш, 616 тасини тиклаш ва 482 тасини капитал таъмирлаш режалаштирилган эди.