2016 йилнинг 1 январидан бошлаб, доимий парваришга муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронларга ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам алоҳида ижтимоий хизмат дастурлари асосида кўрсатилади.

Бу Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 10 августда қабул қилинган «Кексалар ва ногиронларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган. Ушбу ҳужжат Президент жорий йилнинг февраль ойида қабул қилган «Қарияларни қадрлаш йили» давлат дастуридан келиб чиқиб қабул қилинди.

Ҳукумат қарори билан «Кексалар ва ногиронларга ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастурини шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом» тасдиқланди.

Алоҳида дастурлар ҳар бир шахснинг ҳаётий шароитини баҳолаш асосида тузилади ва ижтимоий хизмат ва ижтимоий ҳамроҳлик хизматлари турлари, улар ҳажми, даврийлиги, шарти ва муддатлари, шунингдек, масъул кишиларни ўз ичига олади.

«Ижтимоий хизматлар — кексалар ва ногиронлар ҳаёти сифатини оширишга, уларга жамият ҳаётида қатнашиш учун бошқа фуқароларга тенг бўлган имкониятлар яратишга ва (ёки) ўзининг базавий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар ва хатти-ҳаракатлар комплекси» (Низомда келтирилган таъриф).

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза вазирлиги зиммасига жорий йилнинг охирига қадар ижтимоий хизматлар стандартларини тасдиқлаш ҳамда ижтимоий хизмат ва ижтимоий ёрдам оладиганкексалар ва ногиронларнинг ягона регистрини яратиш вазифаси юклатилди.

Мамлакатнинг барча олий таълис муассасаларида (ОТМ) «Ижтимоий ишлар (кексалар ва ногиронлар билан» йўналиши бўйича мутахассислар тайёрлаш режалаштирилмоқда.

Қарорга кўра, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб ўзгалар парваришига муҳтож бўлган кексалар ва ногиронларни бепул таъминлаш учун асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена товарларининг янги рўйхати жорий қилинади. Рўйхатга 15 та номдаги маҳсулот ва товарлар, жумладан, 3 кг ун (о/н), 1 кг гуруч, 500 граммдан гречка ёрмаси ва макарон маҳсулотлари, 1 килограммдан суяксиз мол ва хонаки парранда гўшти, 200 гр сариёғ, 15 дона тухум, 1 кг шакар, 1 литр кунгабоқар ёғи киритилди. Рўйхатдаги товарларнинг умумий нархи доирасида бошқа тур ва миқдордаги маҳсулотларни ҳам танлаш мумкин.