9 август куни «Жиззах» махсус саноат зонасида электр қувватини тежовчи ёруғлик диодли ёритиш жиҳозларини ишлаб чиқарадиган Yorqin chiroqlar қўшма корхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

«Ўзбекэнерго» компаниясининг хабар қилишича, унинг таркибига кирувчи «Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» (ҲЭТК) АЖ ва Жанубий Кореянинг OWELL компанияси ушбу корхонага муассис бўлди.

Лойиҳанинг умумий баҳоси 2,5 млн АҚШ долларига тенг. Қўшма корхона йилига 2,5 миллион дона, жумладан, қуввати 100 ваттлик 120 минг, 32 ваттлик 500 минг ва 7 ваттлик 1,88 миллион дона ёруғлиқ диодли чироқ ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. 

Корхона 2014 йил 17 июнь куни Корея Республикаси Президенти Пак Кин Ҳенинг Ўзбекистонга давлат сафари чоғида «Ўзбекэнерго» ва OWELL компаниялари ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумига кўра ташкил қилинди.

ЎзАнинг хабарига кўра, жорий йилнинг учинчи чорагида Yorqin chiroqlar 21 минг донадан ошиқ ёруғлик диодли чироқ ишлаб чиқармоқчи.

Жиззах ҲЭТК директори ўринбосари Хайрулла Отабоевнинг мазкур ахборот агентлигига маълум қилишича, бугун Ўзбекистонда 60 ваттлик кучланишга эга бўлган 43 миллион донага яқин оддий чўғланма чироқ ишлатилади ва улар 6,5 миллиард кВт/с электр қувватини сарфлайди.

Ушбу миқдордаги чироқларни ёруғлик диодлиларига алмаштириш электр қуввати сарфини 5 миллиард кВт/с гача камайтиради ва бу мазкур қувватни ишлаб чиқаришга сарфланаётган 1,6 миллиард м3 табиий газ ёки 5 миллион тонна кўмирни тежаш имконини беради.