«Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясининг «парвоз олдидан йўловчиларнинг вазнини ўлчаш» тўғрисида яқинда тарқатган хабари ўқувчиларнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлди. Авиакомпания бош директори Валерий Тян жума куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу ўринда нима назарда тутилганига изоҳ бериб ўтди.

«Сиз билан А нуқтадан Б нуқтага учаяпмиз, деб фараз қилайлик. Мен учувчи сифатида самолёт ердан кўтарилаётган пайтда тегишли тезликка эришишим учун оддий маълумотларни киритишим керак: самолётнинг ёнилғи билан бирга оғирлиги қанча, яна қанча тижорат юкламаси бор, дегандай… Биз бу ўринда самолётларнинг хавфсизлиги ва уларни ишончли ишлатишни назарда тутяпмиз», — деди компания раҳбари.

«Рўйхатдан ўтиш вақтида сиздан лентани босиш илтимос қилинади. Буни тортиб кўриш ҳам деб бўлмайди… Вазнингиз ўлчанаётганини сезмайсиз ҳам», — деди Валерий Тян. Бу йўловчиларга ҳеч қандай зарар ёки ноқулайлик туғдирмайди. «Лекин биз учун муҳим аҳамиятга эга».

Бош директорнинг фикрича, вақти-вақти билан барча авиакомпаниялар шундай йўл тутади. Мақсад қўшимча тўлов олиш эмас, балки йўловчиларнинг ўртача вазнини (фақат йўловчиларнинг бир қисми тортиб кўрилади) аниқлаш билан ҳаво кемаларининг тижорат юкламаси миқдорини аниқлашдир.