«Ўзнефтмаҳсулот» компанияси пайшанба куни ўз сайтида эълон қилинган хабарда Тошкент шаҳри ва бошқа ҳудудлардаги автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида (АЁҚШ) вужудга келган навбат кутиб қолишлар бўйича хавотирга тушмасликка чақирди.

Компания ходимларининг уқтиришича, бундай вазият «Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик компаниясига боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра вужудга келди.

Хабарда автомобиль ёнилғисининг нархи яқин кунларда ошиши мумкинлиги тўғрисидаги узунқулоқ гаплар рад этилади.

«Яқин кунлар ичида бензиннинг нархи ошиши кутилаётгани йўқ», — деб баёнот берди компания.

Хабарда мустақиллик байрами арафасида бензин таъминоти чекланиши ҳақидаги миш-мишлар ҳам рад этилади. «Байрам арафасида ва ундан кейин ҳам бензин АЁҚШларга фақат режалаштирилган миқдорда эмас, ундан кўпроқ ҳам етказиб бериб турилади», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, компания миш-мишларга ишониб, бензинни ошиқча сотиб олиб, уй ёки гаражида сақлаётган ҳайдовчиларни АЁҚШларда навбатлар пайдо бўлиши сабабларидан бири қилиб кўрсатди ҳамда вазиятни изга солиш учун барча чораларни кўраётганини маълум қилди.