Ўзбекистон Республкаси Президенти Ислом Каримовнинг «Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш — энг олий саодатдир» китоби босмадан чиқди.

Китобга 2015 йил март ойида бўлиб ўтган президент сайлови арафасидаги барча нутқ ва маърузалар жамланди, деб хабар беради Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги.

29 март куни бўлиб ўтган сайлов арафасидаги икки-уч ой мобайнида давлат раҳбари 20 дан ошиқ учрашув ва анжуманлар ўтказиб, уларда нутқ сўзлади ва маърузалар қилди.

Нутқларда мамлакат мустақиллик йилларида босиб ўтган йўл чуқур таҳлил қилинади, шунингдек, яқин йиллар ичида Ўзбекистон олдига қўйилган стратегик ва тактик вазифалар ҳам батафсил асослаб берилади.