Фото: Уруш йилларида болаларнинг Ўзбекистонга эвакуация қилиниши
Фото: Шон-Шараф музейи
Фото: Шоахмад ва Бахри Шомахмудовлар оиласи болалар билан. 1944 йил, Тошкент
Иккинчи жаҳон уруши вақтида Ўзбекистонга 1,5 миллиондан ортиқ киши эвакуация қилинди. Улардан 250 минг нафари болалар эди.

Эвакуациянинг биринчи кунларида 239 нафар болалар уйи тарбияланувчилари Фарғона шаҳрига, 280 нафари Андижон вилоятига, 80 нафари Тошкент шаҳрига, 408 нафари Бухоро ва Самарқанд вилоятларига юборилди.

Тошкентдаги Шон-Шараф музейининг Иккинчи жаҳон уруши бўлими ва Ўзбекистон кинофотофоноҳужжатлар Миллий архиви «Газета.uz» сўровига биноан уруш йилларида болаларнинг эвакуацияси акс этган фотосуратларни тақдим этишди.

Суратлар ҳақидаги қўшимча маълумотни ўқиш учун устига босинг.

Киев шаҳрида уруш туфайли ота-онасиз бошпанасиз қолиб, эвакуация қилинган болалар

Тошкент шаҳридаги болалар уйларининг бирида. 1943 йил

Эвакуация қилинган болалар нафақат болалар уйларига юборилди, балки ўзбек оилалари томонидан ҳам тарбияга олинди. Масалан, республика раҳбари Усмон Юсупов ўз оиласига уч нафар болани қабул қилган.

Ўнлаб болаларни ўз тарбиясига олган оилалар ҳам бўлди. Каттақўрғонлик Ҳамид Самадовнинг оиласи 10 дан ортиқ болани ўз тарбиясига олди. Фотима Қосимова 10 нафар, Жўраевлар ва Ашурхўжаевлар оилалари 8 нафардан болани ўз қарамоғига олишди.

Ўзбекистон ССР коммунистик партиясининг биринчи котиби Усмон Юсупов ўз оиласи билан

реклама
реклама
1943 йилнинг охирига келиб шаҳарларда 4672 нафар, қишлоқларда эса 870 нафар эвакуация қилинган болалар оилалар томонидан тарбияга олинган эди. Ўша вақтда 53 мингдан ортиқ болалар боғчаларининг тарбияланувчиларидан 15108 нафари эвакуация қилинган болалар эди.

Тошкентлик темирчи Шоахмад Шомахмудов хотини Бахри Акрамова билан 14 нафар турли миллатга мансуб болаларни ўз тарбиясига олди. Уларнинг ўз фарзанди йўқ эди. Улар тарбияга олган болалар орасида рус, татар, украин, беларус, қозоқ, ўзбек, чуваш ва молдован миллатларига мансуб болалар бор эди.

Шоахмад Шомахмудов эвакуация қилинган болалар орасидан тарбияга олинган уч нафар янги оила аъзоси билан

1942 йил, Тошкент

Шоахмад ва Бахри Шомахмудовлар оиласи болалар билан. 1944 йил, Тошкент

Шоахмад ва Бахри Шомахмудовлар оиласи болалар билан

Урушдан сўнг тўрт нафар болаларни қариндошлари топиб, ўз уйларига қайтаришди. Шу оилада тарбияланганларнинг яна икки нафари (Муаззам ва Михаил) бир-бирини севиб қолишади ва турмуш қуришади.

Болалардан бири Федор Кульчиковский (Шомахмудовлар оиласида унга «Йўлдош» деб исм берилган) 45 йиллик айрилиқдан сўнг Украинада ўз бувиси билан кўришади. Ўшанда Дарья Кульчановская 104 ёшда эди.
Ўзбекистонга нафақат болалар, балки болалар уйлари ҳам эвакуация қилинди. 1941-1942-йиллар давомида Ўзбекистонга фронтга яқин ҳудудлардан 78 та болалар уйи эвакуация қилинди. Уларнинг 5 таси Тошкент шаҳрига, 4 таси Самарқанд вилоятига, 9 таси Наманган вилоятига, 13 таси Андижон вилоятига, 10 таси Фарғона шаҳрига, 9 таси Бухоро вилоятига жойлаштирилди.

28 та болалар уйи эса тарқатилиб, улардаги болалар республикадаги мавжуд болалар уйларига, интернатларга ва бошқа болалар муассасаларига, қолганлари эса жамоа ва шахсий тарбияга берилди.

Уруш арафасида республикада 106 та болалар уйида 12 минг бола тарбияланаётган бўлса, 1945 йилга келиб, уларнинг сони 263 та болалар уйида 31300 болага етди.

ЎзССР болалар уйларининг биридаги тарбияланувчилар

реклама
реклама
Фотосуратлар Шон-Шараф музейи ва Ўзбекистон кинофотофоноҳужжатлар Миллий архивига тегишли.
«Газета.uz» таҳририяти суратларни эълон қилиш ҳуқуқини олган.
www.gazeta.uz сайтида эълон қилинган, «Газета.uz» ва бошқа учинчи томонларга тегишли график ва бошқа материаллардан фойдаланиш тақиқланади.

Materialga izohlar

Izohni jo‘natish Chiqib ketish Bekor qilish Muallif: 6000 ta belgi qoldi.
"Gazeta.uz"da ro‘yxatdan o‘tish

Qo‘shimcha imkoniyatlarga ega bulish uchun saytda ro‘yxatdan o‘ting