Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Трамвай қўриқчилари
Бундан роппа-роса беш йил олдин тошкентликлар трамвайдан – шаҳарнинг 115 йиллик тарихининг бир қисмидан маҳрум бўлишди. Трамвайни Самарқандга кўчиришди, аммо унинг қўриқчилари пойтахтда қолишди. Абдимурат Шатурсунов ҳаётининг 30 йилини енгил темир йўл транспортига бағишлади. У вагонда рафиқасини учратди, фарзандининг дунёга келишини нишонлади ва трамвайнинг ғилдираклари овози остида нафақага чиқишни хоҳларди. Аммо ғилдираклар вақтлироқ тўхташди. Шатурсунов Тошкент трамвайини қай ҳолатида эслайди ва нима учун ҳали-ҳануз жамоат транспортига хизмат кўрсатишда давом этяпти – Сабина Бакаева репортажида.
Уй-музейи
Шатурсуновлар оиласи хонадонининг деворларига тақвим ва трамвайларнинг фотосуратлари туширилган плакатлар ёпиштирилган. Уларда Абдимурат Шатурсунов ўзи бошқараётган вагонларнинг ҳайдовчилар кабинасида ўтирибди ва унинг рафиқаси Зухра эса бармоғига ўралган йўл чипталари билан салоннинг марказида туради. Илгари плакатлар Абдимуратнинг трамвайларига осиб қўйилган бўлса, энди улар “гилам ўрнига” уйнинг деворларини безатиб турибди.

Шатурсуновларга тақвимларни ҳар йили уларнинг оилавий дўсти ва трамвайнинг ашаддий мухлиси Сергей Кивенко тақдим қилади. Улар бир пайтлар Тошкентда бўлган темир йўл транспорти туфайли танишишган.
Абдимурат Шатурсунов илк бор 1986 йилда трамвай билан танишган. Ҳарбий хизматдан кейин у бир ой милиция сафларида амалиёт ўтади, аммо, унинг сўзларига кўра, унга у ер ёқмади. Трамвай вагонида у ҳайдовчиларни ишга олиш ҳақидаги эълонни кўриб, беш ойлик ҳайдовчилик курсини ўтди. Бир ойлик амалиётдан сўнг эса 21-йўналиш бўйича тайинланган 3166-сонли ўзининг илк вагонини олади.

“Олти ой ўтгач, мени қўш трамвайга ўтказишди”, деб эслайди у. – Қонунга кўра, ҳайдовчилар уч йиллик тажрибадан сўнггина иккита вагонни бошқариш ҳуқуқига эга бўлишган бўлса ҳам. Парк директорининг ўринбосари бир ойдан кейин қўш вагонлар ҳайдашни бошлашимни айтганда, мен унга бу ҳақда эслатдим. У эса: “Сенга иш стажи керак эмас”, деб жавоб берди.
Ёш Абдимурат Шатурсунов трамвай вагонида
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Трамвай ҳайдовчилари маҳоратлари ва ишда ўзларини кўрсатганлари учун малака тоифаларига эга бўлишарди. Шатурсуновнинг ўзи 3-тоифага ва ишга мустақил чиқиш ҳуқуқига эга бўлди. Унга қўш трамвай ишониб топширилгач, у 2-тоифага кўтарилди.

“1-тоифани мен яхши ишлаганим учун олдим. Кечикмаганим, йўл транспорт ҳодисаларига тушмаганим, доимо формада бўлганим учун”, – дейди у.
реклама
реклама
Форма бугунгача Шатурсуновлар уйида сақланиб келинмоқда. Зухра Шатурсунованинг таъкидлашича, дам олиш кунлари эри доимо оқ пагонли оқ кўйлакда ва бўйинбоғда юрар эди.
“ДАН ходимлари менга честь беришарди, чунки погонларимда битта юлдуз бор эди”, дея табассум қилади Абдимурат Шатурсунов ва у майор деб ҳисобланганини қўшимча қилади.
Рельслардаги тақдир
1995 йилда Зухра Чимкентдан Тошкентга келади. Унинг акаси Абдимурат Шатурсуновнинг сменасида кондуктор бўлиб ишларди ва синглисига котиба бўлиб ишга киришига ёрдам беришни хоҳларди. Аммо бир куни улар зич трамвайга чиқишди. Вагонни Абдимурат бошқарарди. У аёлни салонда сиқилиб қолмаслиги учун ҳайдовчининг кабинасига киргизди. Уларнинг суҳбати қизиди ва улар кунора шу йўналишда учрашишни бошлашди ва олти ойдан кейин улар турмуш қуришди.

Тўйдан бир ой ўтгач, янги келин-куёвлар биргаликда ишлашни бошлашди. Куёв трамвай бошқарарди, келин эса йўловчиларга чипта тарқатарди.

“Биз эрталаб соат 4 да турардик, 5 да иш жойимизда бўлардик. Биринчи бўлиб йўлга чиқардик, энг сўнгги бўлиб уйга қайтардик”, – деб эслайди Зухра Шатурсунова.

Унинг турмуш ўртоғи биринчи рейс эрталаб соат 4:37да бошланган вақтлар ҳам бўлганини эслайди. Ярим тунгача ишни тугатиб, соат бирда уйга қайтишарди.
Кўп ўтмай, эр-хотин қизлик бўлишди. Қариндошлар болани тарбиялашда ёрдам беришарди. 2002 йилда Шатурсуновлар оиласида биринчи ўғил туғилганда, Зухра акушерлик ва гинекология илмий-тадқиқот институти бекатида трамвайдан тушарди ва болага сут бериш учун уйига югурарди. Эри 13-йўналишдаги сўннги бекат “ТТЗ”дан институтга қайтиб келганида, Зухра уни аллақачон кутиб турарди ва улар ишлашда давом этишарди.

2008 йилда оилада тўртинчи фарзанд дунёга келди. Абдимурат Шатурсунов трамвай депоси директори 6-сонли туғруқхонага байрамона трамвай юборганини эслайди. Уни ленталар ва шарлар билан безатишган, вагонда мусиқа янграрди. Оила яратилишига сабаб бўлган ва бутун ҳаётлари бахшида қилинган транспортда уйга келди.
Шатурсуновларнинг ўғли ҳайдовчи кабинасида
Фото: Сергей Кивенко
Зухра билан учрашишдан олдин Абдимурат Шатурсуновнинг учта фарзанди бор эди. Унинг сўзларига кўра, тўнғич ўғли ҳам отасига қараб, трамвай бошқаришни орзу қилган. 90 йилларнинг охирларида, у ўз масъулияти остида, ўғлини ўзининг сменасида кондуктор қилиб ишга жойлаштирди. Ахир, салонда “ўз одамингиз” ишласа, кўнглингиз хотиржам бўлади.

“18 ёшга қадар ўғлим кондуктор бўлиб ишлаган. Кейин эса у ҳайдовчиликка ўқиди ва менинг ўриндошим бўлди. Биз ҳақимизда ҳатто ота ва ўғил трамвайда ишлайди деб газетада ёзишди, – ғурур билан гапиради Абдимурат Шатурсунов.
Газетада Абдимурат Шатурсуновнинг ўғли, трамвай машинисти ва унинг ўриндоши ҳақидаги мақола.
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
“Тошкентда енгил темир йўл транспорти тугатилишидан анча олдин, Россиядаги ҳамкасблар бизнинг ҳайдовчиларни Қозонга ишга таклиф қилишган”, дея сўзида давом этади у. Ўғли чўнтагида 100 доллар билан Татаристон пойтахтига жўнайди. Ишга қабул қилинганларга тиббий кўрикдан ўтишда ёрдам берилди, барча харажатлар қопланди ва ётоқхона берилди.
“Ўғлим Қозон трамвайини беш йил ҳайдади. Хотини шу ерда эди, ўзи эса йилига атиги бир марта келиб кетарди. Шунинг учун у қайтиб келди ва ҳозир такси ҳайдовчиси бўлиб ишлайди. Аммо агар трамвай ёпилмаса, ўғлим трамвай бошқарган бўлар эди”.
Саҳна ортида
Трамвай депосининг кулуарларида ушбу транспорт тури ёпилгунига қадар йўловчиларга кўринмас ҳаёт гуллаб-яшнарди. Абдимурат Шатурсуновнинг айтишича, жамоат транспорти ҳайдовчилари ва кондукторлари ҳатто Ўзбекистон паспортини иш жойида олишган.

“Паспорт идорасининг ўзи бизнинг депомизга келди, чунки бизга паспортсиз йўлланма берилмасди. Янги паспортларни иш жойида олгандик. Кундузи бу билан шуғулланишга вақтимиз йўқ эди, ахир биз – жамоат транспортимиз.

Унинг кўплаб ҳамкасблари “трамвайчилар” жамоаси автобуслардаги ҳамкасбларга қараганда аҳилроқ бўлишганини таъкидлашади. Наврўз байрамлари бирга нишонланарди, 8 март ёки ҳамкасблар тўйи учун пул йиғиларди. Санаторияда ёки касалхонада бир-бирларидан хабар олинган.
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
“Уларнинг ҳолидан хабар оладиган киши бўлмаганлиги учун эмас. Шунчаки бирга меҳнат қилаётган жамоа келса, одам хурсанд бўлади. Йўналиш бригадири сифатида мен буни қилишим керак эди, – дейди Шатурсунов 13-йўналишни бошқарган пайтлари ҳақида.

Зухра ўша пайтда ҳамкасблари энди унинг рафиқаси кондукторларнинг бригадири бўлади деб ҳазиллашганларини ҳам эслади.

“Йўналиш бригадири сифатида мен фахрий ёрлиқ ва конвертда пул билан тақдирландим”, дейди Абдимурат Шатурсунов. – Мен бир тийинини ҳам сарфламадим, йўналиш ходимларига тарқатдим. Ҳамкасбларимсиз мен бригадир бўлолмасдим”.
Фото: Сергей Кивенко
Ҳар йили янги йилда ҳайдовчилар ва кондукторларга Қорбобо ва Қорқизнинг кийимлари бериларди, деб эслашади турмуш ўртоқлар. Улар ширинликлар сотиб олиб, болаларга тарқатишарди, “ахир совғаларсиз қанақа Қорбобо ва Қорқиз бўлиш мумкин?”. Байрам формаси беш кун давомида кийилган, трамвай ёритгичлар, шарлар ва гулмаржонлар билан безатилган. Шатурсуновлар вагонида ҳатто Янги йил арчаси ҳам бўлган. Тошкент трамвайининг ёпилиши билан у плакатлар ва тақвимлар билан бирга уларнинг уйига олиб келинди.
Фото: Сергей Кивенко
Трамвайнинг гуллаб-яшнаши
Совет Иттифоқи қулаган пайтда трамвай жамоат транспортининг энг ишончли тури бўлган. Тармвайлар автобуслардан олдин йўлга чиқарди ва улар паркга қайтиб келганларидан кейин ҳам йўлда бўлган.

Абдимурат Шатурсунов ҳатто заводларга хизмат кўрсатишга ҳам муваффақ бўлган. Узоқ иш кунидан сўнг, у Марказий универсал дўконидаги (ЦУМ) трамвай йўлининг ҳалқасида бурилиб, “Фотон” электротехника заводига иккинчи смена ишчиларини олиш учун борарди. У ердан – “Ташсельмаш” заводи ишчилари учун, кейин эса Тошкент трактор заводига қатнарди.
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Бу каби рейслар назорат рейслари деб номланган. Сменадан кейин ҳар бир йўналишдан битта вагон ишлаб чиқариш ишчилари учун юборилган, ишчилар ўша пайтда уч сменада ишлашган. Ушбу рейсларга энг ишончли ҳайдовчилар қўйилган. Абдимурат Шатурсунов бир неча ой кетма-кет навбатчиликда бўлган.

Совет Иттифоқи қулашидан олдин жамоат транспорти ходимлари учун меҳнат шароитлари инсонийроқ бўлган. Ҳайдовчилар ва кондукторлар сменабай ишлашган. Ҳафтада уч кун эрталабки сменада, сўнгра бир кун дам олиш куни ва уч иш куни кечки сменада. Ушбу тартиб, масалан, Россияда қолган.
“Чунки шундай бўлиши керак. Биз йўловчилар ҳаёти учун жавобгармиз. Ҳар бир йўловчи уйига қайтиши лозим. Ва ҳар бир ҳайдовчи ҳам. Агар бизда яна смена жорий қилинса, яхши бўлар эди”, – дея хулоса қилади Абдимурат Шатурсунов.
Мустақиллик қўлга киритилганидан сўнг, трамвай ҳали узоқ вақт давомида кўксини тўлдириб, нафас олди ва ҳатто ривожланишда давом этди. “Ко дну” телеграм канали жамоаси “Газета.uz”га Тошкент трамвай тармоғи деярли бутун шаҳарни қамраб олгани ва постсовет ҳудудидаги энг йирик бешта шаҳарлар ичида бўлгани, фақат Москва, Санкт-Петербург ва Киевдан орқада бўлганини айтиб берди.
13-йўналиш трамвайи эски ТошМИ яқинидаги кўприк остидан тушяпти, 2011 йил август
Фото: «Ко дну» Телеграм-канали
Сайхун кўчасидаги 13- йўналиш трамвайи, 2012 йил 27 октябрь
Фото: «Ко дну» Телеграм-канали
13- йўналиш 3109-трамвайи Гуруч бозори олдидаги трамвай кўпригига кўтариляпти, 2014 йил апрель
Фото: «Ко дну» Телеграм-канали
13- йўналиш 3110-трамвайи эски ТошМИ йўл ўтказгичига яқинлашяпти, 2014 йил 6 ноябрь
Фото: «Ко дну» Телеграм-канали
Трамвай қатнови бўлмаган катта ҳудудлар фақат Қорасув ва Сергели тумани бўлган. Трамвай Сергели учун бугунги ерусти метросига қараганда арзонроққа тушиши ва ҳудуднинг транспорт билан қамрови кенгроқ бўлишини таъминлаши мумкин эди.

1990 йилларда собиқ Совет Иттифоқининг бошқа бирор бир шаҳри ҳаракатланувчи таркибнинг бундай кенг кўламли ва замонавий янгиланиши билан мақтана олмас эди. 1993 йилдан 1998 йилга қадар Тошкент 142 та янги вагон сотиб олди, улардан 90 таси Чехияда ишлаб чиқарилган эди. Минг йилликнинг охирига келиб трамвай парки деярли 30 фоизга янгиланган эди.
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Абдимурат Шатурсуновнинг айтишича, 1990 йилларда Тошкент бўйлаб ҳали қўш вагонлар юрган. Уларда ҳатто унинг хотини ҳам ишлашга улгурди. Йўловчиларни мўлжаллаб, у бир вагондан иккинчисига югурарди. Совет даврида ҳар бир вагон учун битта кондуктор бўлган ва ҳайдовчининг кабинаси ёпиқ бўлган, ҳайдовчи эса ҳеч қачон йўловчиларни ҳисоблаш билан шуғулланмаган.

2000 йилларнинг бошларида Тошкентда 520 га яқин вагон бўлган. Шулардан 350 га яқини ишга яроқли эди. 1999 йилда пойтахт яна 100 та “Татра Т6” вагонларини етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. Аммо бу амалга ошмади ва бу Тошкент енгил темир йўл транспорти тугашининг бошланиши эди.
реклама
реклама
Трамвай даврининг якунланиши
2000 йилдан бошлаб Ўзбекистон электр транспортидан кўра автотранспортни ривожлантиришни афзал кўрди. Қарши ва Навоийда янги ва деярли очишга тайёр троллейбус тизимлари ишга туширилмайди, троллейбусларни сотиб олиш бекор қилинади ва Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги троллейбус заводи қурилиши тўхтатилади.

2001 йилда шаҳардаги 1-сонли трамвай депоси ва 1-сонли троллейбус депоси ёпилади. Марказда трамвайни йўқ қилиш даври бошланади. Янги линияларни қуриш ҳақида сўз юритилмайди, янги вагонлар сотиб олинмайди, таъмирлашни молиялаштириш кескин камаяди, вагонларни оммавий ҳисобдан чиқариш бошланади ва тез орада трамвай таъмирлаш заводи ҳам ёпилади.

2000 йилларнинг биринчи беш йиллигида молиялаштиришнинг кескин қисқартирилиши сабабли кўплаб йўналишлар ёпилади. Трамвай ҳаракати катта миқдордаги ҳисобдан чиқарилаётган вагонларнинг етишмаслиги туфайли норентабел бўлиб қолади.

2007 йилда 30 та “КТМ-19” русумли вагонларнинг сотиб олиниши ва янги йўналишларни очиш ҳамда Юнусобод йўналишини реконструкция қилишнинг режалаштирилиши трамвайга иккинчи ҳаёт бағишлангандек эди. Бироқ, 2008 йил баҳорида Паркент бозори яқинидаги трамвай йўналишининг кичик қисми тугатилади. Бунинг натижасида “Роҳат” ва “Чкалова” метро бекатигача бўлган оммабоп тармоқнинг бутун бир қисми тугатилади. Ҳозир уларнинг ўрнида метро линиясининг ҳалқаси жойлашган.
Фотосурат олинган пайтида Охангарон шоссесидаги ишламаётган 6-трамвай йўналиши ва йўлнинг устидаги ерусти метроси.
2011 йил қишида шаҳар марказида линияларнинг оммавий тугатилиши рўй беради. Трамвай қатнови фақат чекка ҳудудларда қолади. Шаҳарда бор-йўғи еттита йўналиш фаолият юритади.

Шу вақтнинг ўзида 20 та замонавий қуйиполли Vario LF трамвайларини сотиб олиш бўйича шартнома тузилади. Биринчилардан бўлиб (№) 3202 рақамли янги вагонга Абдимурат Шатурсунов эга бўлди.

Аммо энди трамвайнинг ривожланиши ҳақида сўз юритилмаётган эди. “Татра” вагонларининг бир қисми ҳисобдан чиқарилади, қолганлари аста-секин эскиради. 2015 йил ёзида 3-сонли трамвай депоси ва Шимолий темир йўл бекатидан ТТЗга қадар 13-сонли афсонавий йўналиш ёпилади.
Чехиянинг Vario LF вагонларига биринчилардан эга бўлган ҳайдовчилар ҳақидаги мақола.
Улардан бири – Шатурсунов.
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Сўнгги таъзим
Сўнгги шаҳар йўналиши ҳам тугатилади. Абдимурат Шатурсунов унда энг узоқ вақт ишлади. У 13-йўналишнинг қисми тугатилган кун рельслар ТТЗ йўналиши бўйича пайвандланганини эслайди.

Зухра Шатурсунованинг айтишича, йўловчилар йўналишни кўз ёшлари билан кузатишган. Одамлар “ТТЗ”нинг сўнгги бекатида уйларидан чиқиб, йиғлашган.
“Эсимда, ишнинг сўнгги куни иккинчи эшикдан 70 ёшга яқин бир аёл чиқиб, олд эшикка келди ва бизга уч марта таъзим қилди. Уч марта”.
“Бизнинг 13-йўналишимизда 24 та вагон бор эди”, – дейди Абдимурат Шатурсунов. – Биз 7-8 дақиқа оралиғида ҳаракат қилардик, кунига 11 миллион сўм киритардик – бу бошқа барча йўналишларга қараганда кўпроқ”.
Абдимурат Шатурсуновнинг вагони ТТЗ трамвай халқасидаги йўналиш қисқаришидан олдин сўнгги кунда.
Фото: Телеграм-канал «Ко дну»
Бу оиланинг ушбу йўналиш ва трамвай парки билан боғлиқ хотиралари жуда кўп. 2008 йилгача Шатурсуновлар оиласи депо рўпарасида яшашди. Бу ерга бўш ва байрамона безатилган трамвай эр-хотинни янги туғилган ўғли билан олиб келди. Механиклар Абдимуратни номзодлар билан суҳбатга чақириш учун кўчани кесиб ўтишарди. Тажрибали ҳайдовчининг тавсиясисиз трамвай ҳайдовчиси бўлиб ишга киришнинг иложи йўқ эди.

2015 йилга келиб, Шатурсуновлар оиласи етти йилдан бери Чирчиқда яшаётган эди. Илгари улар ўзларининг 3-трамвай депосига етиб боришлари керак эди. Унинг ёпилиши билан ҳаракат таркиби Чилонзор туманидаги 2-сонли паркга кўчиб ўтади. Энди улар тонгги соат 3 да туриб, янги паркка етиб боришлари керак бўлади. Бу фақат бир томонга 55 кмни ташкил қиларди.

“Биз нарсаларимизни олиш учун паркка келдик. У ерда менинг диктофоним бор эди. Мен унга бекатларнинг эълон қилинишини, йўловчиларга жой бериш, эҳтиёт бўлишлари илтимос қилинган мурожаатларни ёзиб олган эдим”, – дейди Абдимурат Шатурсунов.
9 ва 13-сонли йўналишларнинг ёпилишидан бир неча кун олдин.
Фото: Сергей Кивенко
Зухра эри яна Янги йил, 8 март, Пасха, Ҳайит ва бошқа байрамлар табрикларини ёзиб олганини қўшимча қилди.

2016 йилнинг баҳорида шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида Тошкент трамвайининг тўлиқ ёпилиши ҳақида эълон қилинади. Ушбу қарор “автомобиллар сонининг доимий равишда кўпайиб бориши, кўча тармоғи узунлигининг етарли эмаслиги ва трамвай йўналишларининг самарасиз ишлаши” туфайли қабул қилинади. Шаҳарга Тошкент трамвайи билан хайрлашиш учун бир ой вақт берилади.
“Биз трамвай тугатилиши тўғрисида хабар топганимизда, жуда ёмон аҳволга тушдик. Ҳатто йиғлаб ҳам юбордик ”, – дейди Абдимурат Шатурсунов.
Унинг сўзларига кўра, трамвайнинг сўнгги кунларида шаҳар аҳолиси шунчаки унда сайр қилиш учун чиқишарди.

“Баъзилар фарзандларини трамвайга ўтқизиб, ўзлари эса вагонга машинада ҳамроҳлик қилишарди. Акс ҳолда, трамвай ёпилгандан кейин болаларга Тошкентда трамвай бўлганини қандай исботлаш мумкин?”.
Эски шаҳардаги демонтаж қилинмаган трамвай йўллари, 2021 йил апрель
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Самарқанд дарвоза кўчасидаги демонтаж қилинмаган трамвай йўллари, 2021 йил апрель
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
“Трамвайнинг ёпилиши биз учун кутилмаган воқеа бўлди”, дейди у. – Унинг тугатилиши ҳақида март ойида эълон қилинган бўлсада, биз трамвайнинг сўнгги иш куни қачон бўлишини билмасдик. Сўнгги кунлар кўп бўлди, аммо аниқ санани ҳеч ким билмас эди. Ҳеч ким бизга: “Эртага келма, биз ёпиламиз” деб айтмади.

Абдимурат Шатурсунов охирги марта 2016 йил 23 апрель куни трамвай бошқарди. Бу 8-сонли йўналиш эди, унинг 13-сонли йўналиши бундан икки кун олдин тугатилган эди. 3202-рақамли вагон бузилиб қолди. Абдимурат Шатурсунов барча плакатлари ва тақвимларини ечди ва Тошкент трамвайи бўлмаган янги даврга йўл олди.
Тошкент трамвайи тарихининг сўнгги саҳифасини ёпган вагон олдидаги сўнгги "трамвайчилар"
Фото: Сергей Кивенко
Шиналар ва асфальтлар даври
“Ёпилгандан сўнг, вазир барча “трамвайчилар”ни йиғди ва биз ишсиз қолмаслигимизни, авваламбор бизни ҳамма ерда ишга олишларини айтди”, дейди Абдимурат Шатурсунов. – У бизга янги автобуслар берилишини ва ишдан бўшаш нафақаси тўланишини айтди. Биз уни 8 ойдан сўнг, 3-парк ҳудуди сотилганидан кейин олдик”.

“Сизлар хафа бўлманглар, бу бизга боғлиқ эмас”, – вазирнинг сўзларини эслайди у. – Раҳмат. Биз неча йил ишлаганингизни биламиз. Сизларни ҳеч қачон ҳеч нарсасиз қолдирмаймиз. Сизларни ҳамма ерда гап-сўзсиз ишга олишади. Сизларга ҳамма ерда яшил чироқ ёниқ. Ким қаерга хоҳласа, агар кимдир 2-паркга яқинроқ бўлса, 2-паркка олишади. Кимга қандай қулай бўлса. Ҳар бир ҳайдовчи ҳайдовчи, кондуктор кондуктор, диспетчер – диспетчер сифатида ишга боради”.

Аммо трамвай ҳайдовчиси бўлиб ишлаган аёлларга автобуснинг рулига ўтиришга рухсат берилмади. Абдимурат Шатурсунов буни бекор қилишди деб ўйлайди. Унинг айтишича, 13-йўналишда 20 га яқин аёл ҳайдовчилар ишлашган, шу жумладан, унинг ўриндоши Наргиза опа ҳам, у транспорт соҳасида сиртқи маълумот олган ва кейинчалик трамвай депосининг бошлиғи бўлган.
2006-рақамли вагон аёллар бошқарган линиядаги сўннги вагон бўлди.
Фото: «Газета.uz»
Унинг сўзларига кўра, аёллар ҳам эркаклардан қолишмаган, биринчи даражали ҳайдовчилар бўлишган ва вагонларни бир-бирига улай олишган.

“Баъзилари моҳирона ҳайдашади. Каскадёрлар. Уларни Шумахерлар деб атаймиз. Беш баҳо! Россияда автобусларда аёллар ишлашади. Бу ерда эса йўқ. 8-автопаркда директор: “Агар эпчил аёл ҳайдовчи бўлса, олиб кел, ўқишга оламан” дерди. У янгиликларда ёзишлари учун ишнинг ва паркнинг имиджини кўтармоқчи эди. Ҳамкасблардан бирининг олдига бордим, у 24-йўналишда кондуктор бўлиб ишлайди, илгари эса машинист бўлган. У энди истаги йўқлигини айтди. Бир пайтлар улар илтимос қилиб, иш сўраб боришганларида, уларни ишга олишмаган”.

Трамвай ёпилгандан сўнг, Зухра Шатурсунова бир кун ҳам иш қолдирмаган. Унинг сўзларига кўра, у дарҳол 67-автобус йўналишида кондуктор бўлиб ишга чиққан. Унинг эри эса ҳайдовчи бўлиш учун ўқиши керак эди, чунки унинг автобус ҳайдовчиси учун талаб қилинадиган D тоифали гувоҳномаси йўқ эди. Унинг уч ойлик ўқиш пулини автобус парки тўлади ва амалиёт ўтаганидан сўнг, у автобусни мустақил бошқаришни бошлади.

Абдимурат Шатурсуновга билан янги кичик сиғимли Isuzu автобуси берилди. У автобусни ўзи Самарқанддан ҳайдаб келди. Ўша сафарда у ҳаттоки яқинда ишга туширилган Самарқанд трамвайида сайр қилиб, депога бориш учун рухсат сўради, у ерда ўша куни йўлга чиқмаган ўзининг 3202-вагонини кўрди. Шатурсуновда бу вагоннинг захира калитлари бор эди, аммо бу сафарда ўз трамвайини учратишини билмаганлиги сабабли уларни уйда қолдирганди. Бир пайтлар ушбу захира калитлар тўпламида афсонавий 13-йўналиш рақами билан осгич-безаги бор эди.
Автобусдаги тўрт йиллик иш давомида Шатурсуновлар яқиндагина яна бирга юришни бошладилар. 67-сонли автобус йўналиши кондуктор назарда тутилмаган кичик сиғимли автобусларга ўтказилгандан сўнг, эр-хотин алоҳида ишладилар. Яқинда йўналишга “Мерседес”ни қайтаришди.

Шатурсуновларнинг сўзларига қараганда, автобусда ишлаш трамвайдан унчалик фарқ қилмайди. Худди ўша режа, тахминан бир хил жадвал. Аммо ҳозир тирбандликда туришга, ҳайдовчиларнинг автобус бекатларида тўхташидан асабийлашишга ва қаердадир йўл тўсиб қўйилган бўлса, мустақил йўналиш тузишга тўғри келяпти.

“Ко дну” телеграм канали шаҳар доим тадбирлар доирасида қайси йўллар ёпилиши режалаштирилишини билишини, аммо парклар ҳеч қачон жамоат транспортининг айланиб ўтиш схемасини тузмаслигини айтади. Ҳайдовчилар бир-бирлари билан келишишга мажбур. Шу сабаб тартибсизлик бошланади. Йўловчилар ҳам адашишади. Агар автобус бекати изоляция ҳудудига тушиб қолса, йўловчилар қаерга боришни, қаерда ва қанча вақт ўз автобусларини кутишларини билишмайди.
Тошкент трамвайининг сўнгги кунлари
Фото: «Газета.uz»
Фото: «Газета.uz»
Фото: «Газета.uz»
Трамвай эса тирбандликни ва яхвонлик ҳолатини билмаган транспорт эди, дейди Абдимурат Шатурсунов. Трамвайнинг йўлини тўсолмайсиз. Бундан ташқари, депода ҳар доим тадбирлар борасида огоҳлантириб, эҳтиёт бўлишни сўрашарди.

“Қишда салонда доим печка ишларди. Одамлар трамвайни яхши кўришарди. Метро йўловчилари бизни кутишарди. Автобуслар бунча узоқ ишламасди. Улар гаражга эрта киришарди”.

Ҳозир ҳайдовчилар кирим режаси бекор қилинишини интизорлик билан кутишмоқда. Карантиндан кейин бўлгани каби, кондукторларга боғлаб қўймасдан, ундан бутунлай воз кечиш лозим. Ахир кўпгина ҳайдовчилар ва кондукторларнинг рўзғори бир.

“Карантиндан режасиз чиқдик”, дейди Шатурсунов. – Бу ҳақида ҳамма ерда айтишди. Аммо 10-15 кундан кейин бизга режа қайтариб берилди. Чунки “Исузу” ва LE-60 ҳайдовчилари кондуктор олиш ҳуқуқига эга эмаслар. Йўловчилар ҳали ҳам билишмайди. “Сиздан режа олиб ташланганку” дейишади.
реклама
реклама
Трамвай қўриқчилари
2018 йилдан Сергей Шатурсуновлар оиласига совға қилган трамвай тақвимлари автобус тақвимлари билан алмаштирилди. Ачинарли воқеа сабаб у эр-хотинларнинг трамвайдаги иш пайти акс этган фотосуратлар жамланган альбом совға қилди. Унда Янги йил учун безатилган вагон, ҳайдовчилар салонида Абдимурат ва болаларининг фотосуратлари, трамвайни кўриш учун Тошкентга келган хорижлик трамвай ихлосмандлари ҳақидаги хотиралар жамланган. Шатурсунов улар енгил темир йўл шаҳар транспорти мавжуд бўлган “деярли барча мамлакатлар”да бўлишганини таъкидлади.
Суратларнинг бирида Шатурсунов 2002 йилда 100 ёшга тўлган от трамвайида турибди. “Газета.uz”га пойтахтнинг жамоат транспорти оператори “Тошшаҳартрансхизмат” компанияси маълум қилишича, от вагони эндиликда Самарқандда турибди.

2017 йилда у ерга 14 та “КТМ-19” вагони ва битта Рига шаҳрида ишлаб чиқарилган “РВЗ-6” музей трамвайи юборилиши керак эди. Аммо ҳозирча улар Тошкентнинг Сергели туманидаги “Спутник” мавзесида жойлашган 12-автобус паркининг орқа ҳовлисида туришибди.
Самарқанд трамвайидаги саёҳатини эслар экан, Абдимурат Шатурсунов йўлларнинг ёмон аҳволи ҳақида гапириб ўтди. Унинг сўзларига кўра, рельслар шундай қўйилганки, вагонлар ҳар бурилишда гумбурлайди. Яна Тошкент трамвайи самарқандникига нисбатан тоза ва озода эди.

“Мен ҳайдовчидан улар вагонни охирги марта қачон ювишганини сўрадим. Улар шароитлари йўқлигини айтишди. Уларда ҳатто таъмирлаш чуқури ҳам йўқ. Тошкентда вагонлар ҳар куни эрталаб ва кечқурун “чуқур” назоратидан ўтишарди. Шунақа кичик техник кўрик ўтказиларди”, – дейди у.
Самарқанд трамвайи баъзан рельслардан чиқиб кетади, чунки трамвай йўли “тез-тез қурилган” дейишади. Бу каби ҳолат пойтахтда ҳам содир бўлган, лекин ҳайдовчининг эътиборсизлигини деб.

2006 йилда Акушерлик ва гинекология илмий-тадқиқот институти бекатида трамвай иштирокида мудҳиш ЙТҲ содир бўлди. 3007-вагон ҳайдовчиси ўтказилган йўл кўрсатгичини кўрмай қолади ва катта тезликда бурилишдан учиб кетади. Бир неча киши вафот этди.

1990 йилларда Шатурсунов мўъжиза туфайли ЙТҲдан қочишга муваффақ бўлади. Уч ой олдин олинган янги “Татра” Успенский мактабидан “Ташсельмаш” заводига кетаётган эди. У йўловчиларни ТошМИ бекатига тушириб, завод томонидан ҳайдовчисиз трамвай унинг йўли бўйлаб катта тезликда келаётганини пайқади. Шатурсунов кондукторлан олд ойнага қарашни сўрайди ва ўзи бутун вагонни босиб ўтиб, вагон орқасига – “Татра”ларда ўрнатилган фақат битта ўтказгичли вагонни бошқарув пульти томон юради. Ҳайдовчи вагонннинг охирида туриб, трамвайни бошқариб, орқага юриши мумкин эди.

«“Ташсельмаш” томонидан келаётган трамвай мени қувиб етаётган эди, лекин у ерда кўтарма йўл бор эди”, дейди Абдимурат Шатурсунов. – Мен “Успенка”га етиб бордим. У вагон эса олдинга, йўл бўйлаб пастга қараб юрди. Бу трамвайнинг ҳайдовчиси ТошМИ тўғрисидаги ҳалқа олдига югуриб келди ва кўрсаткични ҳалқа томон бурди, мен эса тўғри “Ташсельмаш” томон йўл олдим».
“Йўловчиларга ҳам, трамвайга ҳеч нима қилмади. Олдинда ўтириб, барчасини кўрган йўловчилар мени қучдилар. Мен йиғлаб юбордим. Бу воқеадан сўнг ухлай олмадим. Мен барча йўловчиларни қутқардим. Акс ҳолда, улар қаттиқ жароҳатланишарди. Вагоним зич эди. Бундай бахтсиз ҳодиса ҳеч қачон бўлмагандир. Бу қўрқинчли эди. Мен ўзим ҳақимда ўйламадим. Фақат йўловчилар ҳақида ўйладим. Ҳар бирининг уйида боласи бор, ҳаммани уйда кутишади. Биз, ахир, уларнинг хавфсизлиги учун жавобгармиз”.
Тошкент трамвайидаги 30 йиллик хизмати учун Абдимурат Шатурсунов "Моҳир Ҳайдовчи" медали билан тақдирланган, меҳнат фахрийси даражасига кўтарилган ва кўплаб ёрлиқлар олган.

Беш йилдан буён пойтахтда енгил темир йўл транспорти йўқлигига қарамай, “трамвайчилар” олдингидек дўстона алоқаларни давом эттиришмоқдалар. Шатурсуновларнинг айтишича, улар байрам кунлари трамвай цехидаги ҳамкасблари билан йиғилишади. Оила қизларидан бирини турмушга узатишганида барча “трамвайчилар” тўйга келиб, рақсга тушишган.
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Абдимурат Шатурсунов депода ҳамкасбларни нафақага кузатишнинг ўз анъаналари бўлган дейди. Уларга чопон кийдириб, конвертда пул берилган. Шатурсуновни бир неча бор Россияга ишлашга таклиф қилишган, аммо у Тошкентдаги ўз трамвай депосидан нафақага чиқишни орзу қилган. Тўғри, трамвай тугатилиш йилида унинг 60 йиллигигача ҳали икки йил бор эди. Автобус паркида эса бундай анъаналар йўқ, гарчи автобус шаҳар ҳаёти учун жуда муҳим бўлса ҳам. Карантиндан кейин одамлар буни айниқса англадилар, автобусларсиз қанчалик қийин ва ёмон бўлганини айтишарди ва ҳайдовчиларга “Худони кўргандай” қарашарди.

Абдимурат Шатурсунов ўз ҳаётининг 35 йилини Тошкент шаҳридаги жамоат транспортига бағишлади. Мен ундан наҳотки, ҳеч қачон касбини ўзгартириш ҳақида ўйламаганлигини сўрадим.
“Биз депонинг қаршисида, “гинекология” ёнида яшаганимизда, мен трамвай овозидан ўзимни яхши ҳис қилардим. Трамвайсиз яшолмайман... Мен уни ҳайдаш учун туғилганман шекилли”.
Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Матн муаллифи: Сабина Бакаева.
Фотосуратлар муаллифлари: Евгений Сорочин, Сабина Бакаева / «Газета.uz», «Ко дну» Телеграм-канали, Владимир Валдин, Сергей Кивенко.

Матн ва график материалларга бўлган барча ҳуқуқлар “Газета.uz” нашрига тегишли. “Газета.uz” ва бошқа учинчи шахсларга тегишли www.gazeta.uz веб-сайтида жойлаштирилган фотографик, график ва бошқа материаллардан ҳар қандай ҳолда фойдаланиш тақиқланади.


Бирор қизиқарли воқеа ёки ҳодисани биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ҳикоянгизни s.bakaeva@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Materialga izohlar

Izohni jo‘natish Chiqib ketish Bekor qilish Muallif: 6000 ta belgi qoldi.
"Gazeta.uz"da ro‘yxatdan o‘tish

Qo‘shimcha imkoniyatlarga ega bulish uchun saytda ro‘yxatdan o‘ting