Ғилдиракдаги карантин
Россиялик икки велосаёҳатчи аёл кучукчаси билан карантин туфайли Ўзбекистонда қолиб кетгани ҳақида

Наташа ва Люда – Смоленск вилоятидан бўлган опа-сингиллар. 2019 йилда улар ишдан бўшаш учун ариза ёзиб, ити Юни ўзлари билан олиб, Марказий Осиё бўйлаб кўп ойлик велосаёҳатига чиқдилар. Россиянинг Қора денгиз қирғоғидан ўтиб, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан сўнг қизлар умумжаҳон карантини туфайли Ўзбекистонда қолиб кетишди. Уларни барқарор иш жойини велосипед эгарига, иссиқ ором кўрпаларни сайёҳлик чодирига алмаштиришга нима мажбур қилди ва уйни йўлда ҳис қилиш нима эканлиги ҳақида – “Газета.uz” мақоласида.

Қизларнинг саёҳати ҳақида кўпроқ ўрганмоқчи бўлсангиз, расмлар устига босинг.

Бор яхши кайфитни мониторга беришни хоҳламадим
Люда: Марказий Осиёга саёҳат – бу бизнинг иккинчи катта саёҳатимиз. Биринчи марта биз Санкт-Петербургдан қачонлардир отам хизмат қилган Владивостокка боришга қарор қилдик. Бу фикр 2015 йилда пайдо бўлди: ҳамма ерда инқироз, янги лойиҳалар йўқ, жуда кам миқдорда маош тўланади, кейинчалик эса умуман тўлашни тўхтатишди. Ўзликни қидириш бошланди. Инерция бўйича яшашни тўхтатишни хоҳлардим.

Наташа: “Уй-иш-уй” схемаси бўйича ҳаёт менга ёқмасди. Ҳамма вақт ва ҳаётий қувватнинг барчаси ишга сарфланарди. Яқинлар, оила ва дўстларга орттира олинсагина вақт ажратиларди. Бор яхши кайфиятни мониторга беришни хоҳламасдим, чунки барибир бераётган мунособатимга яраша жавоб ололмасдим. Лотин Америкаси рақси ва йога каби катта бўлмаган ўзгаришлар кундалик ҳаётга янги ва қизиқарли бир нималар олиб кирарди, аммо бу етарли эмас эди.

Люда: Люда: Бир гал мен хом ейиш бўйича маълумотларни интернетдан қидириб ўқиётгандим. Бизга, вегетарианлар учун, бу қизиқ. Тасодифан Марказий Осиёда велосипедда сайр қилаётган одамга дуч келдим. “Ахир бу ҳақиқий саргузаштку”, деб ўйладим ва худди шу йўлни тутиш истаги пайдо бўлди.
Одатда одамлар аввал велосипедда юришади, сўнгра узоқ сафарга чиқишади, чунки улар ушбу транспорт турини яхши кўрадилар. Биз эса айни сафар олдидан велосипедларни сотиб олдик. Ўша пайтда ҳали ҳайдашни ҳам яхши билмасдик.
Дастлаб 2016 йил баҳорида йўлга чиқишни режалаштирдик, аммо қилолмадик: мен эндигина иш топгандим, кам ойлик олардим, барқарорлик йўқ эди, велосипед учун пул йўқ эди. Саёҳат қилиш фикри қолдирилди, аммо бир йилдан кейин ҳатто пиёда бўлса ҳам боришга қарор қилдик.

2017 йилда ишларимиз ҳайратланарли даражада ўнгланиб кетди – яхши ҳақ тўланадиган объект пайдо бўлди. Керакли аслаҳаларни сотиб олдик. Кейин англадимки, агар инсон бирор нарсани хоҳласа, унда тақдир албатта ёрдам беради.
Наташа: Аммо бу фақат самимий истакларга таъсир қилади. Масалан, сиз дугонангизники каби бир хил юбкани орзу қиляпсиз деб ўйлайсиз, лекин аслида сиз юбка эмас, балки боғлардаги барглар устидан тепкилаб юришни хоҳлайсиз. Шунчаки, сиз буни тушунолмайсиз, чунки у ерда беш йилдан бери бўлмагансиз.

Владивостокка саёҳатнинг бошланиши жуда қийин бўлди. Танада оғриқ бермаётган аъзонинг ўзи йўқ эди: ўтиришнинг, қўл кўтариш ва оёқни ҳаракатлантиришнинг умуман имкони қолмаганди. Гарчи велосипедда ҳаракатланиш кунига уч соат давом этсада, тана бу каби юкламага тайёр эмас экан.
Қолган вақт хўжалик ишларига сарфланарди: нарсаларни йиғиш, овқат пишириш, озиқ-овқат сотиб олиш, кир ювиш, чодирни йиғиш. Дастлаб, максимал 10 дақиқагина ҳайдашни уддалардик, кейинги 10 дақиқа эса дам олишга кетарди. Фақатгина 2-3 ҳафтадан сўнг бир соат танаффуссиз ҳайдашни ўргандик.

Тўсатдан менинг намликка чидай олмаслигим маълум бўлди. Ёмғир ёғса, мия уйқусираб, қарор қабул қилолмайдиган бўлиб қолди. У “Бу ерда нам, мени қутқар!”, дея қичқиради ва бошқа ҳеч нарса қилмайди. Шунда етакчиликни Люда ўз бўйнига оларди.
Люда: Биринчи сафарга тайёргарлик кўришда биз ўз мақсадимизга – Владивостокка етиб боришимизни билмасдик.
Деярли Байкалгача ҳеч биримиз ҳақиқий манзилни айтишга журъат этмадик. Кейинги нуқта ҳар доим кейинги шаҳар эди.
Акс ҳолда, одамлар Тинч океанининг қирғоғига етиб боролмаслигимизни айтиб, бизни қўрқита бошлашарди. Биз у ерга етиб бордик, бироқ саёҳат олти ой давом этди.
реклама
реклама
30 йиллик юбилей натижалари: ҳаммаси яхши, лекин итим йўқ
Люда: 30 ёшлигимни мен Таманда кутиб олдим, у ерда Наташа ва мен 10 ойлик хизмат сафарида эдик. Мен – геодезистман, Наташа эса картограф. Ҳаётимнинг оралиқ натижаларини сарҳисоб қилар эканман, умуман олганда, ҳамма нарса яхши, аммо биргина кучукча етишмаслигини англадим. Уни боқиш учун ҳеч қандай шароит ҳам йўқ эди, чунки мен ва опам доимий равишда ижарада яшардик.

Ю учун кичик ҳийлага боришга тўғри келди. Мен Москвада таксани олиб келдим, кейин уй эгаларига “Менга итни совға қилишди, уни берадиган жойим йўқ. Агар сиз Юни қолишига рухсат бермасангиз, биз бошқа уйга кўчиб ўтамиз” деб шарт қўйдим. Агар мен олдиндан рухсат сўраганимда, мен рад жавоб олишим мумкин эди ва янги уй излашимга тўғри келган бўларди. Бу вазиятда эса уй эгалари рози бўлишди.
Биз кенгайтма уйда яшардик ва кичкина Ю дераза токчасига кўтарилиб, деразадан уй соҳибасига қарашни яхши кўрарди. Уни эса бу вазият ниҳоятда ғазаблантирарди. Аёл индамасди, лекин унинг юзи итнинг деразага чиқиши ёқмаётганини сездириб турарди.

Биринчи саёҳатдан сўнг, иккинчисига чиқишимизни билгандик. Итнинг иштироки масаласи ҳатто муҳокама қилинмади – мен уни ўзим билан олиб кетишга қатъий қарор қилдим. Шунинг учун ҳам мен велосипедда олиб юриш мумкин бўлган 5 кггача бўлган уй ҳайвонини қидиргандим. Шу билан бирга кучукча декоратив бўлмаслиги керак, чунки йўл чидамлиликни талаб қиларди. Бу талабларга таксалар жавоб берарди – улар фаол, қизиқувчан ва бақувват.
Ю озиқ-овқат масаласида жуда инжиқ. Уни йўлда турли хил егулик билан таъминлаш учун мен қиш давомида товуқ филеси, қоринчалари ва пишлоқ тайёрладим: майда бўлакларга бўлиб, фольгада иссиқлик қувурларида қуритдим. Бир марта, такса яширинча 20 га яқин қоринчани ўмариб кетди. У ўзини ёмон ҳис қилади деб ўйладим, лекин бундай бўлмади. Натижада газаклар тайёрланди, мен уларни уйсиз ҳайвонларга тарқатаман.

Аммо Ю бу овқатни қуруқ ҳам, ҳўлланган ҳолда ҳам истеъмол қилмайди. Фақатгина Қорақалпоғистонга саёҳат истисно бўлди. Аҳоли пунктлари кам бўлган чўлда у истамаса ҳам, овқатланди. Аммо, агар такса хўжайинлари гўшт ёки товуқ сотиб олиши мумкин бўлган шаҳарга келганини сезса, у емак ейишни тўхтатади. Лекин мен хафа эмасман, чунки энди уйсиз итлар учун ҳар доим қўлимда егуликлар бор.
Люда Душанбега, Наташа – Тошкентга боришни хоҳларди
Люда: Иккинчи сафарда режаларимизга Помир киритилганди, чунки у Совет Иттифоқининг марвариди, энг баланд довон ва энг гўзал тоғлар. Яна мен Душанбега ҳам бормоқчи эдим, чунки мен ишлаган қурилиш майдонида тожиклар кўп эди. Улар ўз шаҳарлари ҳақида шундай чиройли гапириб беришардики, ҳаммасини ўз кўзларим билан кўриш қизиқиши пайдо бўлди. Наташа Тошкентга боришни хоҳлар эди, чунки унинг ўзбекистонлик дўстлари жуда кўп, шу жумладан жуда темпераментли дугонаси ҳам бор эди.

Илгари биз уни жуда баланд овозда гаплашади деб ўйлар эдик. Бироқ, Тошкентга келганимиздан сўнг, биз Чорсуга тушиб қолдик ва хоним сотувчисини кўрдик. Аёл шунчалик баланд кулиб, харидорларни чақирардики, ҳатто 20-30 метрдан ҳам бу ерда нимадир бўлаётгани кўриниб турарди.
Шундай қилиб, баланд овоз Марказий Осиёнинг ўзига хос хусусияти эканлиги аниқ бўлди, Наташанинг дўсти эса сотувчи аёл билан таққослаганда, у қадар темпераментли эмас экан.

Наташа: Менимча, шаҳарга бўлган муҳаббат шахсиятни очиб беради. Биз келиб чиққан Россиянинг Марказий ҳудудининг муҳити Марказий Осиёдан фарқ қилади. Бир кишига дуч келасиз, феълларингиз ва ҳаётга қарашларингиздаги фарқни сезасиз, кейин унинг болалиги ўтган шаҳарга келасиз, одамларнинг бир-бири билан қандай алоқа қилишини кузатасиз ва ундаги хусусиятлардан қаердан шаклланганини тушунасиз. Гарчи дўстингиз Россияда 20-30 йил яшаган бўлса ҳам унинг феъл-атвори ҳечам ўзгармаган.
Люда: Қизларнинг саёҳат қилишлари йигитларга қараганда хавфли эканлиги – бу стереотип. Йўлда йигитларга қўполроқ қаралади. Масалан, КАМАЗ ҳайдовчилари уларнинг йўлларини масхара қилиш учун кесиб ўтишлари мумкин. КАМАЗ ҳайдовчилари қизларни эҳтиёткорлик билан айланиб ўтишади ва одатда уларга ҳамдардлик билан муносабатда бўлишади. Агар икки киши бўлиб саёҳат қилсангиз – бу умуман қўрқинчли эмас. Одамлар ҳам мулоқот қилишда йигитларга нисбатан қизлар билан муомалага киришишга чўчишмайди. Мажозий маънода айтганда, сиз бегона кишига тунашга рухсат берасиз, у эса уйни ўмариб кетади. Аммо умуман олганда, биз камдан-кам ҳолларда уйга киришни сўраймиз, чунки меҳмондўст мезбонларни тарк этиш қийинроқ. Тураргоҳда нарсаларингизни ва чодирингизни йиғиш кифоя, аммо бу ерда сиз узоқ вақт хайрлашасиз ва шу билан велосипед ҳайдаш вақтини қисқартирасиз.

Йўлда биз оқилона эҳтиёткорликка риоя қиламиз: биз сурбетлик қилмаймиз ва ёпиқ кийинамиз (ахир, Марказий Осиё аҳолисининг аксарияти ислом динига тақво қилишади). Агар бирор хавф бўлса, биз чодирни йўлдан кўринмайдиган қилиб ўрнатамиз.

Самарқанд яқинида менинг “павер-бэнк”имни ўғирлашди, лекин бунда ўзимнинг айбим бор, кечаси қурилмани велосипед чўнтагида қолдиргандим. Шуниси эътиборга лойиқки, бу полигон яқинида содир бўлди. Тунаш учун жойлашаётганимизда, биз, албатта, бу ҳақда билмас эдик. Эрталаб хизмат қуролини кўтариб олган бир аскар бизни уйғотди ва бу ерда чодирлар қуриш қанчалик ёмонлигини тушунтира бошлади.
Наташа: Биз баъзи шаҳарларни қийинчилик билан тарк этдик. Масалан, Уфада дугонамизнинг онаси ажойиб пироглар тайёрлайди. Тасаввур қилинг-а, икки ойлик саёҳат егуликларидан сўнг бу ерда пироглар ... Ўзимизни зўрға йўлга ҳайдаб чиқардик – қулайлик ва саранжомлик ўзига тортарди. Ахир кўпчилик қолади ҳам. Бу Чижнинг “югуриш учун туғилган” қўшиғидаги каби. Унда югуриш учун туғилган эркак бир аёл билан учрашади ва иккала оёғини синдириб ташлайди, чунки у фақат шу йўл билан севгилиси ёнида қола оларди.
Ҳаётда ҳамма учун ўзининг қимматли тушунчаси бор: биз пирогга боғланиб қолдик, бошқа кишини севги ёки ажойиб жозибали шаҳар тўхтатади.
реклама
реклама
Саёҳат берадиган сабоқлар
Люда: Ўзбекистонда ҳаммасидан ҳам кўпроқ менга Қорақалпоғистоннинг чўллари ва табиат билан ёлғиз қолиш каби туйғуларни бошдан кечирганим ёқди. Атрофда фақат устозларинг – рельеф ва шамол.

Аммо агар рельеф минг йиллар давомида бир хил бўлса, унда шамол билан ҳамма нарса янада қизиқарли бўлади. Кеча сиз 25 км/соат тезликда ҳаракатланар эдингиз, орқангизга шамол урарди ва қалбингизда ўзингизни кучли ва ҳамма нарсага қодир эканингизга ишонч ҳукм сурарди. Бугун эса шамол юзимизга урилмоқда, тезлик 10 км/соатдан ошмайди ва ҳар бир дақиқа азобга солади.
Бу об-ҳаво ва рельеф қандай бўлишидан қатъи назар, асосийси йўлда давом этиш кераклигини ўргатади. Ҳамроҳ шамол йўлдан уради.
Тураргоҳларчи... Улар бир-бирига жуда ўхшаш! Мен ҳар бирини суратга олдим, лекин расмларда мен ўзим бирини бошқасидан ажрата олмайман. Ва бу бир хиллик эмас, балки ақл бовар қилмас чексиз, беҳад макон. Гўё қумлар каби бошлангандек ва ҳеч қачон тугамайдигандек.

Наташа билан мен ўрмонзор ҳудудида ўсганмиз, у ерда кўплаб дарахтлар бор ва ҳамма нарса жуда тор, шунинг учун саҳрода мени борлиқ завқлантирди. Қумлар – на баҳолашнинг, на идрок этишнинг, на тасаввур қилишнинг имкони мавжуд бўлмаган коинотдир.

Ва яна бир муҳим дарс. Чўлда яшириниш учун дарахтлар йўқ ва биологик эҳтиёжлар эса ҳеч қаерга йўқолмайди. Аввалига иложи борича узоқроққа боришга ҳаракат қилдим, аммо кейинчалик уят ҳам камайиб борди. Албатта, сиз машиналар камроқ ўтадиган вақт оралиғида улгуришга ҳаракат қиласиз, лекин агар ўтиб қолса ҳам энди фарқи йўқ. Ҳатто буни айтаётганимнинг ўзи ҳам катта гап. Илгари, мен бундай тафсилотни бегона одам билан бўлиша олмаган бўлар эдим, аммо энди бу мени ҳижолат қилмайди. Биз ҳаммамиз одаммиз.
Наташа: Саёҳат қилишдан олдин биз бегоналар уйига меҳмонга бормасдик, улар билан гаплашмасдик, энди эса деярли ҳар куни улардан сув сўраймиз. Аввалига биз маҳаллий аҳолидан энг яқин қудуқнинг қаердалигини билиш билан кифояланардик, энди эса ҳатто савдолашишни биламиз. Тўғриси, баъзида бозорларда тасодифий харидорлар биз учун савдолашишади. Улар ҳатто “рўпарангизда ахир меҳмонларку” деб сотувчини уялтиришлари мумкин.

Люда: Осиёда одамлар меҳмондўст. Масалан, Қозоғистонда, довонда бир милициячи: “Қизлар, нотўғри хаёлга борманглару, бироқ илтимос, шу пулни олиб, ўзингизга сув сотиб олинг” деди. Тожикистонда бир пайт менга чеккада жойлашган чодирларга бориш ноқулай эди, чунки одамлар мева ва сабзавотларни бепул беришарди. “Бу яхши эмас, ахир, мен шунча нарса олдим! Аммо мен барибир ҳам узум егим келяпти”... деб ўйлайди одам.
Тўхтайсиз, сотувчилар пулни рад этишади, сиз тўламоқчи эканлигингизни қатъий айтасиз, бир кило ўрнига уч кило мазали мева оласиз... Ва уларни олиб ўзингизни бахтли ҳис қилган ҳолда йўлга тушасиз. Помирдан тушганимизда, биз одамлардан совға сифатида жуда кўп олма олдик, уларни йўл давомида едик, кейин яна иккита шарлотка пишириғини ҳам пиширдик.

Тожикистонда, умуман, меҳмонга нисбатан ақл бовар қилмас муносабат кўрсатилади. Душанбега кечқурун саккизда, кўчалар аллақачон қоронғи бўлган пайтда етиб келдик. Ўриндиққа ўтириб, қаерда тунашни ўйлай бошладик. Кейин иккита тожикистонлик эркак (улар ҳам велосипедда) келишди ва суҳбат бошланиб кетди. Дунёдаги ҳамма нарсалар ҳақида ярим соат суҳбатлашдик.

Уй-жой йўқлигини билиб, янги танишларимиз бизга бошпана таклиф қилишди. Биз у уйда бир ҳафтадан кўпроқ турдик ва бир тийин ҳам тўламадик. Кейинчалик маълум бўлишича, ўша оқшом бахтли тасодиф билан биз уларнинг ўриндиғига ўтирган эканмиз. Худди шу тарзда, саёҳат бизни тақдирга ва одамларга ишонишга ўргатади.
Люда: Бир марта биз Ҳайдаркўлга кичик саёҳатга бордик, тушда йўл бўйида тўхтаб, дарахт соясида ухлаб қолдик. Мен юк машинаси сигнал чалаётганини эшитиб, кўзларимни очсам, нотаниш одамлар бизга иккита тарвуз олиб келишган экан.

Баъзида эса, ўзбекча меҳмондўстлик – чин дилдан ёрдам бериш хоҳиши эмас, очкўзликдек туюлади. Кимнидир ҳовлисида бир неча кунга ёки бир кечага чодиримизни қолдирсак, яшашга жойимиз борлигига қарамасдан қишлоқдаги ҳамма бизни ўз ҳовлисига меҳмонга чақирарди. Кейинчалик қўшнилар олдида меҳмонлар билан мақтаниш учун қилинарди, гўё.

Бир кун эса бир неча эркакли машина олдимизда тўхтади. Улар тўйга боришаётганди, улардан бири бизни тўйга мажбурлаб олиб бормоқчидек бўлди. Зўрға ундан қутилдик.

Наташа: Улар тўйга чет эллик меҳмонлар билан келишмоқчи эди.
Биз тўйда йиртиқ кийим, кир сочлар ва жароҳатланган тизза билан эмас, балки бошқа аёллар каби чиройли кўринишни хоҳлашимизнинг уларга фарқи йўқ эди.
Люда: Умуман олганда, ўзбек халқи доим ёрдамга қўлини чўзади. Биз миллионерларнинг фарзандлари эмасмиз, бироқ, ҳозир биз одамларнинг меҳрибончилиги эвазига яшаяпмиз. Ёпиқ чегаралар шароитида уй-жой учун пул тўламаслик биз учун катта ёрдам аслида, биз Тошкентда меҳмон ҳуқуқлари асосида яшаяпмиз. Самарқандда ҳам уй эгалари хонада қанча керак бўлса, шунча яшашга рухсат беришди. Улар ҳатто пойтахтда ёқмаса, қайтиб келишни таклиф қилишди.

Яна ўзбеклар вегетарианлик нималигини унчалик тушунишмайди. Сиз айтасиз:
- Мен гўшт емайман.
- Ҳа, ҳа, паловни татиб кўрганмисиз?
- Аммо мен гўшт емайман.
- Ҳа, лекин, гўштни олиб қўйиш мумкин!

Одамлар бирор ёмонлик исташмайди, уларнинг фикрича, бундай палов вегетарианлар учун тўғри келади.

Наташа: Тошкентдаги уйнинг эгаси бизнинг гўшт истеъмол қилмаслигимизни билиб, узоқ ўйланиб турди ва кейин: “Вегетариан бўлиш қимматку?” деб сўради. Аслида, вегетариан менюси қимматроқ эмас, мавсумийдир. Қишда дуккакли маҳсулотларни, винегрет, тузланган карам, корейсча сабзи истеъмол қиласиз. Буларни топиш осон.
Люда: Ўзбекистонда ва асосан Тошкентда велосипедчиларга яхши муносабатда бўлишмайди. Марказий Осиёнинг бошқа шаҳарларида биз бунақа ақлдан озган ҳайдовчиларни кўрмаганмиз. Душанбеда бизга боғлар ёқди, яъни инфратузилма қайсидир жиҳатдан ривожланган.

Наташа: Сергелида яшаганимизда пиёда юришнинг иложи йўқ эди. У ерда яшаш унчалик ёқимли эмас. Айланиш учун жойлар йўқ, атрофда ахлат жуда кўп. Шаҳар марказига бориш доимо азоб эди. Биринчидан, транспортни узоқ кутасиз. Иккинчидан, йўлда даҳшатли тирбандлик бор. Автобусга сиғишнинг ўзи катта машаққат эди.

Тошкент итларни яхши қабул қилмайди: автобусларда ит билан юриш тақиқланади, боғда юриш тақиқланади, ҳатто такса рюкзакда ўтириб, фақат бурун учи чиқиб турсада дўконга киришимизга рухсат берилмайди. Сотувчилар Ю ёнидан ўтиб қолса, уни олиб ташлашни сўрашади, ҳақоратлангандек сезишади ўзларини. Транспортда озиқ-овқат кўтариб олган одамлар ўринларини ўзгартиришади, маҳсулотсиз бўлишса ҳам қочишади.
Ю карантин пайтида Хивада.
Ю Ичан қалъада болалар қуршовида, Хива.
Люда: Хиваликлар итларга нисбатан кўпроқ дўстона муносабатда бўлишади. Биз қалъа ҳудудида яшадик ва болалар Юни кўриб жуда хурсанд бўлардилар. Такса билан сайрга чиқсангиз, 5 дақиқадан сўнг иккита бола, 6 дақиқадан сўнг – уч, 8 дақиқадан сўнг – 10 нафар бола ортингиздан келади. Бу ҳол биз қалъада бўлганимизда доим давом этди. Афтидан, ота-оналар болаларга шаҳарнинг тарихий қисмидан ташқарига чиқишни тақиқлашади.

Хивада Юни қўлда ушлаб дўконга ёки ҳатто супермаркетга кириш мумкин – ҳеч ким кетишни сўрамайди. Умуман олганда, Юга турли хил муносабатда бўлишади. Сўнгги ажаблантирган ҳолатлардан бири: бир киши Тошкентда машинада тўхтаб, ўзини овчи эканлигини исботлай бошлади, шунинг учун унга таксани бериш кераклигини тушунтира кетди. У ҳатто ўзи ўлдирган бўрининг фотосуратини ҳам кўрсатди. Ю акиллай бошлади. Биз унинг олдидан кетдик.
Қозоғистоннинг ғарбий чегарасидан чиқиб кетишга уриниш – мўъжиза юз бермади
Люда: 1 октябрь куни барча миллий янгиликлар чегаралар очилишини эълон қилди. Биз Қозоғистонга кетиш учун Қорақалпоғистонга бордик. Биз учун бу унчалик совуқ бўлмаган пайтда, Қозоғистон ва Россия бўйлаб саёҳат қилиш имконияти эди. Самарқанддаги каби бўлишига умид қилгандик. У ерда август ойининг ўрталарида тоғларга саёҳат қилиш тақиқланган эди, аммо аслида ҳамма сайрга чиққанди. Эҳтимол, чегарачилар аввалига рад қилишлари мумкин, кейин улар вазиятимизни тушуниб, “Яхши, сиз велосипеддасиз, сизга қийин, бораверинг” деб рухсат беришар.

Аммо чегарадан фақат узоқ масофали юк машиналари ва Қозоғистон фуқаролари ўтиши мумкин эди. Қолган машиналар кутишаётган эди. Одамлар орасида бешинчи санада йўловчилар ташиш бошланиши, бу ерда тиббий марказ қурилиб, COVID-19 учун синовлардан ўтиш ҳақида доимий миш-мишлар тарқалди. Аммо мўъжиза рўй бермади ва 6 октябрь куни Тошкентга қайтишга тўғри келди.

Бу сафар биз йўл йўлакай машина тўхтатишга қарор қилдик. Кун бўйи йўлда машина тўхтатдик, чунки чегарадан муҳрланган юк машиналари келмоқда, унда нарсаларни қўйиш учун жой йўқ. Ниҳоят, музлатгич машина ўтиб кетди ва бундай транспортда эса нарсалар учун алоҳида қути мавжуд. У ерга иккита велосипед ва бир тўда юкларимиз жойлашди.
Коронавирус бизни Буюк Саёҳатдан мосуво қилди
Люда: Мен “Вконтакте”даги блогимда велосаёҳат ҳақида ёзиб бораман. Дастлаб у дўстларимиз, оила аъзоларимиз ва танишларимиз биздан хавотирда бўлгани учун яратилган. Ҳаммага алоҳида ёзмаслик учун, мен қисқа хабарлар ва фотосуратларни эълон қилардим. Шундай қилиб, биз йўлда эканлигимиз ва ҳамма нарса жойида эканлиги уларга кўринарди. Аммо аста-секин қизиқишим ортиб, саёҳатни батафсилроқ ёритишни бошладим.

Ҳозир мен ёзмаяпман, чунки блог учун яхши кайфият талаб қилинади. Постлар қувноқ ва позитив бўлиши керак. Коронавирус мендан Буюк Саёҳатни тортиб олганини ҳис қиляпман. Биз 8 минг км йўл босиб, Арманистон, Озарбайжон, Туркияга боришни режалаштиргандик, лекин чегаралар ёпиқлиги сабабли биз ҳеч қаерга боролмаймиз. Ўзбекистон – бу режадан ушоқлар теришга уриниш.

Барқарор ишдан чиқиб, кимса билмас манзил томон йўл олиш одамга қўрқув соладими? Йўқ. Биринчи саёҳат йўл сизни ўзига боғлаб қўйдими йўқми деган саволга жавоб беради. Агар шундай бўлса, эндиликда иш фақат ҳаракат қилишда давом этиш воситасидир.
Бўшаш аризасини ёзиш, охирги иш кунини ўтказиб, нарсангизни йиғиш ва велосипедга чиқиш вақтингизни кутиш лаҳзаси билан яшайсиз.
Мен қўрққан ягона нарса – йўлга чиққач, энди менга ҳеч нарса қизиқ эмаслигини ва энди қийинчиликлар, иссиқлик, тиззаларимдаги оғриқ билан курашишни истамаслигимни англаш эди.

Аммо 20 км ўтгач, шу ерда, катта йўлда милтилловчи оппоқ белгиларга қараб, ўзимни уйдагидай ҳис қилаётганимни англадим. Мен ўз ўрнимдаман ва ўзимга ёққан иш билан шуғулланяпман. Қўрқувлар эса энди йўқ.
Матнни Екатерина Цой тайёрлади.
Фото муаллифи: Люда Цветкова / yu.travel.dog / Instagram
Материалларга бўлган барча ҳуқуқлар “Газета.uz” нашрига тегишли.
“Газета.uz” ва бошқа учинчи шахсларга тегишли www.gazeta.uz веб-сайтида жойлаштирилган фотографик, график ва бошқа материаллардан ҳар қандай ҳолда фойдаланиш тақиқланади.

Materialga izohlar

Izohni jo‘natish Chiqib ketish Bekor qilish Muallif: 6000 ta belgi qoldi.
"Gazeta.uz"da ro‘yxatdan o‘tish

Qo‘shimcha imkoniyatlarga ega bulish uchun saytda ro‘yxatdan o‘ting