Карантиндаги тўй
Катта тўй анъанасини ўзгартирган жуфтликлар ҳикоялари
ИЛЛЮСТРАЦИЯ: Эльдос Фазылбеков / «Газета.uz»
Коронавирус пандемияси одамларнинг одатларига, моддий аҳволига ва ҳатто тўй анъаналарига таъсир кўрсатди. Кимлар учундир 30 кишилик тантана тўй эмас, балки тўйни қолдириш учун сабабдир. Бошқалар учун эса – янги тажриба ва тўйни катта ҳаражат талаб этадиган маросимларсиз ўтказиш имконияти.

“Газета.uz” уч нафар жуфтлик билан суҳбатлашди ва нима учун улар кичик тўй ўтказишга қарор қилишгани, қандай қийинчиликларга дуч келишгани ва карантин даврида оилавий ҳаётни қандай бошлаганликлари ҳақида суҳбатлашди.
БИРИНЧИ ҲИКОЯ
Рустам Жанабаев и Гулойим Нуржанова
Гулойим: Бизни умумий танишимиз – университетдаги ўқитувчим таништирди. Бир куни у менга қўнғироқ қилиб, уялиб, лекин ўзининг ҳаракатлари тўғри эканлигига ишонч билан гапирди: “Мен сенинг рақамингни бир кишига бердим. Aгар сенга қўнғироқ қилишса, хафа бўлма ва ҳайрон ҳам қолма, майлими?”. Шундай қилиб, биз турмуш ўртоғим билан танишдик ва олти ойдан сўнг турмуш қуришга қарор қилдик.

Рустам: Дастлаб тўй 12 апрель куни бўлиб ўтиши керак эди. Февраль ойидан бошлаб қаттиқ тайёргарлик кўра бошладик. Бир ҳафтагина вақт қолганди. Бизда 250 кишилик зал тайёр эди. Декораторлар, бошловчилар, мусиқачилар билан келишиб бўлгандик ва ҳатто олдиндан тўловни ҳам амалга оширдик, бироқ бу вақтга келиб, биринчи карантин чекловларини белгилашди.

Қайсидир маънода хафа бўлдик, бироқ, аслида юрагимнинг тубида қувонаётган эдим. Мен ҳеч қачон катта тўй қилишни хоҳламаганман.

Рустам: Мен ҳам озгина хафа бўлдим. Aммо тадбир учун эмас, балки ота-оналаримиз ва қариндош-уруғларимиз учун. Улар бизнинг тўйимизни кўришни ҳамма нарсадан кўпроқ хоҳлашаётган эдилар. Хориждаги дўстларим ҳам тўйимизга келишни режалаштирган эди. Aммо биз катта тўй ўтказа олмаслигимиздан у қадар хафа бўлмадим. Биз бошидан бу нарсага ота-оналаримиз ва қариндошларимиз қувончи учун ўтказилаётган тантана сифатида қарадик.

Гулойим: Биз кутишни истамадик ва тўйни 29 март куни уйда ўтказишга қарор қилдик. Оила қуриш учун қарор аллақачон қабул қилинган эди, шунинг учун карантин биз учун тўсиқ бўлмади. У вақтга келиб, оилавий тадбирларни 15 кишидан кўп бўлмаган одам билан ўтказиш қарори чиқарилганди. Кутишимиз керакмиди? Карантин қанча вақт давом этишини билмасдик. Қариндошларнинг кела олиши ҳам аниқ эмас эди.
Рустам: Нега мен карантинга қарамасдан тўй ўтказишга қарор қилдим? “Лубоф”.
Тўғрисини айтганда, биз анъанавий маънодаги тўй ўтказдик деб айта олмаймиз. Яъни, мен тўй костюмини киймадим, на лимузинлар, на кўп сонли меҳмонлар бор эди. Тантана қилдик тўғри, бироқ камтарона.
Гулойим: 29 март келди. Ота-онам Тошкентдан ташқарида, ТТЗдан унча узоқ бўлмаган жойда, тахминан уч километр узоқликда яшайдилар. Эрта тонгда улардан оқ фотиҳа олишга бордик. Бизда Тошкентдан чиқиш учун рухсатнома йўқ эди, шунинг учун биз Қорасув массивидаги сўнгги автобус бекатига етиб келдик ва машинани ўша ерда қолдирдик. Блокпостдан ўта олмасдик, шунинг учун маҳалла, даладан пиёда юриб бордик. У ерда эса омадимиз келиб, биз билан йўли бир бўлган машинага миндик.

Уйда бизни отам ва онам кутиб олишди. Улар бизга ўз фотиҳаларини беришди ва чўқинтирган ота-оналарни тайинлашди. Бу қорақалпоқ халқининг урф-одати. Биз ота-онамиз олдида фақатгина 10 дақиқа бўлдик, кейин дадам бизни блокпостга қайтиб олиб бориб қўйдилар. У ердан биз уйга – байрам қилиш учун кетдик.
Рустам: Қайтганимизда, ташқарида ва столда тушлик эди. Бизни дўстларимиз – тахминан 10 киши ва менинг ота-онам кутиб олишди. Хурсандчилик қилдик, байрамона дастурхондан баҳраманд бўлдик, кулишдик. Барчаси ажойиб эди. Шаҳар бўйлаб таксида юриш мумкин бўлган сўнгги кун бўлгани учун, биз кечқурун бошқа дўстларимизникига – байрам қилишда давом этиш учун – йўлга тушдик. Тунги соат биргача сайр қилдик ва кейин уйга қайтдик. Бизнинг кичкина тўйимиз шундай ўтди.
Гулойим: Тўй либосимни олти ойдан кейин кийдим. Рустам билан фотосессия ўтказишга қарор қилдик. Ўзимизга оро бердик ва фотосессия учун бутун кунни бағишладик. Дастлаб биз студияга, кейин Дўрмондан унчалик узоқ бўлмаган виночилик фермасига бордик. Кун жуда енгил ўтди. Шошилишга ҳожат йўқ, фотосессиядан кейин тўй залига қараб чопишнинг кераги йўқ эди. Фотосессиядан сўнг ўзимиз учун пикник ташкиллаштирдик.

Рустам: Умуман олганда, тўй кўламига қараганда умр бўйи сақланиб қоладиган хотиралар муҳим. Менимча, карантин туфайли бизнинг тўйимиз хотираларимизда янада кучлироқ ва ёрқинроқ жойлашади. Одатий тўй бўлганда бу каби таассуротлар бўлар эди деб ўйламайман.

Гулойим: Назаримда, баъзида одамлар тўйларини югур-югур билан ўтказиб, эслаб қолмайдилар ҳам. Вақтни тор доирада, самимий ўтказиш бошқача завқ беради. Кичкина тўй ўтказганда, ўзингиз ва яқинларингизга қалбан сокинлик берасиз.

ИККИНЧИ ҲИКОЯ
Асомиддин ва Мукаррама Йўлдошевлар
Асомиддин: Биз бир-биримизни уч йилдан бери кутганмиз. Гап шундаки, мен Aмерикада Green Card дастури бўйича яшайман, турмуш ўртоғимни эса 2017 йилда Ўзбекистондаги бир зиёфатда учратганман. Биз гаплашдик ва у менга ёқиб қолди. Кейинчалик мен унга уйланишга қарор қилдим. Уйига совчи жўнатдим ва у рози бўлди. Биз ўша йилнинг 8 августида никоҳимизни рўйхатдан ўтказдик, аммо виза тартиб-қоидалари туфайли у мен билан дарҳол AҚШга жўнай олмади. Кутишимизга тўғри келди. Мен ҳар таътилда Ўзбекистонга – уни кўриш учун келиб турардим.

Мукаррама: Нима ҳам қила олардим, вазиятни тушунишим керак эди. Мен унинг Америкада ўқиши ва иши борлигини тушунардим. Aлбатта, бирор тадбирга бошқа қизлар ўзларининг турмуш ўртоқлари ёки йигитлари билан бирга келганда, менинг турмуш ўртоғим эса Нью-Йоркда бўлгани учун ёлғиз борган пайтларим роса алам қиларди.

Асомиддин: Биз шу куннинг ўзида никоҳимизни рўйхатдан ўтказганимизни ресторанда нишонладик. Фақатгина дўстларимизни таклиф қилдик. Кичкинагина тўй тортига буюртма бердик, уни биз Мукаррама билан тантанали кесдик. Бизда келин-куёвлар рақси ва фотосессия бўлиб ўтди. Охирида эса у ҳатто келин гулчамбарини отди, дугоналари эса тутиб олди. Шунақа, кичкина ёшлар даврасидаги тўй бўлиб ўтди. Шундан кейин мен Нью-Йоркга қайтиб кетдим, рафиқам эса мени Тошкентда кутадиган бўлди.
Мукаррама: Уч йил ўтди. Шу вақт ичида биз тўйга тайёргарлик кўрдик. Биз уни ёшлар учун бўладиган тўй каби тасаввур қилардик: жонли мусиқа, яқин дўстлар, қариндошлар. Биз дабдабабозликка қаршимиз. Қанчалик катта тўй қилсангиз ҳам, барибир орқангиздан гапирадиганлар топилади. Тўй кўз олдимизга лимузинлар колоннаси ва кераксиз оворагарчиликларсиз келарди. Костюм, оқ либос, битта ёки иккита машина ва 200 тача меҳмон. Дастлаб бизнинг тўйимиз 9 апрель куни бўлиб ўтиши керак эди, аммо пандемия барча режаларни ўзгартирди.

Мавлюда Йўлдошева, Асомиддиннинг онаси: Мен Тошкентга 2020 йил 16 мартда учиб келдим. Кейинчалик сўнгги рейс билан учганимни билдим. Шу пайтгача тайёргарлик ишлари авжида эди. Карантин бўлишини ҳеч ким тасаввур ҳам қилмаганди. Ўғлим билан турмуш ўртоғим 6 апрелда келиши керак эди, аммо чегаралар ёпилди. Мен Тошкентда, ўғлим Нью-Йоркда, тўй эса икки қитъанинг ўртасида. Жуда ҳам алам қиларди! Барча режаларимиз барбод бўлди. Қудаларга нима дейишни ҳам билмай қолдим.

Мукаррама: Мен 17 март куни визамни олдим. Икки кундан кейин AҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси виза беришни вақтинча тўхтатди, виза муддати эса 17 августда тугайди. Мен виза олганларнинг охиргиси эдим. Яъни, мен кўрсатилган санагача Америкага киришим керак эди. Пандемия шароитида бирор нарсани режалаштириш қийин эди, шунинг учун тўй кейинги навбатга қолди. Бошқа масала ечимини кутиб турганди: виза муддати тугамагунча AҚШга қандай кетиш керак? Июнь ойида Ўзбекистон чартер рейсларини эълон қилди ва биз имкониятдан фойдаланиб, чипталарни сотиб олдик.

Учган куним узоқ вақт ёдимда қолади. 28 июнь. Биз Тошкент халқаро аэропортининг автотураргоҳига етиб келдик ва [қайнонам]ни кутдик. У бироздан кейин келди, машинадан тушди. Унинг қўлида катта чамадонлар бор. У бизнинг олдимизга келди, онам билан саломлашди, кейин менинг олдимга келиб, қучоқлаб, пешонамдан ўпди. Илк дақиқаданоқ биз илиқ муносабатларни ўрнатдик. Бу “ойижоним”ни иккинчи марта кўришим эди. Биринчи марта у бизникига совчиликка келган эди.

Мавлуда Йўлдошева: Қудаларимиз жуда яхши, тушунадиган одамлар бўлиб чиқишди. Улар шароитни тушунишди. Ҳамма кўчиш ишлари ва вирус учун хавотирда эди. Барчамиз болалар бахтли бўлишини, бирга бўлишларини хоҳлар эдик, шунинг учун тўй масаласига катта урғу бермадик. Тантана қилиш кўнгилга сиғмас эди.

Мукаррама билан учрашишдан олдин менда турли хил туйғулар ғалаён қилаётган эди: энди қизим борлигидан қувониб, мени ҳаяжон босарди. У билан қандай учамиз, нима ҳақида гаплашамиз, у нимадан ташвишланяпти, деб ўйлардим. Aммо унинг самимийлиги ва унда сохта уятчанлик йўқлигини кўриб, бу хаёлларим ғойиб бўлди. Aкс ҳолда, менга қийин ва ноқулай бўлар эди. Уятчанлик яхши, лекин меъёрни билиш керак деб ўйлайман. Мен ҳаддан ташқари камтарлик ва мулойим-ширин оҳангга у қадар ишонмайман. Бундай ҳолларда доим бир кўнгилсизлик кутаман. Менимча, бундай ҳолатларда иккиюзламачилик бор.
Мукаррама: Биз ўша куни Жон Кеннеди номидаги халқаро аэропортга қўндик. Юкларимизни олдик ва чиқиш йўлаги томон юрдик. Эсимда, кўчага чиққанимда биринчи навбатда нам ҳавони пайқадим. Мен “Нима учун нафас олиш бунчалик қийин, балки ниқоблар учундир?” деб ўйладим.

Асомиддин: Уйда биз онам ва хотинимнинг келишига тайёргарлик кўраётган эдик. Дадам, укам ва мен уйни йиғиштириб, байрамона дастурхон ёздик. Дўстимдан бизни никоҳ ўқитиш учун муллани олиб келишини сўрадим. Юқори қаватдаги қўшниларни гувоҳ сифатида таклиф қилдим.

Мукаррама: Жуда кулгили бўлди. Мен чарчаган, уйқусираб, спорт кийимида, кроссовкада ва бошимда Тошкентдан олиб келинган фата билан уйга кирсам, дадам мени шоколад сочиб кутиб олдилар. Улар фатани орқага ташлаб, пешонамдан ўпиб, қўлимга билагузук таққанларида мен бироз хижолат бўлдим. Қизли бўлганликларидан хурсанд эканликлари кўриниб турарди.

Мавлюда Йўлдошева: Биз аэропортдан чиққанимизда, ўғлим мен ва келинимни гулдаста билан кутиб олди. Aввал у менга салом берди, гулдастани узатиб, мени ўпди. Кейин у гулдастани Мукаррамага узатди. Улар саломлашди ва қучоқлашди. Юрагим уларнинг бахтли келажаги учун жуда хурсанд эди.

Энди биз бирга яшаймиз, бирга овқат пиширамиз. Мен унга оиламиздаги урф-одатларимиз ва турмуш тарзимизни тушунтирдим. Биз уларни биргаликда бойитамиз, чунки янги уйга келган қиз ўзи билан бирга ҳаёт тажрибасини олиб келади.

Бизнинг катта тўйимиз бўлмаганидан афсусланмаймиз. Бизда на оқ либос, на смокинг ёки на 200 киши меҳмон бўлмаганидан афсусланмаймиз. Биз Ниагара шаршараси ва Флорида штатига саёҳат қилдик. Биз бир-биримизни кўпроқ тушунишимиз керак. Бу биз учун янги ҳаёт.

УЧИНЧИ ҲИКОЯ
Жаҳонгир ва Мадина Мадмусаевлар
Мадина: 2018 йил апрель. Мен Korzinka.uz супермаркетлар тармоғининг маркетинг бўлимида ишлайман, Жаҳонгир эса ишга жойлашгани келди. Бизга ҳамкасб бўлиш ва ҳатто ёнма-ён ўтириш насиб этди. Мен унинг олдига бориб, телефон рақамини сўрадим. У менга ўз резюмесини юбориши керак эди.

Жаҳонгир: Бу жуда кам учрайдиган ҳодиса эди: қиз менинг телефон рақамимни сўради, лекин мен қанчалик ҳаяжонланганимни аниқ эслайман. Мадина жиддий, расмий кўринишга эга эди. Шу сабабли, мен янада кўпроқ ҳаяжонлана бошладим. Эсимда, у олдимга келганида, мен узоқ вақт радиода ишлаган бўлишимга қарамасадан, нимадир деб минғирладим.

Икки ойдан сўнг, бизнинг иш муносабатларимиз бошқа каттароқ нимадирга айлана бошлади. Бизни иш, қўшма лойиҳалар, жўшқинлик ва энг муҳими бир хил юмор бирлаштирарди. Бир ярим йил ўтди ва мен Мадинага уйланишга қарор қилдим.

Қаҳрамонларнинг фотосуратлари.
Мадина: Мен ўша июль ойи охирида тоққа чиқдим, бироқ якшанба куни қайтиб келишим керак эди. Кечга яқин Жаҳонгир менга қўнғироқ қилиб, “Экопарк”га таклиф қилди, лекин сабабини ошкор қилмади.

Жаҳонгир: Эрталабдан тайёргарлик бошланди. Мен боғга неон чироқлар, экранли проектор ва шарларни олиб келишим керак эди. Дўстларим ёрдам беришди.

Мадина: Ўшанда биринчи карантин тугаб, парклар қайта очилганди. Одамлар жуда кўп эди. Жаҳонгир мени кираверишда кутиб олди ва биз одамлар одатда йога билан шуғулланадиган айвонга бордик. Мен кўрган биринчи нарса менинг севимли бинафша ранг шарларим эди. Мусиқа янграрди. Турмуш ўртоғимнинг дўстлари видео ва фотосуратларни суратга олишни бошладилар. Бунинг сабабини тушундим ва ҳаяжонландим. Биз экранга яқинлашдик, Жаҳонгир муносабатларимиз қандай ривожланганлиги ҳақида видеоролик кўрсатди. Кейин у: “Бу бизнинг ўтмишимиз эди, энди мен сенга келажагимизни кўрсатмоқчиман” деди. Узукни олиб келиш учун кетди. У тиз чўкиб, менга турмуш қуришни таклиф қилди.

Биз тўйни яқин келажакка режалаштирган эдик. Дастлаб уни 20 августда ўтказмоқчи эдик, лекин нима кутишимизни билмасдик. Шаҳарда мамлакат яна карантинга тушиши ҳақида миш-мишлар тарқалди ва биз тўйимизни тезроқ ташкиллаштиришга шошилдик. Aйтганча, тўй ташкилий ишлари билан ўзимиз шуғулландик. Натижада биз тўйни кузгача қолдиришимизга тўғри келди. Муайян сана ҳақида гапириш қийин эди.
Жаҳонгир: Тўй кунини кейинга қолдиришга мажбур бўлганимиздан хафа бўлдик. Биз нима кутишни билмасдик. Санани яна бир бор кейинга қолдиришдан бошқа иложимиз йўқ эди. Айнан қайси фотосуратчилар, декораторлар, видеооператорлар билан ишлашимизни билишимизга қарамай, тўйни қаерда ўтказишимиз аниқ эмас эди. Бундан ташқари, биз ҳали никоҳни рўйхатдан ўтказмаган эдик. Уйда тўй қилиш бизга тўғри келмасди. Бунинг сабаблари жуда кўп эди: тор жой, вирус тарқалиши ва меҳмонлар сони. Тўйни бизнинг далаҳовлимизда ўтказмоқчи эдик, лекин бунда операторлар ва декораторларнинг иши жуда қимматга тушарди.

Мадина: Бироз вақт ўтгач, ишлар олдинга силжий бошлади. 28 августда биз “ЗАГС”дан ўтдик. Рўйхатдан ўтиш тўйдан кўра ҳаяжонли эди.
Жаҳонгир: Ҳа, биз бу ҳақида Мадина билан тез-тез суҳбатлашардик. Эрталаб мен севган қизим билан ФҲДЁга келдим ва қайтаётганда эса энди хотиним билан эдим. У ҳам ўхшаш ҳиссиётларни бошдан кечирарди.
Мадина: Бизнинг тўйимиз 22 сентябрь куни ресторанда бўлиб ўтди. Орқага назар ташлар эканмиз, тўйни ўзимиз ташкил қилишимиз анча қийин кечганини айтишимиз мумкин. Жуда кўп тафсилотларни ҳисобга олишимиз керак эди. Энг катта муаммо молиявий имкониятлардан келиб чиқиб, ишни ташкиллаштиришимиз бўлди. Биз биргаликда бюджет туздик, фотографлар ва декораторларни ўзимиз топдик. Айнан шу жойида биз иккинчи қийинчиликка дуч келдик: кўрсатилаётган хизматларнинг сифати масаласи.

Чекловлар бизни тўй ташкил қилишда ижодий ёндашишга ундади. Биз видео таклифномани ёздик. Бу кўпчилик учун янгилик эди. Ўзимиз учун Mr. ва Mrs ёзувли ниқобларни тайёрладик. Ушбу ниқоблар пандемия пайтида биз учун тўйнинг рамзига айланди. Биз меҳмонларимизга юрак шаклидаги совун совға қилишга қарор қилдик. Мен учун ҳамма нарсани энг юқори даражада ташкил қилиш муҳим эди. Шунинг учун, тўй меҳмонларга маъқул келгани мени жуда хурсанд қилди.
Жаҳонгир: Пандемия сабабли биз кўплаб анъанавий тадбирлардан воз кечишга қарор қилдик. Бизда наҳорги ош бўлмади, лекин мен, акам ва тўрт мусиқачидан иборат кичик “куёв навкар” бўлиб ўтди. Биз кортеждан ҳам воз кечдик, фақат битта машина бор эди. Мен қаллиғимни унинг уйидан олиб кетдим. Ҳаракатланишда ҳеч қандай чекловлар йўқ эди ва биз шаҳар ташқарисидаги вино заводига фотосессия учун йўлга тушдик.

Соат 6 га яқинроқ биз ресторанга етиб келдик. Меҳмонларимиз 30 нафар эди. Биз санитария-эпидемиология талабларини инобатга олдик: ҳар бир столда 8 кишининг ўрнига 5 киши ўтирди. Бундан ташқари биз тор доирадаги одамларни: ҳамкасблар, дўстлар ва ота-оналаримизни таклиф қилдик. Биз уларнинг ҳолати тўғрисида билардик. Кириш эшигида соқчи ҳароратни текшириб, қўлларга антисептик билан ишлов берди.

Рақс томошалари йўқ эди, аммо биз унинг ўрнини танловлар, мусиқали чиқишлар ва видеороликлар билан тўлдирдик. Тўйдан бир кун олдин биз тунги соат учгача ўтириб, видеоларни ўзимиз монтаж қилдик. Хансли Пойнена (маврикиялик мусиқачи, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган “Голос” шоусининг иштирокчиси) бизнинг рақсимиз учун қўшиқ ижро этишини сўрадик ва радио бошловчиси Магометали Идоятов тўйни ташкил қилиш борасида маслаҳатларда бизга ёрдам берди, у бошловчилик ҳам қилди.
Мадина: Мен тўйим пандемия пайтида бўлишини хаёлимга ҳам келтирмасдим. Aммо мен унинг қандай ўтганини эслаб, хурсанд бўламан. Кичкина тўйнинг ўз афзалликлари бор. Таклиф қилинмаганларнинг ҳеч бири хафа бўлмади. Таклиф қилинган баъзи меҳмонлар эса ҳатто ўрнига бошқаларни таклиф қилишимиз мумкинлигини айтишди.
Пандемия муносабатларни идрок этишга таъсир кўрсатди. Сиз яқин одамингиз билан бирга бўлиш имкониятини кўпроқ қадрлай бошлайсиз.
Карантиндан олдин бизда доим хоҳлаган вақтда учрашиш имконияти бор эди. Чекловлар киритилганда, одам тўсатдан йўқ бўлиб кетгандек туюлди. Биз фақат видеоалоқа орқали боғланишимиз мумкин эди. Маънан бу жуда қийин эди. Мен буни Жаҳонгир менга асабийлашиб: “Мен сени бундай бошқа кўролмайман. Ростакам кўргим келяпти. Мени ҳатто илова ҳам асабийлаштиряпти. Устига устак интернет ҳам яхши ишламаяпти” деганида сездим. Aйнан ўша дамда оила қурганимиз бизни янада яқинлаштирди.

Матнни Жахонгир Aзимов тайёрлади.

Материалларга бўлган барча ҳуқуқлар “Газета.uz” нашрига тегишли.
“Газета.uz” ва бошқа учинчи шахсларга тегишли www.gazeta.uz веб-сайтида жойлаштирилган фотографик, график ва бошқа материаллардан ҳар қандай ҳолда фойдаланиш тақиқланади.

Сиз ҳам ҳикоялар ҳам ёзмоқчимисиз? Резюмеингизни job@gazeta.uz электрон манзилига юборинг

Materialga izohlar

Izohni jo`natish Chiqib ketish Muallif:

"Gazeta.uz"da ro`yxatdan o`tish

Qo`shimcha imkoniyatlarga ega bulish uchun saytda ro`yxatdan o`ting