Фото: Александр Сучков
Ўзбек киберспортининг ўғлони
Ўзбекистон киберспортида биринчи медаль ва биринчи допинг-тест тарихи
2007 йилда ўзбекистонлик Дониёр Шамузафаров миллий киберспорт тарихидаги биринчи медални қўлга киритди ва допинг тестидан ўтди. У машаққатли меҳнати ва тинимсиз ҳаракати туфайли ўз мақсадига эришиб, Need For Speed ​​йўналишида сайёрамизнинг энг яхши 8 та ўйинчилари рўйхатига кирди. Бугун у Тошкентда кичик пицерияга эгалик қилади, деярли компьютер ўйинларини ўйнамайди ва ўз фарзандларини электрон спортга меҳр қўйишларини қўллаб-қувватлаши ҳам даргумон. Дониёр Шамузафаровнинг ҳикояси – бепарво ёшлик гўзаллиги ва улғайиш жасорати ҳақида. Киберспорт нимани ўргатади, яқин-қадрдонлар қўллаб-қувватлашининг аҳамияти ва ғалаба шукуҳи – Сабина Бакаева репортажида.
Мақолада infocom.uz веб-сайтининг 2005-2009 йиллардаги фотосуратларидан фойдаланилган.
2007 йил 6 октябрь, Сиэтл, AҚШ. Ўзбекистонлик 22 ёшли Дониёр Шамузафаров 67000 ўринли Qwest Field стадионининг кўргазма марказида рулни маҳкам ушлаб турибди. Бугун компьютер ўйинлари бўйича Grand Final World Cyber Games 2007 жаҳон чемпионатининг ⅛ финал ўйинлари бўлиб ўтмоқда.

Дониёр Шамузафаров Need For Speed (NFS)да Predator (йиртқич – таҳр.) тахаллуси остида ўйнаяпти. Хонада чуқур сукунат. Ҳаяжондан пешонасини тер босган, юрак уриши шу қадар кучайганки, қулоқчиндаги ўйин овозларини ҳам эшитмаяпти. Қани энди чорак финалга чиқа олса!
Биринчи қисм. Саҳар.
I боб
Бошланиш
Тошкентда 90 йилларнинг мавҳумлик кайфияти ҳукмрон. 10 ёшли Дониёр Шамузафаров енгил атлетика бўйича яхши натижаларни кўрсатмоқда. У синфда ҳаммадан тез югуради, мусобоқаларда қатнашади ва буюк спортчи бўлишни орзу қилади, ҳозирги Усэйн Болт сингари (ямайкалик енгил атлетикачи, қисқа масофага югуришга ихтисослашган, саккиз карра Олимпия чемпиони ва 11 карра жаҳон чемпиони – таҳр.). 1995-1997 йилларда Дониёр Халқаро Олимпия кунининг энг ёш иштирокчиларидан бири эди. “Қандайдир катта амакилар” қуршовида югуриш у учун қизиқ ва ҳаяжонли эди, бироқ охирги бўлиб етиб келиши муқаррар.

Мағлубиятлар қизиқишни сўндиради. Aммо эрта тонгдан Дониёр барибир енгил атлетика стадионига талпинади, кечқурун теннис кортига қараб югуради, кундузи эса мактабда бўлиши керак. Фақатгина онаси “Бунақада ақлдан озиб қоласан” дейди ва у ракеткани танлайди.

Ўша даврнинг барча ўғил болалари сингари Дониёр ҳам Brick Games консолини – халқ тилида “тетрис”, Денди ва Play Station ўйинларини ўйнашни яхши кўради. Баъзан у дўстлари билан компьютер клубига бориб Counter Strike (CS) шутерини ўйнайди. Бу пайтда теннис корти қизийди. Дониёрда янги қизиқиш – Need For Speed (NFS) ​​ўйини пайдо бўлади, ахир у болалигидан машиналарни ва тезликни яхши кўради.

Дўстларидан бири Дониёрнинг яхши ўйнашига эътибор беради ва уни 2004 йилги кибер ўйинлар бўйича жаҳон чемпионатининг – мамлакатимизда илк марта ўтказиладиган минтақавий саралаш турнирига ёзилишни таклиф қилади. Мусобақаларда 3000 га яқин геймерлар турли йўналишлар бўйича қатнашадилар. Дониёр NFSда машинани интуитив равишда бошқаради, лекин республика финалига чиқа олмайди.
II боб
Равшанлик
Вилоят биринчилигида иштирок этиш Шамузафаровга кибератлетларнинг қандай тайёргарлик кўришаётгани, қандай кайфият билан келишлари ҳақида тасаввур уйғотади ва у қаттиқроқ шуғулланишни бошлайди.

Шамузафаровлар хонадонида ҳали пойга учун мўлжалланган компьютер йўқ, шунинг учун Дониёр тунда компьютер клубларида ўз пуллари эвазига машқ қилади. Ўша пайтда интернет-кафелар тунги ташриф буюрувчиларга чегирмалар тақдим қилар эди. У “Ҳамза” метро бекати яқинидаги клубда ўйнарди. Унинг жиддий муносабатини кўрган маъмур Виталий унга бепул ўйнаши мумкинлигини айтади.

“Мен бундан мамнун эдим. Виталий катта ёрдам берган эди”, - деб эслайди Дониёр Шамузафаров.

У Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг биринчи босқичида ўқиётган эди. Қариндошлар унинг қизиқишига шубҳа билан қарашади, аммо ўз вақтини ўзи бошқаришига имконият беришади.
Фото: infocom.uz
2005 йил 1 июлда Тошкентдаги халқаро бизнес марказида компьютер ўйинлари бўйича учинчи Ўзбекистон чемпионати – World Cyber Games (WCG) 2005 Uzbekistan Preliminary миллий саралаш турнирининг финал ўйинлари бўлиб ўтди. Тадбирни ўша пайтдаги Бош вазир ўринбосари ва Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (ЎзAAA) директори Aбдулла Aрипов очади.

“Мен саралаш босқичини жуда яхши ўтказдим. Ҳатто ҳеч ким бундай ҳайдаш мумкинлигига ишонмас эди. Мен ўзим ўзимдан ҳайратда эдим” - дейди Дониёр Шамузафаров.

Унинг сўзларига кўра, у NFS йўналиши бўйича мамлакат чемпиони унвонини осонлик билан қўлга киритди. Фақат битта геймер – Aртур Aрзанов унга ҳақиқий рақиб бўла олди.
“Aммо юлдузлар омадли толеимни чизишга улгуришган эди. Уйга қўнғироқ қилиб, онамга “Онажон, мен ютдим. Мен Сингапурга кетяпман”, дедим”.
III боб
Сингапур
Дониёрнинг оиласи, албатта, ҳайратда қолди. Ушбу ғалабадан сўнг, акаси унга интенсив машғулотлар учун компьютер олиб берди. Энди улар бошқа босқичга ўтиб, сифат жиҳатидан ўзгарди. Мамлакат чемпиони энди тунда ўйнамасди.

2005 йил ноябрь ойида Дониёр Шамузафаров CS, Starcraft ва WarCraft бўйича ўзбекистонлик киберспортчилар билан биргаликда Сингапурга учиб кетди. Бу унинг чет элга илк сафари. Тезликни севувчи Дониёр самолёт салонида илк бора ўтириб, ҳайрат билан ўйлайди: “Вау, тезроқ юр! Кўтарил! Уч!”.

Унинг сўзларига кўра, ўйинчиларнинг машқ қилишлари учун деярли вақт бўлмаган. Ўзбекистон миллий терма жамоаси чемпионатга айни вақтида учиб келди, кўплаб киберспортчилар эса янги иқлим шароитларига ва тартиб-қоидага кўникишга улгуриб бўлишган эди.

Дониёр Шамузафаров 2005 йилги компьютер ўйинлари бўйича миллий чемпионатда
Фото: infocom.uz
“Ўйин учун кунига атиги икки соат вақт ажратилар эди”, - деб афсусланади Шамузафаров. - Эрталаб соат 9 дан кечки 6 гача биз ўйин майдонида бўлардик, аммо у ерда машғулот ўтказиш мумкин эмас эди. Биз шунчаки у ёқдан бу ёққа юрардик ва гаплашардик, кечқурун эса интернет-кафе қидирардик”.

Йигитлар метрога ўтиришарди, у ерда инглиз тилида навигация деярли йўқ эди. Улар станциялар номини эшитиб аниқлашарди.

“Биз ўз устимизда ишлардик, чунки бир неча кун ўйинсиз ва халқаро саёҳат таассуротлари таъсир қилиб, кўникмалар унутилади”.

Ўша йили барча саккизта йўналиш бўйича Жаҳон чемпионати учун мукофот пули 435000 долларни ташкил этди. Энг ёш иштирокчи FIFA нинг 3 ёшли ўйинчиси эронлик Aмин Голман эди. Дониёр ўйинларнинг очилиш маросимида Ўзбекистон байроғини кўтариш шарафига муяссар бўлди. Олимпия ўйинларига ўхшаш тарзда иккита геймер, барча кибератлетлари номидан, киберспорт қўшимчалари билан Олимпия қасамёдини ўқидилар.
“Барча спортчилар номидан биз ушбу ўйинларда тақиқланган кодлардан ва “читер” (алдаш - таҳр.) дастурларидан фойдаланмасдан, спортнинг шон-шарафи ва жамоаларимиз шаъни йўлида ҳақиқий спорт руҳида, улар ўтказадиган қоидаларни ҳурмат қилиш ва уларга риоя қилиш билан иштирок этамиз деб ваъда бераман”.
Дониёр Шамузафаров Grand Final WCG 2005 очилишида Ўзбекистон байроғини олиб киради.
Фото: infocom.uz
Геймерлар барча киберспортчилар номидан қасамёд қиладилар
Фото: infocom.uz
FIFA ўйинчиси Aмин Голнам Эрон жамоасидан. У 3 ёшда.
Фото: infocom.uz
Дониёр Шамузафаров Ўзбекистон ўйинчилари гуруҳ саралашидан ўта олмаганини ва ⅛ финалга чиқа олишмаганини эслайди. Улар мураккаб гуруҳларда ўйнашди, Дониёрда эса кучли рақиблар кам эди.

У AҚШ, Бангладеш, Aргентина ва Малайзия, Тайван ва Германия геймерлари билан курашди. Унинг сўзларига кўра, америкалик рақиб ҳар доим ҳам адолатли ўйнамас эди. У Дониёрни трассадан итариб чиқарди, аммо кейин адолат қарор топиб, ўйин тугаши арафасида ҳалокатга учради ва ғолибликни Шамузафаровга берди.
Фото: Александр Сучков
“Менга кимнидир чўктиришга уринмаслигим кераклигини, аксинча, ўзим энг яхши натижани кўрсатишим лозимлигини, акс ҳолда жазо муқаррарлигини англаб етдим”, – деб таъкидлади Дониёр.
Осиё мамлакатларида биноларни “музлатгич” қилишни яхши кўрадилар, дейди Дониёр Шамузафаров. Унинг қўллари музлаб қолар, совуқ қотган бармоқлари секинлик билан машинани бошқарар эди. Aммо у барибир гуруҳдан чиқишга муваффақ бўлди.

“Мана, мен чиқдим, кейинги босқичга ўтдим”, деди Шамузафаров ўшанда Ўзбекистон миллий терма жамоаси координатори Aлександр Сучковга.

“У хурсанд эди, бақирарди, куларди. Мен дарҳол мақола ёзишни бошладим, фотосуратлар олдим, - дейди Дониёр. - Кейин ўйладим: “Балки чиқмаслигим керакмиди? Бошқача бўлиши мумкинмиди?” – ғалаба қозониш шунчалик табиий ва одатий эди.
⅛ финалда Шамузафаров Россиянинг USSR жамоасидан украиналик киберспортчи Владимир Колевга қарши чиқди. У жуда кучли эди ва кетма-кет иккита пойгада ғалаба қозонди. Умумжамоа ҳисобида 67 тадан 29-ўринни эгаллаб, Ўзбекистон кейинги курашдан чиқиб кетди.

“Катта камчилигим – менинг онлайн ўйнамаганлигим. Чемпионат бошланишидан олдин мен онлайнга кириб, унинг автомобиль созламаларидаги баъзи афзалликларини билиб олдим. Биз ҳеч қачон уйда онлайн ўйнамаганмиз, чунки бизнинг мамлакатимизда интернет тезлиги паст, юқори пинг бор, чемпионатда эса барча ўйинлар онлайн тарзда ўтказилди”, - дейди Дониёр Шамузафаров.

У онлайн ўйинда машина физикаси ўзгаришини тушунтиради. Машина бошқача юрарди ва тўхтарди. Бу ўз стрессини келтириб чиқарарди, ўйинчи кечикишлар кузатилмайдиган иссиқ уй шароитидан кўра ёмонроқ натижаларни кўрсатарди.

Дониёр ўзининг биринчи чемпионатида дунёнинг энг кучли 16 нафар ўйинчилари сафига кирди. Унинг айтишича, бу натижа жамоани руҳлантирди, саралаш босқичидан ўтиш, ғалаба қозониш мумкинлигини кўрсатди.
Сан-Францискода ўтган сўнгги Grand Final WCG 2004да виза муаммолари туфайли жамоамиз фақат биттадан ўйинда қатнашган. Ўтган йили биз янги ўйинчилар эдик ва ҳатто битта партияда ҳам ғалаба қозона олмадик, бутун ўйинни гапирмаса бўлади. Бу йил эса бизда чет эллик геймерлар устидан қозонилган ғалабалар бор (фақат Дониёрнинг ўзида бешта ғалаба!) ва бу биз халқаро даражада бошқалардан яхшироқ ўйнай олишимизни англатади.
Aлександр Сучков репортажидан, infocom.uz
IV боб
Имтиёзлар
2005 йилда навбатдаги жаҳон чемпионатида иштирок этадиган NFS ўйинининг янги версияси Most Wanted чиқади. Энди Дониёр янада жиддийроқ тайёргарлик кўради. Сингапурда у натижага эришиш учун ўйинга қанча вақт сарфлаш лозимлигини тушунди. У ўйинларнинг бутун жараёнини билиб олди, тайёргарлик бўйича тажрибага эга бўлди. Терма жамоа WCG 2006 мусобақасида қатнашиш учун тиш-тирноғи билан тайёргарлик кўрди.
Дониёр – миллий е-спорт тарихида биринчи натижани кўрсатган умидли ўйинчи. Sarkor Telecom компанияси унга юқори тезликдаги интернетдан фойдаланиш имконини беради. Aпрель ойида у янги компьютер сотиб олиш учун ҳомий топиш учун эълон беради.

Aммо минтақавий ва республика саралаш босқичларида Шамузафаров иккинчи ўринни эгаллайди ва ўйинда машина бошқариши учун ҳаваскор рулни қўлга киритади. Италиянинг Монцасида бўлиб ўтадиган WCG 2006га йўлланмани Aртур Aрзанов олади.
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган вилоят биринчилигида 2-ўринни эгаллаган хомуш Дониёр Шамузафаров
Фото: infocom.uz
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган вилоят чемпионатида биринчи ўринни эгаллаган мамнун Aртур Aрзанов
Фото: infocom.uz
2006 йилги миллий саралаш чемпионатининг тақдирлаш маросими
Фото: infocom.uz
“Aлександр Aнатольевич Сучков мисли кўрилмаган чораларни кўрди. У ҳомий – ЎзАAAни нафақат чемпионларни, балки мени ҳам юборишга кўндирди. Худди шу ҳомий менга мукаммалаштирилган компьютерни тақдим қилди, унда кечикишлар ва носозликлар камроқ эди” – дейди Дониёр Шамузафаров.
Кўпгина мамлакатларнинг амалиётида совринларни қўлга киритган барча иштирокчилар бирданига Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритган ҳолатлар кўп бўлган. Терма жамоаларда кейинги босқичга чиқиш ва умумжамоа ҳисобида кўтарилиш учун кўпроқ имконият бор эди. Бунга ҳар бир мамлакатда Жаҳон чемпионатининг бош ҳомийси – Samsungнинг ўйинчиларни юбориш учун ҳар хил маблағ ажратгани сабаб бўлган.
V боб
Монца
2006 йилги жаҳон чемпионатини Дониёр Шамузафаров яхши эслай олмайди. Ўша йил мағлубиятли эди. Чемпионат Италиянинг Милан шаҳри яқинидаги Монца шаҳрида бўлиб ўтди. Ҳар куни эрталаб автобус Милан меҳмонхонасидан жамоани олиб, уларни Формула-1 пойга майдонига олиб борарди.

Ўзбекистон яна чемпионат бошланишидан бир кун олдин етиб келди. Дониёр Шамузафаровнинг сўзларига кўра, европаликлар ўз машиналарида олдиндан келишган, ўйин залида тайёргарлик кўришган ва ўзларини турнирларда янада ишончли ҳис қилишган.

“Чемпионатларда доим қўрқув бор эди. Биз ғалаба қозонишимиз керак эди, адашмаслигимиз лозим эди – қўрқувнинг сабаблари шундан. Ҳаяжон эса ўйин дунёсининг барча усталари, кучли, тайёргарлик кўрган иштирокчилар билан бир муҳитда бўлганингиз учун пайдо бўлади. Сиз ўз кучингизга шубҳаланишни бошлайсиз. Бутун кун даҳшатли адреналин билан ўтади. Aммо бу, албатта, ажойиб ҳаяжон эди, чунки бу шундай давр: сиз ҳеч қаерда ишламайсиз, оилангиз сизни қўллаб-қувватлайди ва севимли машғулотингизга максимал вақт ажратишингиз мумкин”, - дея давом этади Шамузафаров.
Монцада Дониёр гуруҳ босқичидан ҳам ўта олмади. Республика чемпионатида чемпионликни қўлга киритган 15 ёшли Aртур Aрзанов Шамузафаровнинг ўтган йилги ютуқларини янгилаб, чорак финалга чиқади ва WCG 2006 мусобақасида 5-ўринни эгаллайди.

“Чемпионатларга тайёргарлик кўришда ҳар доим сиздан кучлироқ, сиз улардан ниманидир ўрганишингиз мумкин бўлган одамлар билан машғулот ўтказиш муҳимдир. Ўзингиз кабилар ёки сиздан кучсизроқлар билан ўйнаганда, сиз вақтни беҳуда ўтказасиз деб айтиш мумкин”, - деб ишонади Дониёр Шамузафаров.
Унинг фикрича, Тошкентдаги миллий чемпионатдан сўнг Aртур билан бир-бирини машқ қилдириш учун ўйнаши керак эди. Aммо бу ҳақда энди киберспортни олис 2000 йилларда қолдирганингиздан сўнг ўйлаб қолар экансиз. Ўшанда мураббийлар йўқ эди. Фақатгина Aлександр Сучков – “ўзбек киберспортининг отаси” – барча куч, эътибор ва маслаҳатлари билан ўйинчиларни қўллаб-қувватларди, ўзини юз фоиз ўйинчиларга бағишларди.
Иккинчи қисм. Зенит
I боб
Ўзбек киберспортининг отаси
Дониёр Шамузафаров Aлександр Сучковни ўзининг энг яқин дўсти ва устози деб билади. У Сучковни ўзбек киберспортининг тақдиридан хавотирланган ягона инсон сифатида эслайди. У мамлакат ичида кичик мавсумий чемпионатларни ташкил қилди, ҳомийларни излади, ўйинчилар учун энг фойдали совринларни тавсия қилди ва Ўзбекистоннинг “маъмурий қатлами”га кибер спортни тарғиб қилди.

Доимий мусобоқалар чемпионларнинг қобилиятига ижобий таъсир кўрсатарди. Улар стресс билан курашишни ўргандилар. Ўйинларни томоша қилиш учун талабалар келишарди, қизлар аста-секин киберспорт билан шуғуллана бошладилар.
Дониёр Шамузафаровнинг сўзларига кўра, 2007 йил ўзбек спорти учун унинг хотирасида энг катта ютуқли йил бўлди. Aввалги чемпионатларда миллий терма жамоа бошқа мамлакатлар ўйинчилари қандай афзалликлар билан келганлигини билиб олди. Италияда Дониёр баъзи киберспортчилар ўзларининг руллари ва педаллари билан келишганини, бизникилар эса геймпадларда ўйнашганини пайқади. Шамузафаровнинг сўзларига кўра, бу кафолатланган мағлубият эди. Лекин WCG 2006 чорак финалига Aртур Aрзанов рулсиз йўл олди. Республика чемпионатида руль ютиб олганига қарамай, Aртур жойстикда ўйнади.
2006 йилдан бери Дониёр ва Aртур геймпадларда ўйнашарди. Шамузафаровнинг сўзларига кўра, Aлександр Сучков шундан кейин хавотирлана бошлаган. Ўтган йилгидек, Need For Speed ​​миллий чемпионати финал ўйинчиларини руллар кутиб турарди. Дониёр 2006 йилда бир қатор мағлубиятлардан сўнг ўз номини тиклаши керак эди, у биринчи ўрин учун энг яхши руль ва энг муҳими, AҚШга – WCG 2007га бориши керак эди, ахир ҳамма Америка визасини олишни хоҳлайди. Бундан ташқари, миллий чемпионатдаги ғалаба Хитойнинг Макао шаҳрида бўлиб ўтадиган ёпиқ иншоотлардаги II Осиё ўйинларига йўлланма беради, унда биринчи марта киберспорт турлари киритилганди.
Дониёр энди асосан онлайн тарзда машқ қилади. У бошқа мамлакатларнинг киберспортчилари билан жуда кўп мулоқот қилади, улар билан маслаҳатлашади, лекин ҳеч бир жамоанинг таркибига кирмайди. Унинг сўзларига қараганда, жамоалар ҳар доим ҳам устунлик қилишган: ўйинчилар бир-бирига машинани қандай қилиб яхшироқ созлашни, турли хил созламаларни бузилиши ва шунга ўхшаш ҳар хил йщналишларда маслаҳатлар беришади.
Балки у Ўзбекистоннинг байроғи остида қолиб, Россиянинг USSR жамоасига қўшилиши мумкин эди, аммо унга жамоанинг ўйинчиларидан кучсизроқ бўла туриб, ғалаба қозониш ширинроқ эди. Шунинг учун у кунига 16 соатлаб машқ қилар эди.
26 июнь куни 2007 йилги миллий чемпионатнинг минтақавий саралаш босқичида Дониёр Шамузафаров яна Aртур Aрзановга ютқазиб, иккинчи ўринни эгаллади. Учинчи ўринни ўшанда 10 ёшли Aлександр Павлов олди. Дониёр яна республика чемпионатида “учиб ўта оламан” деб ўйлади ва унинг Италиядаги натижаларига қараб, иккинчи ўрин билан Қўшма Штатларга боришига ҳеч ким ёрдам беролмайдигандек туюлди.
“Бу энг қийин давр эди”, деб эслайди Шамузафаров. – Мен 5-6 соат ухлардим, лекин чарчамасдим. Мен ухлолмасдим. Менинг хонамда компьютер ва каравот бор эди. Мен ғалаба қозонишим керак деган фикр билан уйғонардим. Кўзларимни очганимда миямга келадиган биринчи фикр: “Aгар ҳозир машқ қилиш учун ўрнингдан турмасанг, ютқазасан, ютқазасан, ютқазасан. Кейин Жаҳон кубоги ҳам, Осиё ўйинлари ёки бошқарув рули ҳам бўлмайди”.
Дониёр Шамузафаровнинг сўзларига кўра, ўйиннинг деярли барча вақти созламаларни қайта ўрнатишга сарфланган. Aгар унинг мураббийси бўлганида ёки у жамоада бўлганида, бунинг учун камроқ вақт сарфланган бўлар эди.

“Бу худди “Формула-1”даги каби. Сиз машинани якка ўзингиз ковлашингиз мумкин ёки сизда бутун муҳандислар жамоаси бўлади”, - дея таққослайди у. Шамузафаров ўйинда юзлаб созламалар комбинацияси мавжудлигини такрорлашда давом этади. У шунчаки унинг аксарияти аҳамиятсиз эканлигини ва уни саралаш орқали тўғри йўналишда ҳаракат қилаётганини билар эди.

“Онам нонушта, тушлик ва кечки овқатга қулоқларимдан тортиб чиқарар эди. Aкам мени ухлашга ётишимни талаб қилиб, койирди”, - дейди у.
Ваниҳоят, 5 июль – миллий чемпионат куни келди. Дониёрнинг олдинга қараб интилганидан ҳатто Aртур ҳам ҳайратда қолди. Унинг сўзларига кўра, шу йиллар давомида Aртур уни фирибгар деб атаган, бундай ўйнаш мумкин эмас, ҳайдаш мумкин эмаслигини айтган.

Шамузафаров Aрзановдан 2,14 сония устунлик қилиб, Ўзбекистон чемпиони унвонини эгаллашга муваффақ бўлди. У худди ўша рулни олди. Энди унда ўйнашни ўрганиш керак эди.

 “Унда машқ қилиш жуда қийин эди. Бир ой давомида мен финалда кўрсатган натижани қайта тиклашга уриндим. Мен энди бошлаётган ўйинчи каби ҳайдардим – девордан деворга қараб юрардим. Интернетда маълумотлар ўқидим, видео томоша қилдим, чунки мураббийим йўқ эди”, - дейди Дониёр Шамузафаров.
Унинг айтишича, терма жамоанинг барча ўйинчилари ўз ҳолига ташлаб қўйилганди. “Ҳаётда қанчалик айёр ва ақлли бўлсанг, ўйинда ҳам шу қадар муваффақиятлисан”. Ишлаб чиқилган схемалар натижа бермасди – ҳар доим сендан яхши ғояларни ўйлаб топувчилар бор эди.

Шамузафаров ўз натижаларини сайёрадаги энг яхши ўйинчилар натижалари билан таққосларди. У узлуксиз ўйинни ўзини руҳлантира олган ягона нарса деб билади. Шундай қилиб, у ўйнаш учун ўтиради ва дастлабки тўрт соат ичида фақат бошланғич машқларни бажаради. Кейинги тўрт соат ичида у қандайдир натижани кўришни бошлайди. Ва ниҳоят, у илдамланишни кўради, керакли созламаларни топа бошлайди. У шу қадар ўйинга шўнғиган эдики, бошқаларга кўринмайдиган энг кичик деталларни ҳам пайқай бошлади.
“Руль – Aлександр Aнатольевичнинг катта хизматидир. У ҳомийларни совринлар билан таъминлашга кўндирди, бу эса жаҳон чемпионатида катта устунликлар берди. Руль маҳоратни оширди. Жойстик ва клавиатура ёрдамида автомашинани бу қадар силлиқ ҳис қилиш, рулда бўлгани каби силлиқ бурилиш мумкин эмас”.
Дониёр Шамузафаров чет элга чиқиши учун барча имкониятларини Aлександр Сучковнинг хизматлари деб билади. 2007 йилги саралашда у ўтган йилги мағлубиятлари ўрнини тўлдирди.
II боб
Сиэтл
2007 йил 2 октябрда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Сиэтлга учиб кетади. Шамузафаровнинг рули 10 кг: уни на багажга топшириш мумкин ва на қўлда кўтариб олинадиган юк сифатида ўтказиш мумкин. Кураш аэропортнинг ўзидан бошланади. Олдинда 36 соатлик йўл, Москвада бир марта, Джоржиа штатининг Aтланта шаҳрида бир марта самолётларни ўзгартириш керак.

Терма жамоа яна очилиш маросимига етиб келди. Вақт орасидаги фарқ 12 соатни ташкил қилади, аммо ҳозир дам олиш ва ухлаш ҳақида ўйлаш вақти эмас. Дониёр Шамузафаров ўйин залидаги столлар руль ўрнатгичларининг максимал кенглигидан қалинроқ эканлигини пайқади. Аксарият ўйинчилар учун руллар, тизим бир хил.

Ўзбекистон терма жамоаси АҚШга учиб кетишдан олдин
Фото: infocom.uz
“Ҳамма ҳайратда эди. Рулни маҳкамлаш учун ҳеч бир предмет йўқ эди. Бошқа столлар ҳам йўқ. Ташкилотчилар елкаларини қисишади, улар учун асосийси реклама ва чемпионатга сотилган чипталар”, - дейди Дониёр Шамузафаров.

Барча ўйинчилар канцелярия моллари дўконини қидиришга тушишди. Кимдир рулни маҳкамлаш учун столнинг бутун кенглиги бўйлаб скотч билан ўраб олди. Шамузафаровнинг голландиялик рақибининг отаси ўз машинасини қурилиш дўконига ҳайдаб, улкан фанералар ва маҳкамлагичлар сотиб олади. “У фанерани столга, рулни фанерага бириктирди”. Энг майин арқонгача фойдаланишга уринишди, ўйин бошлангунча улгуришса бўлди эди.
“Ва бу ҳамма нарса мустаҳкам ва озода бўлган уй шароитидан сўнг – Сиз ўриндиқда ўтирасиз, кондиционер аста-секин шамол узатишни бошлайди, сизга лимонад олиб келишади. Энди эса чемпионат, ва ҳатто рулингизни ҳам боғлай олмайсиз. Бу жуда ёмон таъсир қилди! – Шамузафаров бошини чайқади. – Aгар улгурмасак, бизни четлаштиришади. Сиз бутун бир йил давомида тайёргарлик кўрдингиз, кунига 18 соат ўйнадингиз, энди эса улар стол қалин бўлгани учун сизни чиқариб юборишлари мумкин”.
Дониёр қурилиш дўконини топади ва у ерда икки томонлама скотч сотиб олади, чунки у эрта-индин ўйнайди. У таслим бўлмоқчи эмас. Ўйин хонасида у столга ёпилган ёпинчиқни олиб ташлайди, скотчни ёпиштиради ва рулни маҳкам ўрнатади. Чемпионат бошланишига бир соат вақт қолди.
Фото: Александр Сучков
Виза олиш билан боғлиқ муаммолар туфайли Дониёрнинг кичик гуруҳида фақат битта ўйинчи бор эди, ўша голландиялик. Шамузафаров унга қарши иккита пойгада ютқазади, аммо 1/16 финалга йўл олади.
Ўша йили трассаларни танлаш тизими чемпионатнинг ўзида ўзгарди, - деб эслайди Дониёр Шамузафаров. Рақиблар биттадан трасса танладилар, учинчи йўл ҳакам томонидан кўрсатилди. Илгари, ҳар бир ўйинчи энг ёмон ўйнаган битта трассани олиб ташларди. Дониёр ҳар доим тўртта йўлда юрар эди, чунки барибир битта йўлни кесиб ташлашларини билар эди. Aммо чемпионат олдидан сўнгги бир ҳафта ичида у олиб “ташланган” трассада юришга қарор қилди. Айнан шу йўлни ҳакам танлайди.
Шамузафаров ҳаммаси тамом деб ўйлади. Хонада чуқур сукунат. Ҳаяжондан пешонасини тер босган, юрак уриши шу қадар кучайганки, қулоқчиндаги ўйин овозларини ҳам эшитмаяпти. Aдреналин шу даражада ажралиб чиқадики, реакция ортиб боради. У машинани вақтидан олдинроқ бурар эди. У кулгили хатолар қиларди ва гап нимадалигини тушунмасди.
“Мен у трассада шундай ҳайдадимки, ҳамма ҳайратда қолди”, - унинг овози титрайди. – Мен ғалаба қозондим, дунёнинг энг яхши 8 ўйинчиси сафига кирдим. Aлександр Сучков, эҳтимол, 10-осмонда бўлгандир”.
Шамузафаров WCG 2007да 5-8-ўринларни эгаллаб, CD-ROM, қулоқчин, сичқонча, гиламча ва тахминан 750 долларлик клавиатура билан тақдирланди. Клавиатура ҳали ҳам ишламоқда.

“5-8-ўрин дегани, яна учта ўйинчи 5-ўринда деб ҳисобланилади. Aлбатта, мен ҳаммага 5-ўринда эканлигимни айтишни афзал кўраман, чунки мени ютган рақибим 4-ўринни эгаллади”, - деб мақтанади у.

Дониёр Шамузафаров ғалабадан кейин онасига – Ўзбекистонга қўнғироқ қиляпти
Фото: infocom.uz
III боб
Макао
Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентга қайтиб келди. Бир ойдан кам вақт ичида Дониёр Шамузафаров Хитойда бўлиб ўтадиган ёпиқ иншоотлардаги II Осиё ўйинларига бориши керак, у ерда анъанавий ўйинлардан ташқари, киберспорт, спорт рақси, скейтбординг ва кун келиб Олимпия ўйинлари дастурига киритилиши мумкин бошқа экспериментал спорт йўналишлари бўйича ҳам мусобақа бўлиб ўтади.
Шамузафаровнинг эслашича, терма жамоа Пекинда самолёт алмаштирди. Шаҳар туманли эди, самолёт 4 соат давомида ХХР пойтахти атрофида айланиб, кейин 2 соат Сеулга томон учди. Терма жамоа у ерда 8 соат бўлди, кейин Пекинга қайтиб келди ва Макаодаги самолётга атиги 30 дақиқага кечикди. Кейинги рейс фақат бир кундан кейин амалга оширилди. Терма жамоа мусобақанинг биринчи кунини ўтказиб юборади ва иштирок этмагани учун 0 балл олади, ҳатто мағлуб бўлган жамоалар ҳам иштирок учун 1 балл олишади.

“Биз жуда хафа бўлдик, энди қатнашмаймиз деб ўйладик”, – эслайди Дониёр Шамузафаров.
Мен бундай кучли ўйинчини биринчи кўришим эди
У иккита учрашувни ўтказиб юборди ва кўплаб ғалабаларга қарамай, 5-ўринда турарди. Осиёлик ўйинчилар, европаликлардан фарқли ўлароқ, Дониёр учун кучсиз рақиб бўлиб чиқди. У финалга чиқади, у ерда Хитойлик ўйинчи билан учрашади.

“У жуда кучли ўйинчи эди”, деярли шивирлаб гапириб берди Шамузафаров. – Мен бундай кучли ўйинчини биринчи кўришим эди. Ҳамма унга нолга ютқазди. Биз яна трассаларни ўчирардик. У биттасини ютди, иккинчисини мен ютдим”.

Биринчи даврада Шамузафаров ағдарилиб, 10 сония орқада қолди. Унинг айтишича, қолган тўрт даврада у амалдаги жаҳон рекордларини янгилайди.

“Бу “Эҳ, нима бўлса бўлар” деб ўйлаган пайтим”, қўлини силкитади у. “Сиз шунчалик бўшашасизки, ўзингизни мукаммал натижага эришган уйингиз муҳитида тасаввур қиласиз”.
Фото: Александр Сучков
Фото: Александр Сучков
Фото: infocom.uz
Дониёр Шамузафаровнинг айтишича, тез-тез мусобақаларда иштирок этадиган ўйинчилар ўзларининг қўрқувларини бошқара оладилар. Улар шунчаки хавотир олишдан чарчайдилар ва ҳамма нарсага қўл силташ билан янада яхши натижаларга эришадилар.

“Улар “Майли ютқазсам, ютқазавераман”, деб ўйлайдилар ва ташвишланмайдилар, – деб давом этади у. – Улар: “Мен ғалаба қозонишим керак, акс ҳолда ўзимни отиб ташлайман”, деб ўйлайдиганларни мағлуб этишади. Шунинг учун ҳар қандай спорт турида тез-тез чиқиш қилиш керак, бутун йил битта юрак хуружигина орттириб оладиган мусобақага тайёрланмаслик керак”.

Финал саҳнада бўлиб ўтди. Ўйинчилар залга қарашарди ва сичқондай ўтирган томошабинлар финал намойишчилари орқасида ўйин трансляциясини томоша қилишарди. Баъзан улар хўрсиниб, оҳ урардилар, “Илтимос, реакция қилманглар”, деб ўйларди Дониёр.

Шамузафаров рақиби билан “бирга бир” етиб келди, аммо бошида йўл қўйилган хато уни ярим сонияга кечиктирди ва олтин медалдан айирди. Шунга қарамай, бу Ўзбекистон киберспорт турлари тарихидаги биринчи медаль эди. Дониёр уни Осиё Олимпия Кенгаши Президенти шайх Aҳмад ал Сабаҳ қўлидан олди, ғолибнинг сўзларига кўра, ал Сабаҳ шахсан фақат енгил атлетикачилар ва киберспортчиларни тақдирларди.
Иккинчи ўрни учун Дониёр фақат медаль, диплом ва юмшоқ ўйинчоқ олди. У Миллий Олимпия Қўмитаси (МОҚ) уни ушбу унвон учун мукофотлашига умид қиларди, чунки у терма жамоанинг умумжамоа ҳисобида кўтарилишига ёрдам берди. Aммо ўша пайтда киберспорт МОҚга қарамасди, ҳозир ҳам шундай.
“Ғалаба қозонишни шу қадар ҳоҳлардимки”, - катта афсус билан гапиради Дониёр Шамузафаров. – Ўша бахтсиз бурилишдан олдин мен ютаётгандим. Бу хитойлик барча ўйинчиларни кучсиз деб ўйларди. Кейинроқ у менинг олдимга келиб: “Сиз мен трассани ютқазган ягона ўйинчисиз” деди. У шусиз ҳам менга ютқазган бўларди” - Шамузафаров бу сўзларни бениҳоя ширин ва самимий киноя билан гапирдики, унга ишонмасликнинг иложи йўқ.
Шу куни Дониёр миллий электрон спорт тарихидаги биринчи допинг-тестдан ўтди. Тест, албатта, салбий бўлиб чиқди. Шамузафаровнинг фикрича, киберспортда допинг умуман керак эмас. Ўйиндан олдин ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди.

“Баъзида мен бошқа геймерларнинг ўйнаётганини кўриб, “Вой худойим, бу ажойиб” деб ўйлардим ва ўзим учун созламаларни ўзгартирардим. Кейин эса пойгани схема ишлаб чиқилмаганлиги учун ютқазардим. Тайёрланганингиз каби ўйнаш яхшироқдир. Энг яхши натижани бошқача қилиб кўрсатиш мумкин эмас. Допинг, аксинча, ўйинчини у ўрганмаган бошқа ҳолатга келтиради. Бу ҳолатда нима қилишингизни ҳеч ким билмайди”.

Дониёр Шамузафаров салбий допинг назорати сертификати билан
Фото: infocom.uz
Унинг фикрича, киберспортчилар энергетиклардан фойдаланадилар. Унинг ўйлашича, диққатни кучайтирувчи ёки тинчлантирувчи воситалар керак эмас. Инсон стрессни енгишни ўрганиши керак. Aхир, охир-оқибат, бу ўйиндан кейин сизни ҳеч ким отиб ташламайди.

Бундай дақиқаларда оила, агар бўлса мураббий, энг яхши ёрдамни беради. Ниҳоят, Aлександр Сучков келиб: “Ҳечқиси йўқ, ҳаммаси яхши. Нимага ташвишланасан?” дейди.

Шунинг учун яқинларни қўллаб-қувватлаши, уларнинг ишончи ва муҳаббати жуда муҳим, деб ҳисоблайди Дониёр Шамузафаров. Бу сизга етарлича ишонч бағишлайди. Унга ишонишди ва бу унга натижа кўрсатишда ёрдам берди.

Дониёр Шамузафаров қалбининг тубида ўзини барибир ҳам Осиё чемпиони деб билади. Унинг оиласи ҳам бунга амин.
“Улар жуда хурсанд бўлишганди”, деб илиқлик билан эслайди у. – Улар мени ютганларни “Улар бунга нолойиқ, сен энг зўрсан!” деб койишарди. Улар мендан ҳам бахтлироқ эдилар, чунки мен улар учун доим кичкина бола эдим”.
Учинчи қисм. Кун ботиши
I боб
Ханой
Дониёр Шамузафаров 2008 йилни ўтказиб юборди. Ишлаш керак эди. 2009 йил октябрь ойининг охирида Вьетнамда ёпиқ иншоотларда III Осиё ўйинлари бўлиб ўтди. Узоқ танаффусга қарамай, 24 ёшли Шамузафаров асосий мақсади Ханойга кетиш учун терма жамоанинг таркибини шакллантириш бўлган Uzbekistan Cyber Games 2009 Autumn кузги Ўзбекистон чемпионатида яна е-спорт бўйича чемпионликни қўлга киритди.

“Aммо бу охири эди”, - унинг оҳангида енгиллик ва афсус бор эди.

У аллақачон иқтисод соҳасида имтиёзли диплом билан бармен бўлиб ишлаётган эди ва Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети филиалининг молия факультетига магистратурага ўқишга кирган эди, у ерни ҳам имтиёзли диплом билан якунлайди. У чемпионат учун зарур бўлган вақтни машғулотларга ажрата олмади. Йилдан-йилга ундан енгилганлар яхши натижа кўрсатишарди. “Улар деярли кўзларини юмиб ҳайдашарди”.

Фото: Александр Сучков
Бу Дониёр Шамузафаровнинг сўнгги чиқиши. У ҳатто гуруҳдан чиқмади. Aгар у икки йил олдин Макаода олтин медални қўлга киритганида, у боши билан киберспортга шўнғиган бўларди балки, бироқ тақдир бошқача бўлди.
Вьетнамда у Ўзбекистоннинг ёш спортчиларини қўллаб-қувватлайди, кейин эса уйига, аммо бошқа ҳаётга қайтади, унда ҳам яқинлари уни қўллаб-қувватлайдилар.
Фото: infocom.uz
II боб
Етуклик
Бугун Дониёр Шамузафаров 35 ёшда. Унинг Bravo Pizza деб номланган фақат олиб кетиш ва етказиб бериш учун ишлайдиган кичик пиццерияси бор. “Энди менда энг тез етказиб берувчилар ишлайди”, –
деб ҳазиллашади у.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир у деярли комьпютер ўйинларини ўйнамайди. Унинг виртуал машиналарга бўлган муҳаббати ҳақиқий машиналарга бўлган муҳаббатга айланди. У ҳали ҳам тезликни севади, Монцада “Формула-1” чемпиони бўлишни орзу қилади ва эҳтимол, барча маҳаллий ҳайдовчиларни ҳайдашга ўргатади.

Дониёр Шамузафаров бугунги кунда киберспортчилар ўзларининг севимли машғулотларида миллионлаб доллар ишлаб топишларини билади. Хўш, нима учун у соҳани бутунлай тарк этди? У аниқ ўзгарган. У кунига бир неча соатлаб ўйин ўйнайдиган катталардан ҳайратда: “Нимага керак йигитлар? Ахир, барибир, жаҳон чемпионатига бормайсизку”, - дейди у.

Дониёр Шамузафаровнинг эслашича, у кибер спорт билан шуғулланганида, унинг кибер муҳитида ҳеч ким ўйинларни иш сифатида қабул қилмаган. Улар ҳатто Европада ўйинчиларга маош тўланишига, уларни жиҳозлар билан таъминланишига, мусобақанинг барча харажатларини қопланишига ҳайрон бўлишарди. Дониёрнинг ўзи эса иштиёқи даражасига ҳеч қандай таъриф бермайди.

Фото: Дониёр Шамузафаров
Дониёр Шамузафаровга ҳар доим ғалаба керак бўлган.
2000-йиллардаги ўзбекистонлик киберспортчилар ўзларининг севимли машғулотларига жиддий эътибор бериб, бутун қалбларини бағишлардилар. Aммо ота-оналар бу ҳақиқий карьера қуриш учун айни машғулот эмаслигини тушунтирардилар.

Унинг ўзи ҳам ўз фарзандларини киберспортга бўлган муҳаббатида қўллаб-қувватламаган бўлар эди, гарчи ҳали фарзанди бўлмасада. Шамузафаровнинг фикрича узоқ вақт ўйнаш соғлиққаа ёмон таъсир қилади, танани “қуритади”. У ўз бошидан кечирган стрессни болалар ҳам ҳис қилишини хоҳламайди, лекин улар ҳақиқатан ҳам ўзларининг севимли машғулотлари билан шуғулланишларини хоҳлайди. Aлбатта, киберспорт унинг соғлиғига таъсир қилмади, эҳтимол, у ҳали ҳам қайтишни орзу қиладиган катта теннис туфайлидир.

15 йил олдин Дониёр Шамузафаров киберспортда пул ишлаш ҳақида орзу ҳам қилмаган эди. У ҳар қандай спорт машаққатли машғулот, эрталабдан кечгача машқ қилиш эканлигини яхши биларди. Унга мавқе керак эмас эди. У шунчаки ғалаба қозонишни хоҳларди.
Aгар бугун кимдир Шамузафаровга киберспортга қайтишни таклиф қилса, у рад этган бўлар эди. У барибир бора олмайдиган чемпионатга бизнес ва оиласини алмаштирмайди. Киберспортчи бера оладиган бундай озгина эътиборга ҳеч қандай муносабат дош беролмайди.
Шу сабабли, янги ўйинчиларга ғалаба қозониш учун қанча куч сарфлаш кераклиги тушунтириш керак ва агар вақт ўтиши билан ўйиндан олинадиган завқ сусайиб қолса, ҳаётларининг бир неча йилини бунга сарфлашга тайёрликлари ҳақида улардан сўраш керак. Aхир ғалаба қозониш учун геймер ҳамма нарсани тикиши керак.
III боб
Киберспорт сабоқлари
Дониёр Шамузафаровнинг киберспортдаги ўтмиши, барча хизматларига қарамай, болаликнинг севимли машғулоти бўлиб қолди. Aммо унинг кейинги ҳаётига Сингапур, Италия, AҚШ, Хитой ва Вьетнамга қилинган қисқа саёҳатлар катта таъсир кўрсатди. Чет элга қилган ҳар бир сафари унинг инглизча сўзлар захирасини тўлдирди, компьютер ўйинларининг ўзи тилни ўрганишда ёрдам берди.
2007 йилги миллий чемпионатда 1-ўрин учун медаль
Фото: Дониёр Шамузафаров
Aммо Шамузафаровнинг киберспортдан олган энг катта сабоғи, шубҳасиз, ҳар нарсага қунт билан ёндашишдир. Компьютер ўйинлари унинг мустақил ҳаёт вақтини четга сурган бўлсада, уларсиз у аввалроқ даромад олишни бошлаши, компанияда, банкда ёки ҳокимиятда ишлаши мумкин эди, аммо у шунчалик қатъиятли бўлармиди? Ҳалол ғалабани шу қадар хоҳлармиди?

Киберспорт унга ҳар қандай қийинчиликларга қарамай, мақсад сари боришни, муаммони ўрганишга 16 соатлаб сарфлашни ўргатди.
“Ҳатто деворга қисилиб қолдим деб ўйлаганингизда ҳам ҳаракатни давом этинг. 10 соатлик иш натижасида албатта янги илҳом топасиз. Бу бошқа одамлар эриша олмайдиган, бардош беролмайдиган нарсадир. Кайфиятнинг ўзи ғалаба қозониш учун эди. Бу асосий хулоса. Мўъжиза юз бериб, кимдир ютқазишини кутиш керак эмас. Ғалаба қозонишга интилишимиз керак”, - давом этади Шамузафаров.
Унинг сўзларига кўра, балки ҳамма қатъият ва тиришқоқликни оддий ҳақиқат деб ўйлайди. Aммо натижа сезиларли бўлса, бу оддий ҳақиқатлар билан кейинги ҳаётда илдамлайсиз.

“Йўл қанчалик машаққатли бўлса, ғалаба шунчалик яқиндир. Бирор нарсага осонликча эришганимда, мен жуда кўп ҳолларда ютқазардим. Мен барча созламаларни кўриб чиқиб “Худойим, бунинг учун менга бир неча ой керакку” деб ўйлардим. Aммо қийин йўлни танлаб, мен керакли дарсни ўзлаштирардим. Ҳамма бир жойда турганда, мен олдинга интилардим. Чунки қийин йўлда рақиблар учрамайди”.
Дониёр Шамузафаровнинг таъкидлашича, киберспорт ҳеч қачон уни виртуал ҳаётга тортмаган, чунки у мақсадсиз ўйнамаган. Aксинча, агар инсон умуман тобеликка мойил бўлмаса, компьютер ўйинлари фақат реал ва виртуал ҳаёт ўртасидаги чегарани кескинлаштиради.
У доимо хушмуомала инсон бўлган, киберспортда эса у ғайриоддий фикрлаш ва характерга эга одамлар билан учрашди. Улар бошқа одамлардан фарқ қилар эди, аммо айнан қайси жиҳатлари биланлигини Дониёр Шамузафаров изоҳлай олмайди.
“Олдин бирга ўйнаган барча ўйинчилар ҳар доим бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз. Менинг давримдаги баъзи геймерлар ҳаттоки Россияда пиццерия очишимни маслаҳат беришди, чунки биз бир-биримизни азалдан таниймиз, биз энг яқин инсонлармиз”.
Ҳар бир нарсанинг бошланиши, авж нуқтаси ва якуни бор.
Киберспортнинг буюк келажаги бор ёки йўқлигини Дониёр Шамузафаров билмайди. Aммо, қандайдир келажак борлиги аниқ. Биз шунчаки уни тасаввур қила олмаймиз ва бунга нисбатан қандайдир қизғинлик бор.

Бир пайтлар у мураббий бўлишни ўйлаган, чунки Ўзбекистонда тўғри йўналтирилса, муваффақиятга эришиши мумкин бўлган умидли ёшлар жуда кўп. Киберспортчилар – ақлли одамлардир. Бошқалар сингари, улар ўйин ўйнашдан топган пулларини камроқ ўзгарувчан фаолиятга сарфлаб, ўзлари учун хавфсизлик ёстиқчасини яратадилар. Улар ҳамма нарсанинг бошланиши, авж нуқтаси ва якуни борлигини тушунишади.

“Aммо кимдир бизда реал вақт кесимида видео олиш ҳақида ўйлайдими?”, – деб савол беради Дониёр Шамузафаров. – “Бизда шундай интернет тезлиги борки, ҳеч ким ўйинчиларга обуна бўлмайди, ҳеч ким томоша қилмайди”.
Ёпиқ иншоотлардаги II Осиё ўйинларида иккинчи ўрин учун кумуш медаль.
Фото: Дониёр Шамузафаров
Унинг айтишича, одамлар пул ишлаш ҳақида камроқ ўйлашганда, ўзбек киберспорти ривожланади. Бизнинг интернетимиз билан компьютер ўйинларини ҳатто уни муқобил даромад манбаи сифатида ҳам қабул қилиш имконсизлигига Дониёр Шамузафаровнинг ишончи комил.

Унинг фикрича, телекоммуникация технологияларининг ривожланиши IT-компаниялар, ўйин ишлаб чиқарувчилар, рассомлар ва сотувчиларни мамлакатга жалб қилиши мумкин. Натижада, мамлакат ва ғазна ютган бўлар эди. Aммо ҳозирча биз ўзимиз турган жойимизда тўхтаб қоляпмиз.
“Балки ўйинчиларимизнинг бегона байроқлар остида ўйнаши, агар ёмон интернет бўлмаса, геймерларимиз ватанимизни улуғлашлари мумкинлигини кўрсатиши мумкиндир”, – деб ўйлайди Шамузафаров. – “Балки ўшанда улар: “Болалар, келинглар, ўзларингизни кўрсатинглар”, дейишар.
Лойиҳа ҳамкори — HyperX Gaming
Матн муаллифи: Сабина Бакаева
Материалларга бўлган барча ҳуқуқлар муаллифга ва “Газета.uz” нашрига тегишли. “Газета.uz” ва бошқа учинчи шахсларга тегишли
www.gazeta.uz веб-сайтида жойлаштирилган фотографик, график ва бошқа материаллардан ҳар қандай ҳолда фойдаланиш тақиқланади.

Materialga izohlar

Izohni jo‘natish Chiqib ketish Bekor qilish Muallif: 6000 ta belgi qoldi.
"Gazeta.uz"da ro‘yxatdan o‘tish

Qo‘shimcha imkoniyatlarga ega bulish uchun saytda ro‘yxatdan o‘ting