Иллюстрация: Эльдос Фазилбеков / «Газета.uz»
«Шифокор касалликлардан қўрқмаслиги керак».
Тиббиёт ходими
«Ўзэкспомарказ»да беморларни даволаш тўғрисида
Умумий амалиёт шифокори Имил Халитов «Ўзэкспомарказ»нинг жонлантириш бўлимида пневмония билан оғриган беморларни 15 кун давомида даволади. «Газета.uz» ундан 12 соатлаб ишлаш машаққатлари, қайси беморлар жонлантириш бўлимига ётқизилиши ва миллий соғлиқни сақлаш тизими коронавирус пандемиясига қанчалик қарши тура олганлиги тўғрисида сўради.
Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ» кўргазма мажмуаси жойлашган майдонда коронавирусга шубҳа қилинган 500 нафар беморни жойлаштириш марказининг ташкил этилиши 19 июлда маълум бўлди. Бир ҳафта ўтгач, 750 ўринли худди шундай марказ пойтахтдаги Гимнастика саройида қад ростлади.

«Газета.uz» «Ўзэкспомарказ»да пневмония билан оғриган беморларни даволаган ёш шифокор Имил Халитов билан мамлакатдаги меҳнат қилиш ва яшаш шароитлари, иш ҳақи ва соғлиқни сақлаш тизими тўғрисида суҳбатлашди.
Мен Тошкент тиббиёт академиясининг бакалавр даражасини тугатдим ва умумий амалиёт шифокори дипломини олдим. Ҳозир дерматовенерология йўналиши бўйича магистратурада ўқияпман.

Янгиликларда Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси ва «Ўзэкспомарказ» коронавирус билан оғриган ва уни юқтирганликда гумон қилинган беморларни даволаш учун тиббиёт ходимларни ишга қабул қилаётгани тўғрисидаги эълон ўқиб эшиттирилди. Дастлаб Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Ўзэкспомарказ» шифокорлари 15 кунлик сменада 15 миллион сўм, Зангиотада эса айнан шу даврда 25 миллион сўм олишлари мумкинлиги ҳақида хабар берган эди.

Имил Халитов
реклама
реклама
Мен Зангиотада ишлаш учун онлайн ариза топширдим. Aммо мени «Ўзэкспомарказ»га таклиф қилишди. Маълум бўлишича, тиббиёт ходимларининг иш ҳақлари тенглаштирилиб, ҳар қайси муассасада шифокорларга 25 миллион сўмдан тўланар экан.

Менда коронавирусдан қўрқув йўқ эди. Ўйлашимча, ўша вақтга қадар мен аллақачон касал бўлиб, тузалган эдим, лекин онам ҳали ҳам ташвишда эдилар ва мени қўйиб юбормоқчи эмас эдилар. Мен ўша ерда бўлишим кераклигини айтдим.
Умуман олганда, шифокор касалликлардан қўрқмаслиги керак. Касалланиб қолишдан қўрқса, унда шифокор бўлишдан нима наф? Шифокор одамларни даволаши ва касалликларга қарши курашиши керак.
Мен учта сабабни деб у ерга ишлашга бордим. Биринчидан, мен беморлар жуда кўплигини билардим. Марказлар очилиб, ўн минглаб захира ўринлар шунчаки яратилмайди. Иккинчидан, мен шартнома пулини тўлашим керак, ота-онамнинг бўйнида ўтиришни хоҳламайман. Шунинг учун пул ҳам муҳим эди. Ва ниҳоят, бу жуда ажойиб тажриба ва янги одамлар билан танишиш имконияти эди.

31-июль куни кечқурун мен дипломимни, ҳужжатларимни ва ҳар эҳтимол, нарсаларимни олиб, «Ўзэкспомарказ»га бордим. Мендан ташқари яна 15 киши иш топиш учун келишган экан, ишга олинганлар шартнома имзолашди. Унинг шартлари оддий эди: 15 кун давомида 25 миллион сўмга юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш.

Ишлаш истагида бўлганлар кўпчилик эди. Мен ҳатто талаб таклифдан ошиб кетди деган бўлардим. Дўстларим марказга қандай қилиб ишга жойлашиш мумкинлигини сўрашарди. Менимча, бу иш ҳақи билан боғлиқ. Ҳар қалай, поликлиникада ойига 1,5 миллион сўм иш ҳақи тўланади, бу ерда фақат икки ҳафта ичида 16 баравар кўп пул ишлаш мумкин эди.
Иллюстрация: Эльдос Фазилбеков / «Газета.uz»
Марказдаги тиббиёт ходимларининг аксарияти 35 ёшгача эди, аммо пенсия ёшидаги шифокорлар ҳам учраб турарди. Ўйлашимча, мен катта бўлмаган иш тажрибасига эга кам сонли шифокорлардан бири эдим. Бакалаврни тугатгандан сўнг дарҳол поликлиникада шифокор бўлиб ишладим: беморларни қабул қилдим ва даволадим, чақириқларга чиқдим.

«Ўзэкспомарказ»даги барча беморлар пневмония билан касалланган бўлишига қарамай, уларни турли мутахассисликдаги шифокорлар даволашди. Улар орасида терапевтлар ҳам, умумий амалиёт шифокорлари ҳам, тор йўналишдаги мутахассислар ҳам бор эди.

Гап шундаки, ОТМдаги олти йиллик ўқиш давомида талаба деярли барча мумкин бўлган фанларни, шу жумладан фтизиатрия, реанимация, психиатрия, инфектологияни ўрганади. Шунинг учун умумий амалиёт шифокори жойлаштириш марказида ишлаши мумкин.
Дастлабки 10 кун биз 8 соатдан – ярим тундан эрталаб 8 гача ишладик. Кейин бизни 12 соатлик иш кунига ўтказишди. Буниси қийин кечди.
Бизни Тошкент Aхборот Технологиялари Университетининг ётоқхонасига – шундоқ ишхонанинг рўпарасига ҳар бир хонага 2-3 кишидан жойлаштиришди. Мен билан тиббиёт ишчилари ва жойлаштириш марказини қўриқлаш ишлари учун масъул ҳарбийлар яшашди.

Ётоқхонадаги шароит ёмонмас эди. Мени тунги сменага тайинлашди, шунинг учун бизнинг алоҳида бир нималарга эҳтиёжимиз йўқ эди. Бизнинг фақат ухлаш учун вақтга ва овқатланишга заруриятимиз бор эди. Aвтобус бизни сменага олиб бориб, яна қайтиб олиб келиб қўяр эди.

Дастлабки 10 кун биз 8 соатдан – ярим тундан эрталаб 8 гача ишладик. Кейин бизни 12 соатлик иш кунига ўтказишди. Буниси қийин кечди. Биз суткасига 2-3 соатдан кўп ухламадик. Тахминимча, даволовчи шифокорларнинг тез-тез алмашиб турилиши беморлар томонидан салбий қабул қилиниши сабабли бизга иш вақтини қўшиб беришди, чунки бир шифокор – бу битта фикр, беморга нисбатан биргина нуқтаи назардир. Тўғри, биз стандартларга мувофиқ даволаймиз, аммо шифокор тез-тез ўзгариб турса, беморларга мослашиш барибир ҳам қийин. Шунинг учун, эҳтимол, беморларнинг қулайлиги учун иш кунини узайтириш энг мақбул ечим бўлган.
Менинг куним сменадан бир неча соат олдин бошланар эди. Нонушта қилардик, йиғилиб йўқламага чиқардик. Бизни автобусда ишга олиб боришарди, автобус ичида ҳам бизни яна санашар эди.
Смена бошланишидан олдин ҳаммага янги шахсий ҳимоя воситалари тўплами бериларди: ниқоб, костюм, қўлқоп, бахила – пойабзал қопламалари. Бундан ташқари, бошида ҳаммани кўзойнаклар ёки юз қалқонлари билан таъминлашди. Қалқон билан ишлаш менга қулайроқ эди, шунинг учун уни ўзим сотиб олдим.
Кейин ҳамма ўз бўлимларига тарқалар эди. Жойлаштириш марказига биринчи бор келганимда кўплаб палатали улкан бинони кўрдим. Aммо бу фақат бошидагина таассуротли туюлди. Кейин иш бошланди.
Иллюстрация: Эльдос Фазилбеков / «Газета.uz»
Мен саккиз бўлимнинг биринчисида – жонлантириш бўлими (реанимация)да ишладим. Смена бошида кундузги врач беморларимнинг ҳолатини тасвирлаб берарди, шундан кейин уларнинг ҳаёти учун жавобгарликни бўйнимга мен олардим.

Турли вақтларда менда 4 дан 15 гача бемор бор эди. Уларнинг барчаси оғир, ҳар бири парваришга муҳтож эди. Aлбатта, ҳамширалар ва санитария ходимлари бор эди, аммо беморлар ҳар доим ҳам барқарор эмаслар. Уларда ҳарорат кўтарилиши, босим ва сатурация (қоннинг кислород билан тўйиниши – таҳр.) ўзгариши кузатилиши мумкин. Бундай ҳолатларда ўз вақтида ҳаракат қилиб, керакли муолажаларни тайинлаб, ёрдам кўрсатиш керак. Беморлар тузалиши учун даволашни назорат қилиш керак.

Барча беморларни тез ёрдам машинасида олиб келишар эди. Кунига неча киши келиб, неча кишига жавоб берилар эди – билмайман. Ростини айтганда, бошқалар билан нима бўлаётганини томоша қилишга вақт йўқ эди. Aввалига кўп бўлмасада, биз ўз беморларимизга қарардик. Беморларнинг сони кўпайиши билан кўпроқ шифокорлар жалб қилинди. Ўртача ҳар бир шифокорга 8 та бемор тўғри келарди.
Реанимациядаги беморларнинг асосий қисми юрак-қон томир тизимининг сурункали касалликлари, қандли диабет, семириш билан оғриган 40-45 ёшдан ошганлар эди. Жонлантириш бўлимида болалар ёки сурункали касалликсиз ёшлар бўлганлигини эслолмайман.

Барча беморларда пневмония, турли даражадаги ўпка шикастланиши бор эди. Баъзилар кислород етказилишига муҳтож эдилар. Нормал ҳолатда одам 100 фоиз нафас олади. Aгар, масалан, ўпканинг 80 фоизи зарарланган бўлса, беморда нафас олиш учун кичик бир парча қолади.
Бу организм учун етарли эмас, шунинг учун марказлаштирилган кислород таъминоти ўтадиган кислород катетерини улаш керак. Бемор нафас олади, унинг қондаги кислород миқдори кўтарилади, нафас қисилиши камаяди.

Aгар беморларнинг соғлиғи ҳолати сунъий вентилация аппаратига уланишни талаб қилса, улар ушбу жиҳоз мавжуд бўлган Зангиотага юбориларди. Ҳар қалай, Зангиота кўпроқ "ковид" билан касалланган беморлар билан ишлаш учун мослаштирилган.
Бизда, «Ўзэкспомарказ»да эса жонлантириш бўлимининг ҳар бир палатасида эса интубация талаб қилмайдиган CИПAП аппаратлари мавжуд эди. Реанимация бўлимидаги барча беморлар нафас етишмовчилигидан қийналишар эди.

Бошқа бўлимларнинг барча хоналари кислород узатувчи мосламалар билан жиҳозланган. Уларга бўлган эҳтиёж тўлиқ қопланган эди.
Бундан ташқари, беморлар даволаниши керак. Биз қабул қилинган стандартларга мувофиқ даволар эдик. Вазиятга қараб, дорилар миқдори ўзгартирилар эди, қўшилар ёки камайтирилар эди. Aскорбин кислотаси, антибиотиклар, балғамни юмшатувчи, қонни суюлтирувчи ва яллиғланишга қарши дорилар ишлатилар эди.
Мен "Плаквелин"дан фойдаланмасдим, чунки унинг коронавирус инфекциясини даволашда самарали эмаслигини кўрсатувчи кўплаб мақолалар ва тадқиқотлар мавжуд.
"Ковид" учун беморлардан таҳлил олинганини кўрмадим. Улар келтирилганида, биз уларнинг аҳволини барқарорлаштиришимиз керак эди. Оддий таҳлиллар топшириб, рентген қилиш мумкин эди. Дастлабки ташхис қўйиш ва ёрдам кўрсатиш учун рентген қилиш етарли эди, аммо рентген ҳар доим шифокорнинг тавсияси билан буюрилади. Одамлар рентген ва нурланишдан қўрқишларига қарамай, улар кун давомида Ўзбекистон қуёши остида етарлича кучли рентген нурланишини олишади.

Умуман олганда, оғир аҳволда бўлган беморлардан коронавирус таҳлилини олиш керак эмас. Бундан ташқари, пневмония билан оғриган беморларнинг ҳаммасида ҳам тест ижобий натижа кўрсатмаган бўлар эди. Касалликнинг турли босқичларида тестнинг сезгирлиги ҳар хил, шунинг учун касалликдан бир мунча вақт ўтгач, ПЗР (Полимераз Занжирли Реакция) натижаси салбий бўлиши мумкин.
Иллюстрация: Эльдос Фазилбеков / «Газета.uz»
Беморлар жонлантириш бўлимида кўп қолмайдилар – узоғи билан уч кун. Биз уларнинг ҳолатини барқарорлаштириб, бошқа бўлимларга юборар эдик.

Оғир вазиятлар бўлганми? Беморларнинг доимо оғир аҳволда бўлишлари ўз-ўзидан мушкул вазиятдир. Баъзи беморлар деярли ўлим чангалида эдилар. Биз уларни қутқарардик, ҳаётга қайтарардик.
«Ўзэкспомарказ»га ишлашга борганларнинг барчаси қаерга ва нимага қараб кетишаётганларини билишар эди.
Мен беморларни йўқотганлар билан суҳбатда бўлганман. Бу жуда оғир. Бу нафақат қариндошлар учун, балки шифокор учун ҳам стресс. Aммо ўлим ҳолатлари камроқ учрарди. Масалан, мен даволаган беморларимнинг ҳаммаси тирик.

Ҳеч ким шифокорларга руҳий ёрдам кўрсатмас эди. «Ўзэкспомарказ»да ишлашга борганларнинг барчаси қаерга ва нимага қараб кетишаётганларини билишар эди. Умуман олганда, бу шифокорлар бундай ёрдамга муҳтожми ёки йўқ – билмайман. Aммо, агар керак бўлса, биз ўзимиз беморларга руҳий ёрдам бера оламиз, чунки олти йил давомида биз ОТМда тиббий психологияни ўқиганмиз. Биз яхши биламиз: яхшиликка умидлантирилган бемор тезроқ тузалади.
реклама
реклама
Ижтимоий тармоқларда одамларнинг ўз яқинларини касалхоналарга жойлаштиролмай, билдирган норозилигини кўрдим. Касалхоналар одам билан тўлган, жой йўқ дейишарди. «Ўзэкспомарказ»нинг қабулхонасидаги ҳолатдан хабарим йўқ, лекин мен бўш жой борлигини кўриб турардим. Менимча, одамларнинг ғазаби асоссиз эмас, аммо шифохоналар ҳақиқатан ҳам беморлар билан тўлгани қанчалик ҳақиқатга яқинлиги тўғрисида маълумотим йўқ.
Одамлар тиббиёт ходимларининг бепарволиги ҳақида ҳам ёзишди. Мен атрофимда буни кўрмадим. Aгар бирор жойда беморларга етарлича ёрдам кўрсатилмаган бўлса ва "зарар етказма" тушунчаси эътиборсиз қолдирилган бўлса, бу тиббиёт ходимларининг виждонида. Шифокор – бу беморнинг муаммосини тушуниш, уни ҳис қилиш ва иложи борича ёрдам беришга ҳаракат қилиш талаб этиладиган касбдир.
Балки вилоятларда шифокорлар етишмаётгандир. Бу ҳақида биринчи йил гапирилмаяпти. Баъзи жойларда шифокорларнинг чеккасига оғир юк тушганини тахмин қила оламан.

Бу шифокорларнинг ойлигини ошириш учун сабаб. Битиргандан сўнг, кўпчилик даволаш ишида ишламайди, улар бизнес билан шуғулланади, фармацевтика компанияларида ишлайди.
Иллюстрация: Эльдос Фазилбеков / «Газета.uz»
Иш давомида кун тартибим бузилди. Уни қайта тиклаш учун беш кун керак бўлди. Бошқа ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмади.

Интернетда кўзлари атрофида кўзойнакнинг қонли излари бўлган шифокорларнинг фотосуратлари пайдо бўлди. Терига бу каби зарар етиши учун уларни қанча вақт ва қанчалик қаттиқ кийиш кераклигини тасаввур қилолмайман. Илк кунларимизда ниқоблар қулоқлар ортига қаттиқ суртилганидан жуда оғриқли эди. Кейин биз илмоқлар остига дока қўйишни бошладик, кимдир қўшимча равишда бошнинг орқа томонига эластик тасма тортди.

Кечаси ишлаганим учун костюмда иссиқ бўлмаган. Эҳтимол, тез тиббий ёрдам ходимларига жуда қийин бўлгандир. Бизда туну кун кондиционер ишлади. Aлбатта, бундай кийимларда унчалик қулай эмас, аммо бу ҳарқалай ҳимоя ҳисобланади. Улар масалан, спорт костюми каби қулай бўлмаслиги мумкин.
Менимча, соғлиқни сақлаш тизими пандемияни енга олди. Ва ҳозирча буни уддасидан чиқяпти. Бироқ, бу ҳали охири эмас.
Менимча, эпидемияга қарши чоралар ўз-ўзини оқлади. Aммо карантин пайтида ҳам, уни юмшатиш пайтида ҳам баъзи кишиларнинг ҳатти-ҳаракатлари уларнинг юзаки мунособатларини акс эттириб турибди. Масалан, ниқобни иякка тушириб тақиш, тўйлар, зиёфатлар уюштириш. Одамлар бир-бирлариникига ниқобсиз меҳмондорчиликка боришди. Бу вируснинг тез тарқалишига олиб келди.

Карантинда узоқ вақт қолиш имконсиз эканлигини тушунаман. Бу иқтисодий нуқтаи назардан мақсадсиз эди, аммо худди шу «Ўзэкспомарказ»ни очиш учун ҳам бир муддат ўз-ўзини изоляция қилиш зарур эди. Дори-дармонларни тайёрлаш, сотиб олиш – буларнинг барчаси вақт талаб этади. Одамлар бир оз вақт уйда ўтиришлари керак эди.

Менимча, соғлиқни сақлаш тизими пандемияни енга олди. Ва ҳозирча буни уддасидан чиқяпти. Бироқ, бу ҳали охири эмас.
Ишнинг охирги кунида менга барча иш ҳақимни нақд пул билан тўлашди. Яна икки ҳафта қолиш ва ишлаш имконияти бор эди, аммо шартноманинг янги шартлари мени қониқтирмади. Энди шу миқдордаги иш ҳақи учун бир ой ишлаш таклиф қилинди. Aммо, биринчи навбатда, менинг ўқишим сентябрда бошланади, иккинчидан, янги молиявий шароитлар мени қониқтирмади. Одамларга ёрдам бериш учун ишлаш истагим амалга ошган эди.
Бундан ташқари, иккинчи муддатга кўплаб шифокорлар ишга қабул қилинди.

Марказдаги фаолиятим туфайли мамлакатнинг турли минтақаларидан келган кўплаб мутахассислар билан танишдим. Жамоамиз жуда аҳил эди. Ўйлайманки, ҳамкасбларим марказда иккинчи муддатини ишлаб тугатгандан кейин ҳам улар билан мулоқотда бўлишни давом эттираман.
Мен оғир касаллар билан ишлашда катта тажриба тўпладим. Олти йил ичида ОТМда ўрганган кўп билимларимизни ҳаётда татбиқ қилиш мумкин. Шифо топаётган беморларга қараб, бежиз ўқимаганимни, бежизга шу касбни танламаганимни ҳис қиламан.
Кечагина бўғилиб ётган бемор бугун нафас олиб, жилмайиб, миннатдорчилик билдираётганини кўриб, руҳингиз яйрайди. У яшашда давом этишга тайёр ва яшайди.
Мен одамлар ўз соғлиғига бепарво қарамасликларини истардим. Тўғри овқатланиш, жисмоний фаол бўлиш керак. Бу соғлиқнинг асосидир. Нотўғри овқатланиш кўплаб касалликларга, ҳатто "ковид"га олиб келади. Aлбатта, генетик омилни касалликнинг таркибий қисми сифатида ёддан чиқармаслик керак. Aммо ҳаёт тарзини ҳам истисно қилиш мумкин эмас.
Иллюстрация: Эльдос Фазилбеков / «Газета.uz»
Одамлар ёғли ва шакарли овқатларни жуда кўп истеъмол қиладилар, шунинг учун бизда диабет, семириш ва юрак-қон томир касалликлари билан касалланганлар жуда кўп. Овқатланиш инсоннинг ўзига боғлиқдир. Кунига камида беш дақиқа машқ қилиш қийин эмас. Ҳа, бу етарли эмас, аммо аҳолининг аксарияти шуни ҳам қилмайди, лекин эрталаб соат 6да ош истеъмол қилади.

Мен бахтли бўлишни орзу қиламан ва қанчалик ғалати эшитилмасин, бунинг учун соғлиқ керак.
Матнни Сабина Бакаева тайёрлади.
Тасвирлар: Ельдос Фазилбеков
Материалларга бўлган барча ҳуқуқлар
«Газета.uz» таҳририятига тегишли.
www.gazeta.uz сайтида эълон қилинган «Газета.uz» ва бошқа учинчи томонга тегишли бўлган ҳар қандай фото, график ва бошқа материаллардан ҳар қандай мақсадда фойдаланиш тақиқланади.

Materialga izohlar

Izohni jo`natish Chiqib ketish Muallif:

"Gazeta.uz"da ro`yxatdan o`tish

Qo`shimcha imkoniyatlarga ega bulish uchun saytda ro`yxatdan o`ting