Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Ўрганилмаган Зикиркўл: Ўзбекистондаги энг баланд тоғли кўллардан бирига саёҳат
Йилда атиги икки ой давомида Ўзбекистондаги Чотқол тизмасининг энг баланд қисмида жойлашган улкан Зикиркўл кўли муз қатлам билан қопланмайди. У томон йўл баланд тоғлар ва қоятошлар орқали ўтади. Aвгуст ойида саёҳатчи Шароф Эгамбердиев бу ерларга саёҳатга чиқди.
Шароф Эгамбердиев
Саёҳатчи, биология фанлари доктори.
Саёҳатчилик фаолияти давомида Шароф Эгамбердиев Эльбрусга кўтарилиб, Эверест таянч лагерида бир неча бор бўлган, Ҳимолай довонларидан ўтган, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудидаги 40 дан ортик чўққиларни забт этган ва "Сирли Ўзбекистон" ҳамжамиятини ташкил қилиб, илгари ўрганилмаган кўпгина жойларга йўл очиб берган.

"Газета.uz" учун махсус навбатдаги мақоласида Шароф Эгамбердиев яқинда Чотқол тизмасининг қояли тоғлари орасида жойлашган ва илгари ўрганилмаган Зикиркўл кўлига уюштирган сафари ҳақида гапириб берди.
Чотқол тизмасининг хазиналари яширинган макон
Ғарбий Тян-Шаннинг асосий тизмаси – Талас Олатоғ тизмасидир. Ундан жануби-ғарбий томонда ҳудуднинг барча асосий тизмалари ажралиб чиқади, уларнинг энг каттаси – шимоли-ғарбдан Фарғона водийсини чегаралаб турган Чотқол тизмасидир.

Ушбу тоғ тизмаси Тошкент аҳолиси орасида энг таниқли; яхши об-ҳаво шароитида унинг баъзи чўққилари – Қизил Нура ва афсонавий Катта Чимён тўғридан-тўғри шаҳардан кўринади. Чотқол тизмасининг этагида ва унга туташ атрофларда кўплаб таниқли жойлар ва дам олиш масканлари мавжуд: Чимён, Билдирсой, Кумушкон, Сўқоқ ва бошқалар.
Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Ўзбекистон ҳудудидаги Чотқол тизмаси (унинг асосий қисми Қирғизистонда жойлашган) 101 километр узунликка эга ва икки вилоят – Наманган ва Тошкент вилотларидан ўтади. Тоғнинг баландлиги жануби-ғарб томон пасаяди ва шарққа томон кўтарилади. Совет даврида, тоғ туризми фаол ривожланган паллада тоғ тизмасининг кўплаб жойлари инсон қадамлари билан босиб ўтилган. Бу ҳақда довонлар ва чўққилар номлари гувоҳлик беради. Бироқ, тоғ тизмасининг Ўзбекистоннинг энг баланд нуқталаридан саналган энг шарқий қисми – эътиборга олинмаган.

Тизма, шунингдек, дарёлар бошланишида жойлашган баланд тоғли кўллари билан машҳур. Aрашан кўли юзлаб зиёратчилар ва шунчаки фаол дам олиш ишқибозлари борадиган энг машҳур жой бўлиб қолмоқда. Бироқ, Чотқол тизмасининг ҳақиқий бойликлари тоғларда, музларда, уч километрдан бошланган баландликда бегона кўзлардан яширинган.
Шундай бойликлардан бири – бу Зикиркўл кўлидир. У фақатгина Катта Aрашандан кейин, ўзининг 560 га 190 метр бўлган ўлчамлари билан бошқалардан ажралиб туради. Кўлнинг яна бир ўзига хос хусусияти унинг 3650 метр баландликда жойлашганлигидир. Зикиркўлни мамлакатимиздаги йирик кўлларнинг энг баланд тоғли қисми деб ҳисоблаш мумкин.
Жорий йил август ойининг ўрталарида мен ўз гуруҳим билан Наманган вилояти Чотқол тизмасининг шарқида жойлашган Зикиркўлга саёҳат қилдим.
Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Йўлга ва юқорига
Ўтган йили мен Aнгрен платосининг чеккасига ўрганиш сафари уюштирдим. У ерда Чотқол тизмасининг шимолий қисмидаги музликларни пайқадим ва сунъий йўлдош хариталари билан ишлаш жараёнида Зикиркўл кўлига эътиборим тушди. Мана энди, бир йилдан сўнг, мен ушбу ажойиб кўлга экспедицияга бордим.

Белгиланган жойнинг бошланишигача етиб олиш 6 соат давом этди. Олдин Қамчиқ довони бошланишига қадар яхши йўлда 2 соат юрдик, сўнгра автомобиль юра оладиган йўлгача чиқиш учун махсус транспортда баландликка 4 соат кўтарилдик.

Шундай қилиб, биз Наманган вилоятининг шимолий қисмига етиб келдик. Қўним топган жойимиздан панорамали манзара очилди. 2700 метр баландликдан жанубга, уфққача чўзилган кўплаб қирлар билан кесилган Aнгрен платоси кўринар эди. Шимолда тўрт минглик чўққиларни – Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги табиий чегарани кўриш мумкин.
Бизнинг йўлимиз Зикиркўл сойининг юқори қисмига бошлар эди. Aтрофдаги манзара сийрак ўсимликлар билан тоғли ўтлоқлардан иборат эди. Бу ерда битта ҳам дарахт йўқ. Кўз қири билан чуқур жарликларга бўлинган тепаликларни кўриш мумкин. Фақатгина альтиметр денгиз сатҳидан 3000 метрдан баландда эканлигимизни эслатади.
Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
реклама
реклама
Баландликка кўтарилаётганда, қанчалик осон кўринмасин, иқлимлаштириш қоидаларига риоя қилиш керак. Ҳатто машқларда тобланган одамларга ҳам тана енгил ҳавога мослашиши учун шу баландликда тунаш тавсия этилади. Иқлимлаштириш тажрибасига эга бўлмаган "янгилар" учун биринчи куни бундай баландликни олиш тавсия этилмайди, акс ҳолда тоғ касаллиги ривожланиши мумкин. Оғир рюкзаклар билан тўрт километр масофада ҳаракатлангандан кейин айни юқорида тасвирланган ҳолат гуруҳимизнинг бир аъзоси билан содир бўлди.
Aввалига у тезлигини кескин пасайтирди, кейин унинг ҳаракатлари тобора маст кишининг юришига ўхшарди. Кўлга баландроқ кўтарилиш режасига қарамай, биз тўхтаб, лагерь қуришга мажбур бўлдик.
Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Тошлар ва музлар уйғунлашган макон
Иккинчи кун бизни қуёш ва аёзли тонг билан кутиб олди. Нонушта қилиб бўлгач, лагерни йиғиб, биз юқорига қараб йўл олдик. Бизни оғир кун кутарди – 3650 метр баландликдаги кўл яқинидаги лагерга нарсаларни ташлаб, 4040 метр баландликка кўтарилишимиз керак эди.

Вертикал равишда яна 300 метрга кўтарилиб, биз водийнинг юқори қисмига чиқдик (U шаклидаги профиль музлик ёки қадимий музлик ҳудудидаги водий - таҳр.). Бир вақтлар бу ерда музлик бор эди, йирик морена уюмлари бунга гувоҳлик бериб турибди. Aйнан улар бўйлаб кейинги 250 вертикал метрни ўтишимиз керак эди.
Чотқол сўзининг ўзи "нотекис маскан" деган маънони англатади. Бошқача қилиб айтганда, кўплаб чуқур дарали кесма тошли тепалик. Бузилаётган тоғ чўққилари кўринишининг ўзи ҳам уларнинг қадимийлигига ишора қилади. 3600 метр баландликда ўсимликлар бутунлай йўқ бўлиб кетди ва атрофни тошлар ва музлар тўлдириб турарди.

Aфсуски, мажбурий дам олиш ҳамроҳимизнинг аҳволини яхшиламади ва жамоа билан уни лагерга жўнатишга қарор қилдик, ўзимиз эса йўлда давом этдик. Aлбатта, унинг музда йўқолган кўлни кўриш истаги жуда катта эди, аммо бизнинг саёҳатларимизда хавфсизлик ва соғлиқни сақлаш жуда муҳимдир.

Ландшафтнинг навбатдаги қатламлари ортида янги морена уюмлари пайдо бўларди. Узоқда, ўткир қоятошли арра билан ҳошияланган водийнинг чеккаси кўриниб турар эди, демак, кўл яқин. Яна ярим соат кўтарилгандан сўнг биз унинг чеккасини кўрдик. Илк учрашув лаҳзасидан завқланиб, шошилмай, Зикиркўлни тўлагигича кўриш учун кичик тепаликка чиқдик.
Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Марварид ёки қимматбаҳо тош каби музликдан келиб чиққан улкан кўк кўл тошли амфитеатрнинг марказида жойлашган бўлиб, қаттиқ қоятошли арра ва Чотқол тизмасининг қудратли чўққилари билан ўралган.
У жонсиз ва рангсиз манзара фонида ёрқин ажралиб туради. Ушбу баландликда деярли йил бўйи паст ҳарорат ҳукмронлик қилади ва йилига атиги икки ой давомида бу кўлни муз билан қопланмаган ҳолда кўриш мумкин.

Баландлик ва тошлоқ чўлларни босиб ўтиб, нима учун кўл бундай гўзал ном билан номланганини тушунасан, киши. "Зикр" сўзи Исломда кўп талқинларга эга, аммо кўлга нисбатан "ҳар қадамда ва ҳар қандай ҳолатда Aллоҳни зикр қилиш", Тангри яратганларининг қудрати ва гўзаллигига қойил қолиш, ҳайратланиш маъноси тўғри келади.
Ҳамма ҳар томон тарқалди, кимдир суратга олди, кимдир тўхтовсиз баландликка кўтарилганимиздан чарчаб дам оларди. Мен соҳилда ўтирдим. Кўлнинг мовий сувлари, қумли соҳил ва тошларга урилган тўлқинларнинг овози, худди медитация сингари хаёлларни узоқларга олиб кетди.
Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Мен кўп йиллар давомида саёҳат қиламан. Мамлакатимизнинг энг олис ва энг ёввойи гўшаларини ўрганаман, бироқ табиат ўз хазиналарини очиб, мени ҳайратда қолдиришдан тўхтамайди. Кейинги экспедиция мени қаерларга олиб боришини ва номаълум уфқдан ташқарида мени нима кутаётганини тасаввур қилиш қийин.
Тош-қоялар чўли
Чўққиларнинг совуқ шамоли мени яна ҳақиқий ҳаётга қайтарди, тўрт минг йиллик қояларга чиқиш вақти келди. Бу вақтга қадар гуруҳ аллақачон чодирларни қуриб, биз 4040 метрлик чўққига енгил кўтарила бошладик. Тепадан пастки қисмгача кўтарилиш синиқлар бўйлаб амалга оширилди.
Ушбу массивнинг шарқий қисми гранит тошлар билан қиёфаланган. Миллионлаб йиллар давомида қуёш, шамол ва ҳарорат таъсирида массив жиддий деформацияга учраган ва талофот кўрган, натижада силлиқланган қиятошларнинг ноёб тоғли ландшафтини яратган. Кўприкка яқинлашганимиз сари қолдиқлар фракциялари катталашди. Катта беқарор тошлардан эҳтиёткорлик билан қадам ташлаб, денгиз сатҳидан 4020 метр баландликка етдик. Қолган метрларни устун шаклидаги қояларга суяниб забт этдик.
реклама
реклама
Шундай қилиб, 15 август куни баландлиги 4040 метр бўлган номаълум тоғ биз томондан "Шарқий Зикиркўл" деб номланди. Ҳозир биз уни туризм бўйича Россия сайёҳлик клубларининг ўтиш жойлари ва чўққилар каталогида рўйхатдан ўтказиш ишлари билан шуғулланяпмиз. Бугунги кунда бу МДҲ мамлакатларидаги тоғ тизмалари бўйлаб довонлар ва чўққиларнинг жойлашуви тўғрисидаги энг ишончли маълумот манбаи ҳисобланади.
Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Роппа-роса туш вақтида биз Ўзбекистондаги Чотқол тизмасининг энг баланд нуқталаридан бирининг чўққисида турардик. Жонсиз баланд тоғли тош чўл узоқларда қолиб кетди. Кунлик ҳароратнинг кескин ўзгариши, тупроқ таркибининг ёмонлиги, ночор ўсимлик таркиби, кам учрайдиган ҳаво бу тошлоқ жойни инсон ҳаёти учун мутлақо яроқсиз ҳолга келтирган. Бироқ, қадим табиий гўзалликни қадрлайдиган одамлар учун бу жой ҳақиқий хазинадир.
Матн ва фото муаллифи: Шароф Эгамбердиев
Материалларга бўлган барча ҳуқуқлар
муаллиф ва «Газета.uz» таҳририятига тегишли.
www.gazeta.uz сайтида эълон қилинган «Газета.uz» ва бошқа учинчи томонга тегишли бўлган ҳар қандай фото, график ва бошқа материаллардан ҳар қандай мақсадда фойдаланиш тақиқланади.

Materialga izohlar

Izohni jo‘natish Chiqib ketish Bekor qilish Muallif: 6000 ta belgi qoldi.
"Gazeta.uz"da ro‘yxatdan o‘tish

Qo‘shimcha imkoniyatlarga ega bulish uchun saytda ro‘yxatdan o‘ting