Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Ер чеккасига экспедиция.
Саёҳатчилар Сурхондарёнинг машҳур чўққисини қандай забт этдилар?
Хўжа Гур Гур ота мавзеси асосан қумтош ва оҳактошлардан иборат. Тоғ қалинлиги остида сув ажойиб йўлакларни ва галереяларни ювиб юбориб, бутун дунёдан спелеологларни ўзига жалб қилаётган ноёб ва чуқур ғорларни яратган.
Шароф Эгамбердиев
Саёҳатчи, биология фанлари доктори
Саёҳатчилик фаолияти давомида Шароф Эгамбердиев Эльбрусга кўтарилиб, Эверест таянч лагерида бир неча бор бўлган, Ҳимолай довонларидан ўтган, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудидаги 40 дан ортиқ чўққиларни забт этган ва "Сирли Ўзбекистон" ҳамжамиятини ташкил қилиб, илгари ўрганилмаган кўпгина жойларга йўл очиб берган.

"Газета.uz" учун махсус мақолада Шароф Эгамбердиев Хўжа Гур Гур ота мавзеси чўққисига кўтарилгани ҳақида гапириб берди.
Йўлга отланиш
Барча катта экспедициялар саёҳатчининг йўлга тушишидан анча олдин бошланади. Йўналишлар шинам хоналарда, соатлаб хариталарни ўрганиш ва маълумотларни тўплаш жараёнларида ишлаб чиқилади.

Хўжа Гур Гур ота мавзесига экспедицияга бориш фикри илгари у ерда бўлган саёҳатчилар ҳикоясига тасодифан дуч келганимдан сўнг пайдо бўлди. Уларнинг ҳикоясини ўзимда тўлиқ ҳис қилганимдан сўнг Бойсун тоғ тизмаси ва Хўжа Гур Гур ота мавзеси ҳақида маълумот қидиришни бошладим ва ўз олдимга уни забт этиш мақсадини қўйдим.

Мавзега чиқишдан 11 ой олдин мен Бойсун тоғ тизмасининг тармоқларига кўтарилиб 3100 метр баландликда батафсил суратга олиш ишларини олиб бордим. Кейинчалик бу менга чўққига кўтарилиш учун энг қулай ва тўғри йўлни ишлаб чиқишга ёрдам беради.

Ушбу мавзе, бутун Бойсун тоғ тизмаси сингари, асосан оҳактош ва қумтошлардан иборат. Тоғ қалинлиги остида сув ажойиб йўлакларни ва галереяларни ювиб юбориб, ўзига хос чуқур ва ҳайратли ғорларни яратди. Бу маскан бутун дунё спелеологларининг Марказий Осиёдаги энг истиқболли йўналишларидан бирига айланди.
Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Биринчи кун
2015 йилнинг июлида биз экспедицияга тайёргарлик кўрдик. Жамоамиз икки машинадан иборат экипаж бўлиб Сурхондарёга жўнаб кетди. Экспедициямизнинг бошланғич нуқтаси Бойсун эди. Йўлимиз устида биз яна бошқа қизиқарли манзилларни босиб ўтдик.

Бойсундан мавзега икки йўл билан етиб келиш мумкин эди. Биринчи йўл – спелеологлар йўли, мавзенинг 500 метрлик тик деворига кўтарилиш орқали боғланган йўл. Бу йўл альпинистлар тайёргарлиги ва уларнинг жиҳозларини талаб қилади. Бу йўл уч кун давом этиб, бизга тўғри келмас эди. Шунинг учун биз бошқа, ўзимизнинг йўналишимизни танладик.
Сув автомобиллардан бирининг бамперини ювиб, капот остига қуйилди. Бу шу заҳотиёқ қисқа туташувга олиб келди.
Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Йўлнинг катта қисми қийинчиликсиз ўтди. Бойсун учун одатий бўлган узун дараларнинг бизга таниш тор йўлларида гоҳида тезликни оширишимизга тўғри келди.

Ҳозир у ердаги йўл равон ва асфальтланган, лекин ўшанда биз даралар ва каньонлар орқали тор ва тупроқли йўлларни босиб ўтдик.

Бир неча жойларда йўл қўл билан дарахт устунларидан ясалган, аксариятини ҳар йили сел ювиб кетадиган кўприклар бўйлаб ўтар эди. Ёзнинг жазирамасига қарамай, дарё сувга тўла эди, баъзи жойларда сув бизнинг машинамиз эшиги ўртасигача кўтарилар эди.

Тўсатдан, биз бошқа жойга ўтиб кетдик, дарёнинг чуқур нуқтасига тўғри келдик. Сув автомобиллардан бирининг бамперини ювиб, капот остига қуйилди. Бу шу заҳотиёқ қисқа туташувга олиб келди.
Машина дарёнинг ўртасида тўхтаб қолди, сув аста-секин машина салонини тўлдирар эди. Шошилинч тарзда сумкалар ва озиқ-овқат маҳсулотларини қўлдан-қўлга улашиб, қирғоққа ўтказишга тўғри келди.

Кейин машинани буксирга олдик, уни итариб қирғоққа олиб чиқдик. Бироқ, машинани қайта тузата олмадик.

Биз 10 киши эдик ва фақат битта машинамиз ишларди. Шундай қилиб, биз иккита рейс билан режалаштирилган таянч лагерга етиб олишни келишиб олдик.

Биринчи гуруҳ лагерни ясаб, кечки овқат тайёрлаши керак эди. Иккинчи гуруҳ машинани таъмирлаш учун қолди. Биз кўп вақт ва куч сарфладик.
Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Баъзида машинамиз пастга, чуқурликка тушиб кетадигандек туюлар эди. Бир неча марта машинадан тушиб, йўлни ўрганиб, қияликдан баландроқ кўтарилишга тўғри келди.
Ҳозир бу ерда суғорма усулда нўхат ўстиришяпти, маҳаллий аҳоли эса тоғ ёнбағрининг ўртасигача йўл очишган – беш йил ичида қишлок хўжалиги ривожланиши Бойсуннинг марказий қисмигача етиб келди.

Ўшанда йўл тоғнинг қалин ўтлар ўсиб чиққан қиялигига яширинган эди. У бизнинг машинамиз учун жуда тор эди.
Биз аниқ қўйилган йўналишдан борар эдик, аммо реаллик ва режа ҳар доим ҳам бир-бирига тўғри келавермайди.

Қияликнинг пастланган бурчаги баъзан ўзининг тиккалиги билан қўрқитар эди, машина жудаям қияланиб ўтарди. Баъзида машина пастга чуқурликка тушиб кетадигандек туюлар эди. Бир неча марта машинадан тушиб, йўлни ўрганиб, қияликдан баландроқ кўтарилишга тўғри келди. Аммо биз манзилимизга етиб келдик.

Лагерь қарийб 2700 метр баландликда тоғнинг платасимон юзасига қурилди. Бу ерда ягона булоқ бор эди. Биз етиб келишимизгача биринчи гуруҳ қулай шароитларни яратиб қўйишган экан. Кечки овқат пайтида кўтарилиш режасини муҳокама қилиб олдик. Вақтлироқ ухлашга ётдик.
Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Иккинчи кун
Ярим тундан бироз ўтган. Палаткадан ташқарида бундай баландлик учун одатий бўлган салқинлик ҳукмрон эди. Эгнимга енгил курткани ташлаб, палаткадан ташқарига чиқдим. Қўллаб-қувватлаш гуруҳи иссиқ нонушта ва чой тайёрлади. Тезда овқатланиб, сумкаларни йиғдик ва йўлга тушдик.

Шартли равишда маршрутни уч босқичга бўлдик. Биринчиси – 2700 метр баланликдан яқинроқ водийга тушиш. Бунинг учун 400 метр баланликдан тушиб, ўша пайтда ҳали ҳеч ким билмаган Равшан кўлига чиқиш керак эди.
Уни фақатгина ноёб совет хариталарида топиш мумкин эди. Ҳатто "Google Earth" да у доим қуриган бўлиб кўринарди.
Биз тезда баландликдан тушдик, водийга тушгач эса бир тўда итлар ҳужумига дуч келдик.
Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Йўлнинг бошланғич қисми тик ер қиялиги бўйлаб саёз арча ўрмонлари орасидан ўтади. Қияликнинг тиклиги боис биз тезгина пастладик, водийга тушгач эса бир тўда итлар ҳужумига дуч келдик.

Тошкент вилоятидан фарқли ўлароқ, бу ерда битта чўпон тўрттадан саккизтагача ит боқади. Бу ҳолат бу ерлардаги бўрилар ҳужуми хавфи билан боғлиқ бўлса керак. Бу итлар одамларни ҳам жуда кам кўришади.

Арча ўрмонини айланиб, бир-биримиз ва итларнинг яшил чироқ бўлиб ёнган кўзлари орасидаги масофани назорат қилишга ҳаракат қилиб, тезгина водийни кесиб ўтамиз ва улкан қоятошга – Хўжа Гур Гур отага кўтарилишнинг шартли бошланишига чиқамиз.
Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Учинчи кун
Соат тунги икки. Кечаги чарчоқ ўзини сездиради ва қайта тикланмаган танага оғир юк бўлиб босилади. Ҳар бир қадам ҳаракати секинлаштирилган кинодагидек. Хаёлда эса фақат чўққи ҳақидаги ўйлар.

Чўзилган баландлик саёз арчазор орқали ўтади. У деярли бир километр юқорига чўзилган тик қоятош билан навбат алмашади. Баъзи жойларда том маънода тиканлар орасидан ўтишга тўғри келди. Чироқ ёруғлиги фақатгина 30 метрга етади, олдинда эса фақат чакалакзор.
Биз танани титратувчи совуқдан уйғондик, шамол кучли эди, бу эса совуқни янаям кучайтирар эди.
Бойсунда 3000 метрлик баландликлар кўпинча тоғларнинг ўрта даражасида жойлашган ва деярли сезилмайди, фақат альтиметр (баландликни аниқлаш учун асбоб – таҳ.) ракамларни эслатиб туради.

Нихоят, тепаликдан ўтиб, биз қуриган сой бўйига чиқдик, унинг қарама-қаршисидаги қоя четига ўтамиз ва 3200 метр баландликка етамиз. Олдинда бизни иккинчи босқич кутиб турибди – жарликлар билан чегарадош улкан қоятошлар.
Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Баландлик туфайли ҳарорат нолга тушди, оғиздан буғ чиқади. Тахминан соат учларда шамолдан озгина қутқарадиган тош тўсиққа етиб келдик.

Шу ерда 15 дақиқага тўхташга қарор қилдик. Гуруҳнинг аксарияти ҳатто сумкаларни елкаларидан ечмай туриб, шу заҳотиёқ уйқуга кетди. Йўлдаги қисқа уйқу ҳар доим танани қайта тиклайди ва қувват беради.

Тана қизиб кетганда совуқ унчалик билинмайди. Бироқ, озгина ўтириб олгандан кейин қон айланиши секинлашади ва ҳиссиётлар қарама-қарши томонга кескин ўзгаради. Биз танани титратувчи совуқдан уйғондик, шамол кучли эди, бу эса совуқни янаям кучайтирар эди.
Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Тонг ёриша бошлаганди. Бу вақтда биз йўлимизнинг сўнгги қисмига – ўрта фракция майда заррачалари сепилган майдонга чиқдик. Сўнгги қадамлар, мияда фақат биргина хаёл айланади: "Тез орада ўша жарлик, 11 ой давомида мени ўзига жалб қилган ўша манзарани кўраман!".
Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Ўнг томонда тахминан 5 метр узунликдаги жарлик устида осилиб турган қоятош – Хўжа Гур Гур отанинг мақбараси кўринди. Бир неча якуний қадамлар ва ниҳоят ўша чекка – "Ер чеккаси", гуруҳ иштирокчиларидан бири бу ерни шундай атади.

Беш юз метрлик жарлик, улар қушларининг тонгги қийқириқлари, кучли шамол ва Ер билан тубсизлик ўртасидаги чегара.
Фото: Шароф Эгамбердиев / «Газета.uz»
Мавзе чегараси 20 километрдан ортиқ майдонни ташкил қилади. Ўнг томондан у пастга тушади ва Кетмончопти мавзеси билан туташади, 3100 метр баланликка эга Санжар тоғ ёдгорлиги чап томонга қараб чўзилади.

Айнан шу ер баланд тоғли қишлоқлар ва Бойсун туман марказининг шартли бўлиниш нуқтасидир. Шунингдек, чап томонда баландлиги 3723 метр бўлган йирик тумшуқ жойлашган бўлиб, унинг остида ғорларнинг карст тизими яширинган.

Уларнинг орқасида яна иккита тоғ чўзилган: баландлиги 3586 метр бўлган Чаль тоғи ва 3920 метр бўлган Хўжа Бўз Бароқ чўққиси. Бир йилдан сўнг иккинчисининг ёнбағрида биз тош қотган динозавр изларига тўқнаш келамиз.
Бир неча йилдан кейин менинг жамоам ҳар бир дарадан ўтиб, кўринган ҳар бир чўққига чиқади. Бу ерга сайёҳлар келишни бошлайди, баландликдан олинган суратлар эса бутун интернет бўйлаб тарқалади. Тоғнинг ўзи эса Сурхондарёнинг энг гўзал тарихий обидаларидан бирига айланади.

Бироқ, ҳатто ҳозир ҳам бу ёввойи ва олис маскан охиригача ўрганилмай, бизнинг билимларимизни уфқнинг чегарасигача чўзилгандек туюлувчи Сурхондарёнинг ҳали ўрганилмаган сир-синоатларидан ажратиб туради.
Матн ва фото муаллифи: Шароф Эгамбердиев
Материалларга бўлган барча ҳуқуқлар
муаллиф ва «Газета.uz» таҳририятига тегишли.
www.gazeta.uz сайтида эълон қилинган «Газета.uz» ва бошқа учинчи томонга тегишли бўлган ҳар қандай фото, график ва бошқа материаллардан ҳар қандай мақсадда фойдаланиш тақиқланади.

Materialga izohlar

Kirish
Kirish
Izohni jo`natish Chiqib ketish Muallif: