2020 йил битирувчиларига мурожаат
Танзила Норбаева, Шерзод Шерматов, Тимур Ишметов,
Севара Назархон, Оксана Чусовитина ва бошқа таниқли сиёсатчилар,
маданият вакиллари ва Ўзбекистон тадбиркорларининг
2019-2020 ўқув йили битирувчиларига мурожаати —
«Газета.uz» нинг эксклюзив материалида.
2020 йил нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг барча мамлакатлари учун кутилмаган ҳодисаларга бой бўлмоқда. Коронавирус пандемияси ва юзага келаётган инқироз ҳолати бизнинг атроф-муҳитимизни, кундалик одатларимизни ва ҳаёт тарзимизни ўзгартирмоқда. Ушбу вазият бизнинг авлодни бошқалардан ажратиб туради, чунки биз олдинлари кузатилмаган ҳолатни бошдан кечирмоқдамиз.

Карантин мактаблар ва олийгоҳлар битирувчилари ҳаётида алоҳида из қолдирди. Улардан олдинги авлод вакиллари учратмаган умуман янги шароитларда ўқишни битиришларига тўғри келди. 2020 йилги битирувчилар ноаниқликка тўла дунёга қадам қўйишмоқда. Бу йўлда улардан кўпроқ жасурлик, билимлар ва меҳнатсеварлик талаб этилади. Улар олдинги авлод вакилларидан фарқли вазифалар билан тўқнаш келишади.

«Газета.uz» давлат арбоблари, маданият ва спорт вакиллари, элчилар, тадбиркорлар ва жамиятнинг фаол аъзоларидан 2020 йил битирувчиларига ва ёшларга мурожаат йўллаб, ўз тилаклари ва маслаҳатлари билан бўлишишни сўради.

Биз уларга учта савол бердик:

1. Битирувчилик вақтидаги ўзингизга қандай маслаҳат берар эдингиз.

2. Янги авлод учун муҳим бўлган учта хусусиятларни келтиринг.

3. 2020 йил битирувчиларига бўлган тилакларингиз ва маслаҳатларингиз.

Эътиборингизга уларнинг жавобларини ҳавола қиламиз.
Танзила Норбаева
Олий Мажлис Сенати Раиси
Ўзимга ҳам, бошқаларга ҳам эришган марраларда тўхтаб қолмасдан, турли соҳаларда билим олишга ҳаракат қилишни, ўз олдимга қўйган ҳаётий мақсадлар сари қўрқмасдан олдинга боришни тилаган бўлар эдим.

Янги авлод учун:

  • Таҳлил қилиш ва тўғри хулосаларни чиқариш;
  • Ҳаётда устувор нарсаларни аниқлай билиш;
  • Ташаббускорлик ва жасурлик каби хусусиятлар жуда муҳим.

Азиз битирувчилар!

Биринчи навбатда, сизларни ўқишни муваффақиятли тугатганингиз билан чин юракдан муборакбод этаман!

Бугунги кундан бошлаб сиз мустақил ҳаётга қадам қўймоқдасиз. Энди сиз ўзингиз қарор қабул қиласиз, ўқитувчилар ва ота-оналарингиздан ўрганган билим ва кўникмалардан фойдаланиб, мақсад сари интиласиз.

Ишонаманки, катта ҳаётда ўз ўрнингизни топиш учун сизда етарлича куч, билим ва қувват мавжуд. Билингки, сизни яхши кўрадиган ота-онангиз, ўқитувчиларингиз ва, албатта, давлатимиз сизни доимо қўллаб-қувватлашга тайёр. Ҳар бирингиз муҳимсиз ва юртимизга кераксиз! Чунки яқин вақт ичида мамлакатимиз фаровонлиги ва тараққиёти сизга боғлиқ бўлади!

Ўзингизни синанг, қўрқмасдан ҳаракат қилинг, пухта ўйланган қарорларни қабул қилинг, олдингизга қўйган мақсадлар сари интилинг! Ўз устингизда ишланг, давлат сиз учун кўплаб имкониятлар очиб бермоқда. Асосийси, ўзингизга тўғри келадиган шундай касбни танлангки, келажакда ушбу иш сизга қувонч ва завқ бағишласин.

Яқинларингиз қадрланг! Ўз билими ва тажрибасини, қуввати ва меҳрини сиз билан бўлишганларни унутманг!

Ёдингизда бўлсин, ҳар қандай қийинчиликларни енгиб ўтса бўлади. Сизларга омад, оқ йўл!
Шерзод Шерматов
Халқ таълими вазири
Ёшлар ҳар доим ўзига ишониши керак. Шу билан бирга, ўз устида ишлаши ва билим олишни давом эттириши лозим. Вақтини бекорга сарфламаслиги керак. Вақт самарасиз ўтса, келажакда омадсизликка учраши мумкин. Шунда улар рақобатбардош бўлади ва ҳаётда ўз ўрнини топиши мумкин.

Ҳар доим юқори маррага эришишга ҳаракат қилиш лозим. Омадни кутиш керак эмас.

Танқидий фикрлаш ва таҳлил қилиш ҳозирда муҳим бўлган жиҳатлардан бири. Танқидий фикрлаш ва таҳлил қилиш ёрдамида турли муаммоларни самарали ечиш имкониятига эга бўлади.

Битирувчиларимиз ҳаётларининг янги саҳифасига қадам қўймоқда. Уларнинг бир гуруҳи олий ўқув юртига киради. Яна бир қисми меҳнат фаолиятини бошлашади. 9-синф ўқувчилари эса ўрта махсус таълим муассасаларида таълим олишни давом эттиради. Уларнинг барчасига сиҳат-саломатлик ва келгуси ҳаётларида каттадан-катта муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман.
Тимур Ишметов
Молия вазири
Ҳурматли битирувчилар!

Сўнгги уч йил ичида мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида ҳар биримизнинг ҳаётимизга таъсир кўрсатадиган мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилди. Давлат раҳбарининг сиёсий иродалари, қатъиятликлари порлоқ келажакни қуришга қодир эканлигимизга ишончни уйғотди. Қайд этиш керак, ислоҳотлар йўли ҳали жуда узоқ ва осон эмас, аммо сизларга ушбу ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлиш имконияти берилмоқда. Аминманки, сизнинг ғояларингиз ва интилишларингиз Ўзбекистон тараққиётида албатта ўз ифодасини топади.

20 йиллик тажрибамдан келиб чиқиб, баъзи истакларим билан бўлишишга ижозат бергайсиз.

Биринчидан, ўқишни тугатганингизга қарамай, ҳеч қачон янги билимлар олиш йўлида тўхтаманг. Билим - бу ноёб бойлик ва тенгсиз актив. Ўзлаштирилган билим ҳеч қачон йўқолмайди ёки камаймайди, уни чексиз равишда кенгайтирса бўлади, билимни ҳеч ким тортиб ололмайди. Шунинг учун доимо - бутун ҳаётингиз давомида - билим олишга ҳаракат қилинг. Аммо эсда тутингки, агар ушбу билимлар тўғри қўлланмаса улардан ҳеч қандай фойда йўқ. Бунинг учун эса тиришқоқлик ва қатъият талаб қилинади.

Иккинчидан, тўғрисўзлик ва садоқат ҳақида ҳеч қачон унутманг. Тўғрисўз бўлишни, биринчи навбатда ўз олдингизда тўғрисўз бўлишни мақсад қилинг, бу айниқса ҳозир карьера қилиш жараёнида катта аҳамиятга эга. Ушбу сифат бутун ҳаётингизнинг ажралмас қисмига айланиши керак. Баъзиларингиз ўқиш даврида индивидуал тарзда ишлашни афзал кўрган бўлсангиз, баъзиларингиз учун жамоада ишлаш анча енгилроқ кечган, аммо қайси усулни танлашингиздан қатъий назар, сиз ишлаётган ташкилотга содиқлик билан хизмат қилиш сиз учун яна бир муҳим хусусият бўлиши керак. У сизга доимо мақсадларга эришишда ёрдам беради ва нафақат тенгдошлар билан, балки ёши катта тажрибали ҳамкасблар билан, ва ҳатто, бошқа ташкилотлардан ҳам дўстлар орттиришга имкон яратади. Ишга чинакам содиқлик билан ёндашиш учун, ўзингиз ёқтирадиган ишни танлашингиз керак, чунки ҳаётингизнинг энг катта қисми айнан ишда ўтади.

Учинчиси - ҳисобдорлик. Молия соҳасида фаолият юритувчи давлат хизматчиси сифатида иш натижалари ва уларнинг одамлар ҳаётига таъсирини холис баҳолаш учун статистика, бюджет ва умуман иқтисодий сиёсатнинг ошкоралигини ва шаффофлигини таъминлаш нақадар муҳимлигини тушунаман. Ҳисобдорлик жамиятнинг жадал ривожланишига, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги фаровонликка жиддий туртки бўлади. Шунинг учун, ўз ҳаракатларингиз тўғрисида - ҳамкасблар, раҳбарлар ва жамият олдида ҳисобот беришга одатланинг - бу хатоликларга камроқ йўл қўйишга ёрдам беради.

Ҳаёт қисқа, ва шу сабабдан уни ёрқин яшаш керак. Шунинг учун дадил бўлинг ва ўз олдингизга юқори мақсадлар қўйинг, гарчи бугун улар хаёлингизга сиғмаса ҳам. Уларга эришиш йўлида ғайриоддий, ностандарт ечимларни қўллаш учун жасоратли бўлинг. Фақат шу йўл билан маррани баланд қилиб, сиз доимо ўзингизни такомиллаштирасиз, ҳар томондан вазифаларни бажариш усулларини таҳлил қиласиз ва турли хил янги имкониятларни топасиз. Бу фазилатларнинг барчаси, ўзингизда муваффақиятга йўналтирилган ва мақсад сари интилаётган шахсни тарбиялашга ёрдам беради.

Бир эзгу мақсад сизни доимо илгари йўналтирсин. Бу ота-онангизга муносиб фарзанд бўлиш ва фарзандларингизнинг муносиб ота-онаси бўлиш, зеро оилалар умумлашиб бизнинг бутун мамлакатимизни ҳосил қилади!
Ҳелена Фрейзер
БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили
Ассалому алайкум азиз битирувчилар!

Сизни бугунги битирув кунингиз билан табриклайман!

Сиз ноаниқлик даврида ҳаётнинг янги босқичига ўтмоқдасиз.

Аммо биз барчамиз биргаликда ҳаракат қилсак, соғлом, адолатли, тенг ва экологик барқарор дунёга яқинмиз!

Янги битирувчилар сифатида сиз ушбу ўзгаришларнинг бир қисми бўлишингиз мумкин.

Сиздан айни пайтда қуйидагилар талаб этилади:

  • Қизиқувчанлик
  • Ҳамдардлик
  • Ижодкорлик
Шундай қилиб, менинг маслаҳатим: доимо саволлар беринг, ижобий ўзгаришларга интилинг… оилангиз, жамиятингиз ва юртингизни яхшилаш учун барча имкониятларни қидиринг!

Азизлар, Муборак Рамазон ҳайити — ийд ал-Фитр барчангизга муборак бўлсин!

Азиз битирувчилар, Омад сизга ёр бўлсин!
Шерзод Кудбиев
Давлат Солиқ қўмитаси Раиси
[Мактабни ёки олийгоҳни битираётган ўзимга қуйидагиларни маслаҳат берар эдим] бадиий асар ўқиш ва спорт билан шуғулланиш ҳамда яқинларим билан мулоқот қилишга кўпроқ вақт ажратиш.

Янги авлод учун қуйидагилар муҳим:

  • қатъиятлилик ва қунт, келиб чиқаётган муаммолар ва синовлардан қўрқмаслик ҳамда ҳаётингиз давомида янги кўникмаларни ўрганиш ва ўзлаштириш қобилияти;
  • рақамли саводхонлик, замонавий технологиялар ва хорижий тилларни билиш;
  • тиришқоқлик ва меҳнатсеварлик.

Бу йил ўқув масканларини битираётган барча ёшларга ҳаётда ўз эътирофларини топишни, қийинчиликлар олдида енгилмасликни, доимо ўз устида ишлашларини ва бизнинг Ватанимиз - Ўзбекистон Республикасининг ривожланишида фаол қатнашишни тилаб қоламан!
Зафар Хошимов
Кorzinka.uz асосчиси
Ҳозир мактабни тугатаётган вақтингизда ҳаёт чегарасиз ва тугалмас нарсадек кўринади. Умуман олганда, ёшликда вақт бошқа қонунлар бўйича ишлайди: йиллар узундек туюлади. Лекин ишонинг, бундай эмас. Сиз буни пайқаганингиз заҳоти, ўзингизни аянчли ҳис қиласиз.

Шунинг учун сизга биринчи маслаҳатим: вақтни асранг, уни беҳуда кетказманг. Вақтни билимга, кўникмаларга ва тажрибага алмаштиринг. Бу ягона энг маъқул айирбошлашдир.

Ҳаётда кўплаб хусусиятлар керак бўлади. Фақат учтасини ажратиш қийин.

Шахсий хусусиятлардан энг асосийси — эзгулик, сабр ва ҳалоллик. Агар ушбу хусусиятларга эътибор бермасангиз, ҳаёт сизни тезда эришиладиган "зўр" нарсалар билан чорлашга ҳаракат қилади. Лекин бу ҳар доим тузоқ бўлади.

Интеллектуал хусусиятлардан муҳимлари — ижодий фикрлаш, танқидий фикрлаш ва қизиқувчанлик.

Ишда керак бўладиган хусусиятлар — меҳнатсеварлик, ўз ишини билиш, ўз касбига бўлган муҳаббат.

Кўплаб одамлар сокин тушкунликда яшаб, ўз қобилиятларини намойиш эта олмай, вафот этишади. Мен ҳар бир пазлнинг катта суратда ўрни борлиги каби, ҳаётда ҳар бир инсоннинг ягона тўғри ва унга мос ўрни борлигига ишонаман. Бу кишининг касбига ҳам, шахсий муносабатларига ҳам тааллуқли. Бу инсоннинг ҳаётдаги ўрни. Агар сиз уни топа олсангиз, демак, сиз бахтли одамсиз.

Шундай қилиб, мен 2020 йилнинг барча битирувчиларига ҳаётда ўзларини тўлиқ ҳис қиладиган ўринни топишларини тилайман. Ҳаётда ўз ўринларини қидиришда чарчамасликлари учун уларга куч ва иштиёқ тилайман.
Севара Назархон
Хонанда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист
[Мен ўзимга битирувчи сифатида] ўзимга қаттиқ ишонишни тилар эдим. Ва кўпроқ сабрли бўлишни.

Ҳозир шундай бир ажабтовур замон. Менимча, энг асосийси — бу улгуриш. Биргаликда ҳаракатланмоқ, ритмга тушиш. Мен дунё ўзгариб бораётганини ҳар куни ҳис қиламан. Ўзим ҳам ўзгаришга ҳаракат қиламан. Менимча, бу яхши хусусият.

Яна, кенг дунёқарашга ҳам эга бўлиш керак. Саёҳат қилиш керак. Янгиликка интилиш. Дунё бўйлаб уюштирган қизғин турларимсиз, мен, балки, умуман бошқача инсон бўлар эдим.

Битирувчилар биздан яхшироқ бўлишини хоҳлар эдим. Афсуки, биз фарзандларимизга унчалик яхши бўлмаган сайёрани ва дунёни қолдирамиз. Мен уларга куч, сабр, кўникмалар ва орзулар тилайман. Аминманки, уларни олдинда қизиқ нарсалар кутмоқда. Дунёга очилинг ва ҳеч нарсадан қўрқманг.

Мен бир ақлдан озган ўсмир бўлганман, саёҳатлар сари жуда эрта интилганман. Осон бўлмади, лекин бўлиб ўтган барча нарсалар — жуда ҳам қизиқарли йўл. Орзу қилишдан тўхтаманг!
Алишер Саъдуллаев
Ёшлар Иттифоқи раиси, сенатор
[Мен ўзимга битирувчи сифатида қуйидагиларни тилардим]: Ўзингга устоз топ. Хато қилишдан қўрқма. Ютқазишда давом эт, ишлашда давом эт.

Учта энг муҳим хусусиятлар:

  • танқидий фикрлаш
  • босиб ўтилган йўлни доимо сарҳисоб қилиш
  • муомала кўникмалари

Битирувчиларга: Сизлар эришган яна бир марра. Лекин ўз йўлингизни топиш учун йўналишингизни яна бир неча марта йўқотишингиз мумкин. Омадсизликларга тайёр бўлинг, лекин улардан доимо ўрганишингизга тўғри келади. Шу орқали, сиз фақат ривожланиб борасиз.
Оксана Чусовитина
Гимнастика бўйича Олимпиада ўйинлари ва жаҳон чемпиони
2020 йилнинг барча битирувчиларига улар доимо олға интилишларини, фақат виждонларига таяниб ва чин юракдан барча амалларни қилишларини тилайман. Агар улар қандайдир касб танласалар ёки олий таълим муассасасига кирмоқчи бўлишса, бу уларнинг юрагидан жой олишини, улар шуғулланадиган касб ёки машғулотга бутунлай берилишларни тилайман. Мен инсон ўзига ёққан иши билан шуғулланишини яхши кўраман.

Уларга фақат меҳнатсеварлик, олдинга интилиш ва ўзлари, шаҳарлари, халқлари ва ўз юртлари ҳақида қайғуришни тилайман. Агар улар қайғурсалар, албатта, барчаси яхши бўлади ва Ўзбекистон энг зўр давлат бўлади.

Мен уларга, албатта, саломатлик тилайман. Бутун дунёда ва юртимиздаги вазиятга қарамасдан, озгина сабр қилиш керак. Ўйлайманки, ҳаммаси ўз жойига тушади. Кўпроқ кулинг, бир-бирингизга меҳрибонроқ бўлинг, эзгу амаллар қилинг ва шунчаки яшанг, ҳаётдан завқланинг.

Мен учун учта энг муҳим хусусият — бу ҳалоллик, меҳнатсеварлик ва хоҳиш.
Ҳикмат Абдурахмонов
HM Partners ва TEAM University ҳамасосчиси
Умуман олганда, менга омад кулиб боққан, мен ота-онамнинг қўллаб-қувватлаганликлари билан ўша йилларда энг зўр олийгоҳлардан бирини танлаганман (ЖИДУ), менга ёққан нарсани ўрганганман ва ҳозир яхши кўрадиган ишим билан шуғулланаман.

Мактабдаги сўнгги йилларга хаёлан қайтар эканман, ҳозир мен бу ишга анча олдинроқ тайёргарлик кўришни бошлашни ўзимга маслаҳат берган бўлардим. Олийгоҳни танлаш — шунчалик муҳимки, уни сўнгги йилга қолдириб бўлмайди. Ривожланган давлатларда бунга 3-4 йил олдин тайёргарлик кўришни бошлашади. Айниқса, ҳозир битирувчиларда маҳаллий ва хориж олийгоҳлари орасида танлов анча кўпроқ.

Учта энг муҳим хусусият:

  • Мослашувчанлик. Инқирозларнинг интенсивлиги ошди. Ким мослашмаса, бизнес ҳам, профессионал ҳам муваффақиятга эришмайди.
  • Фокус. Авваллари ҳар қандай нарса бўлиш мумкин эди. Ниманидир таклиф қилиш учун ўша нарсанинг борлиги етарли эди. Ҳозир рақобат ўсган, фақат маҳсулот ёки хизматнинг ўзи кифоя эмас. Мижозни ва ишни яхши кўриш керак, киши ўзини фақат шу ишга бағишлашга тайёр бўлиши керак.
  • Чемпионлик жамоавий ўйини. Кучли бўлиш учун ўқиш ва ишлаш керак. Лекин бу етарли эмас. Бир киши ҳамма нарса билан шуғуллана олмайди. Қойилмақом лойиҳаларни амалга ошириш учун профессионал, юксак мақсадларга эга чемпионлик жамоаси керак. Сиз эса муносиб жамоавий ўйинчи бўлишингиз керак, эгоист эмас.

Қўрқмасдан ҳаракатни бошланг, ўз устингизда ишланг, тилларни ўрганинг, ҳаётдан завқ олинг, уни ҳозир яшанг, келажакка ишларни қолдирманг, орзу қилинг ва уларни амалга ошириш учун ҳар куни қадам қўйинг.
Светлана Артикова
Бош прокурор ўринбосари
[Ўзимга битирувчи сифатида қуйидагиларни тилардим:] Светлана, Ватанингга бўлган садоқатинг ҳеч қачон сўнмасин. Қонун устуворлиги, давлатимиз манфаатлари учун ҳар доим кураш ва ҳеч қачон, ҳеч кимдан қўрқма!

Янги авлод учун муҳим учта хусусият: ўқимишли, инсофли ва содда бўлинг.

Сиҳат-саломатлик ва омад тилайман. Қўлингиздан ҳамма нарса келади!
Женисбек Пиязов
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист
Болалик вақтимизда Совет Иттифоқи парчаланди ва мустақил бўлдик. Ўқувчилик пайтларимизда аниқлик йўқ эди. Мисол учун, кирилл алифбоси бор эди, кейин лотин алифбосига ўтилди. Биз қайси бирини ўрганишни билмасдик. Етарлича китоблар йўқ эди, инглиз тили билан фақат бир ҳафтада бир марта шуғулланиш мумкин эди. Ҳозир ҳаммаси яхши, ҳаммаси жойида. Айтмоқчи бўлганим, янги авлод ўқиши керак. Ўқиш керак.

Учта асосий хусусият:

  • тилларни билиш
  • ҳозир дунёга нима кераклигини ва нима етишмаётганини била олиш;
  • инновацион билимлар. Ҳозир ҳамма нарса уйдан туриб, кўчага чиқмасдан ҳал бўлмоқда.

[2020 йил битирувчилари] коронавирус пандемияси бошланди, деб хафа бўлмасликлари керак. Тўғри, кўпгина режаларимиз бузилди. Аммо озгина кутиш керак, ҳаммаси яхши бўлади. Кимдир чет элга ўқиш учун бормоқчи бўлса, озгина кутсин. Тошкентга бўлса, ҳаммаси яхши бўлади, давлат барча нарсани қилади.

Ҳозир бутун дунёда барчага қийин. Бизнинг укаларимиз ва сингилларимиз мактабларни битиришмоқда. Лекин қандай ўқишга киришни билмай туришибди. Улар кутиши ва сабр қилишлари керак. Барчаси яхши бўлади.

Яхши ўқиганларнинг орзуларидаги олийгоҳларга киришларига тилакдошман
Хушнуд Худойбердиев
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш
жамоат фонди директори

Энг аввало битирувчи сифатида ўз олдимга келажакда аниқ мақсад қўяр эдим. Яъни, мен қайси соҳадан кетсам, шу соҳада кўпроқ муваффақият қозонишда ўзимда имкониятларим бор деган хулосани ўзим учун чиқариб олар эдим. Яъни, мен нималарга қизиқаман, қайси кучли ва заиф томонларим бор, ҳаммасини ҳисоб-китоб қилиб, ўзим учун йўналиш танлар эдим.

"Ҳа, бир гап бўлар, кириш осон бўладиган институтга кириб олаверайчи, кейин у ёғига Худонинг бир нарса дегани бордир", дейдиганлар ҳам бор. Улар ўз имкониятларини чамалаган ҳолда ҳам имконияти яхши эмаслигини билиб, ҳам таваккал қилиб бирор йўналишга топширишни ният қилган.

Уларни айблашдан йироқман. Инсонинг тақдири фақат битта соҳага боғланиб қолмаган ёки жамиятда яхши яшаётган инсонлар фақат фалон соҳада фаолият кўрсатади, пистон соҳадагилар ёмон яшаяпти, деган тушунчанинг ўзи йўқ. Ким қайси соҳанинг етуги, энг зўри бўлса, ана ўшалар бемалол жамиятда яхши яшайди, олди инсонларидан бўлади.

Шунинг учун таваккал қилиб кирадиган университетимда ҳам "мен бу ерга тасодифан кирганман", деб кўнглим ўксиб қолмасдан, ўша "таваккал университет"да зўр ўқирдим-да, шу соҳанинг "профи"си, яъни етук мутахассиси бўлардим. Бу ҳам менинг келажагим учун фойда бўларди.


Учта хусусият

Биринчидан, ўз устида ишлаш ва мослашувчанлик. Бу янги ўзгаришларни доимий кузатиб бориш ҳамда шу соҳасидаги билимларини, талабалик даврида ололмаган билимларини фаолияти давомида эгаллаб бориш.

Мослашувчанликнинг муҳимлиги шундаки, вазият таъқозоси билан ўзи эгаллаган соҳа бутунлай касодга учраши мумкин, инқирозга юз тутиши мумкин. Яъни касбини ҳам керак бўлса тез алмаштиришга тўғри келиб қолади. Шундай замонлар келади, қайсидир бир касб умуман йўқ бўлиб кетиши ҳам мумкин.

Шунақа пайтда, "йўқ, мен ўз касбимга содиқ қоламан, мен бир умр фақат шу билан ўтаман", деган консерватив қараш ҳам яхши эмас. Замонга мослашиш керак.

Иккинчидан, жуда кўп муаммолар тўғри ва яхши муомала орқали ечилади. Афсуски, бизда муомала маданияти алоҳида ўргатилмайди, бунақа фан йўқ. Лекин, музокара маданияти, муомала маданият ёшлар учун жуда керак. Яъни, иши давомида ўзининг ҳамкорлари билан музокара олиб боради. Агарда давлат органига кетса, халқ билан мулоқот олиб боради, бизнес йўналишидан кетса, истеъмолчилари ва харидорлари билан муомалага киришади. Ана шу жойларда муомала ва музокара маданиятлари жуда ҳам керак бўлади, буни ўзлаштириш керак.

Учинчидан, сабрли бўлиш керак. Яъни, бирор қийинчиликка дуч келганда, дарров "Эх, бўлди, менинг қўлимдан келмас экан, мен ношуд эканман, ҳаётда бирор нарсага эриша олмайман", деб тушкунликка тушиб қолмаслик керак.

Бирданига кўнгли совиб кетмаслиги керак. Шунинг учун, қийинчилик келганда ҳам, синов келганда ҳам, бошига бирор ташвиш тушганда ҳам, сабрли бўлиб, ўзининг ишини сидқидилдан қилишда давом этиб кетаверса, йўлида тўхтаб қолмаса - бу муваффақиятнинг катта калитларидан бири ҳисобланади.

2020 йилги битирувчиларига тилагим - энг аввало, яхши ўқиганлари ўзи орзу қилган йўналишларига талаба бўлиш бахтига муяссар бўлсин. Яхшироқ ўқий олмагани ёки бошқа бир сабабдан омади келмай талаба бўла олмаганлари, бунақалар кўп бўлади, тушкунликка тушиб қолмасин.

Ҳозирги кунда диплом унчалик муҳим фактор эмас, яъни дипломсиз ҳам бемалол ўзининг ишини давом эттириб, ўз соҳасининг мутахассиси бўлиши мумкин. Шунинг учун касб ўрганиш керак.

Ўқишга киролмай қолганлар бирор касбнинг этагини тутишса яхши бўларди ёки кейинги йилгача яхши тайёрланиб, шу тайёрланиш жараёнида хорижий тилларни ва интернет, ахборот технологияларини яхши ўрганишса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Кўпчилик, жорий йилда ҳам 800 мингга яқин абитуриентлар ҳам ўқишга кира олмайди, улар бошқача айтганда "кўчада қолишади". Ўша 800 мингдан кўпчилигига IT, ахборот технологияларини ўрганишини тавсия қилар эдим, бемалол уй шароитида ҳам ўрганса бўлади, агар интернет имконияти бўлса ва ўрганишса, келажакда ўзлари учун катта фойда бўларди.

Мабодо, кейинги йил ҳам омади келмай талаба бўлолмаган тақдирда ҳам, бемалол дастурчилик орқали, веб-дизайнерлик орқали ҳам оиласини боқа оладиган даражада пул, маблағ топа олади. Бу анча яхши, яъни фақат ота-онасининг қўлига қарам бўлиб юргандан кўра бу анча яхши.
реклама
Азамат Атаджанов
«Газетa.uz» бош муҳаррири
Мактаб ёки университетни битираётган вақтимдаги ўзимга бир-иккита мутахассислик билан чекланмасдан, янги билим ва кўникмаларни ўзлаштириш учун барча имкониятлардан фойдаланишни, кўпроқ саёҳат қилишни тилаган бўлар эдим.

Бизнинг замонамизда дунёда кузатилаётган ўзгаришларни кўра билиш ва янги шароитларга тезда мослашиш муҳим. Коронавирус билан боғлиқ вазият шуни кўрсатдики, биз учун одат тусига кирган ҳаёт тарзи бир неча ҳафта ва ҳаттоки кунларда ҳам ўзгариши мумкин экан. Доимо изланишда бўлган, уддабуронлик билан ва ижодкорона фикрлайдиган кишилар ҳамма вақт ҳаётда ўз ўринларини топишади.

Битирувчиларга. Бугун сизнинг олдингизда - бутун олам. Ҳамма нарсада имконият кўришни ўрганинг. Хато қилишдан қўрқманг. Омадсизликлар олдида чекинманг. Эсингизда бўлсин, деярли ҳар қандай вазиятдан чиқиш мумкин. Ўз устингизда ишлашда тўхтаманг ва сиз, албатта, интилаётган нарсангизга эришасиз!
Материални тайёрлашди
Давлат Умаров
Сабина Бакаева
Шухрат Латипов

Materialga izohlar

Izohni jo‘natish Chiqib ketish Bekor qilish Muallif: 6000 ta belgi qoldi.
"Gazeta.uz"da ro‘yxatdan o‘tish

Qo‘shimcha imkoniyatlarga ega bulish uchun saytda ro‘yxatdan o‘ting