Таълим — шунчаки восита
Freshman Academy асосчиси Валерий Аракелян — Айви-Лига университетларига кириш ва ўқиш ҳақида
Валерий Аракелян асли самарқандлик. У абитуриентларни дунёнинг энг яхши университетларига грант асосида ўқишга кириш учун тайёрлашга ихтисослашган Freshman Academy онлайн мактабига асос солган. «Газета.uz» Валерий билан академия фалсафаси, талабалар ва хорижда таҳсил олиш ҳақида суҳбатлашди.
Валерий Аракелян асли самарқандлик. У абитуриентларни дунёнинг энг яхши университетларига грант асосида ўқишга кириш учун тайёрлашга ихтисослашган Freshman Academy онлайн мактабига асос солган. «Газета.uz» Валерий билан академия фалсафаси, талабалар ва хорижда таҳсил олиш ҳақида суҳбатлашди.
Валерий Аракелян Самарқандда туғилган. 2018 йилда у Сингапур Миллий университети ва АҚШнинг Йель университети ҳамкорлигида асос солинган Yale-NUS гуманитар коллежига ўқишга кирган.

Бир йил ўтиб, Валерий Freshman Academy онлайн мактабига асос солган. Лойиҳа МДҲнинг барча ҳудудлари ва узоқ хориждан бўлган абитуриентларни дунёнинг энг яхши университетларига қисман ёки тўлиқ молиялаштириладиган грант асосида ўқишга киришга тайёрлайди.

2019 йилдан буён бу мактабни 1000 дан ортиқ абитуриент тамомлади. Улар орасида АҚШ ва дунёнинг бир қатор энг кучли университетларига кирган илк ўзбекистонликлар ҳам бор. «Газета.uz» Валерий билан Freshman Academy'ни ташкил этиш ғояси, лойиҳа фалсафаси, ўқишга кириш ва хорижда таҳсил олишга тайёргарлик хусусида суҳбатлашди.
Болалиги ҳақида
Менга кўп жиҳатдан омад кулиб боққан, деб айта оламан. Менда таълимга қизиқишни ота-онам уйғотган. Бувим — Совет Иттифоқи ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган инглиз тили ўқитувчиси бўлган, шу боис инглиз тилини 5 ёшимдан ўрганганман. Онам Самарқандда гид бўлиб ишлайди, бунинг шарофати билан болалигимдан сайёҳлар, жумладан, чет эл университетлари профессорлари, ҳатто Оксфорд университети профессорлари билан мулоқот қилиш имконига эга бўлдим. Айви Лигаси (Ivy League) нима экани ва ассоциация университетлари қандай имкониятларни тақдим этиши ҳақида ҳам айнан улардан билиб олганман.

Бошланғич мактабда укам ва мени етарлича қаттиққўллик билан тарбиялашган, бироқ тахминан 5-синфдан менга муайян даражада эркинлик беришди ва нима билан шуғулланишни мустақил танлаш имконига эга бўлдим. Ота-онам менинг барча қизиқишларимни қўллаб-қувватлаган: гитара чалишни истайсанми — мана, ол, футбол ёки дзюдо билан шуғулланишни истайсанми — олға.

«
14 ёшимда Самарқанддаги инглиз тили бўйича илк сўзлашув клубига қатнай бошладим. Унинг иштирокчилари орасида энг кичиги эдим, қолган иштирокчилар 17 ёш ё бундан катта эди. Мен бу клуб болаларига IELTS имтиҳонига тайёрланишда ёрдам берганман. Айтиш мумкинки, бу менинг ўқитувчиликдаги илк тажрибам эди.

»
Университет танлаш ва ўқишга киришга тайёргарлик ҳақида
Мактабдан сўнг Самарқанд енгил саноат ва иқтисодиёт коллежига ўқишга кирдим ва олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларига тайёрлана бошладим. Айви-Лига университетларида ўқишни хоҳлардим. Мени улардаги таълимнинг юқори сифати ўзига тортган эди, бироқ энг асосийси — улар талабаларнинг ота-оналари кўтара олмайдиган барча харажатларни ўз зиммасига олишлари шарт. Бу ўзбекистонлик абитуриентлар учун катта афзаллик.

Бундай катта миқдордаги молиялаштириш — ассоциация университетлари учун эътироф масаласи. Агар улар фақатгина ўқиш учун тўловга лаёқатли бўлган талабаларни қабул қилганларида эди, Айви Лигаси илғор илм-фан маркази сифатидаги нуфузини йўқотган бўларди, талабалар «Лига»да фақат пул эвазига ўқиши мумкин, деган тасаввур уйғонарди. Бироқ, ҳозирги сиёсатга мувофиқ, ўқишда пул эмас, билим ҳал қилувчи омил ҳисобланади.
реклама
реклама
Мен ўқишга биринчи уринишдаёқ кирмаганман. Биринчи йил, 2016 йилда IELTS имтиҳонини топширдим. Даражам ҳар доим керагича юқори бўлган, шунинг учун биринчи уринишдаёқ 8 балл олдим. Бироқ, маълум бўлишича, хорижий университетларга ўқишга кириш учун ҳам IELTS, ҳам SAT сертификати керак экан. Мен улардан фақат биттаси керак, деб ўйлагандим ва иккаласи ҳам зарурлигини билгач, ҳайратга тушдим. Менинг бехабарлигим қандай ҳужжат топшириш кераклигини кўпчилик тушунмагани, рақобатбардош университетларга ҳужжат топшириш логистикасининг мавжуд эмаслиги билан боғлиқ эди. Ўша вақтда Ўзбекистонда SAT тестини топшириш учун фақат битта имтиҳон маркази бўлар, у ҳам Тошкентда эди. Мен бу қандай тест эканлигини умуман билмасдим, шунга қарамай, рўйхатдан ўтдим ва уни топшириш учун тайёргарликсиз бордим.

Негадир имкониятларим яхши экани ва Айви Лигасига ўқишга кира олишимга ишончим комил эди. 2016 йилнинг кузида дунёнинг 12 та энг яхши университетига ҳужжат топширдим. Баҳорда ҳаммасидан рад жавобини олдим. Ушбу университетларнинг ҳар бирига ариза топшириш учун 50 доллар миқдорида рўйхатдан ўтиш тўловини тўлаш керак эди. Кейинги йили оиланинг йиллик даромади 65 минг доллардан кам бўлса, уни тўламаслик мумкин эканини билиб олдим.

Барчасидан рад жавобини олгач, коллеждаги дўстим билан Британия Кенгаши (British Council)нинг ҳар йили ўтказиладиган Enterprise Challenge ёшлар дастурида иштирок этишга қарор қилдик.


«
Кейинчалик мен бу тажрибадан университетлар қабул комиссияси қарорига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган дарсдан ташқари ютуқлардан бири сифатида фойдаландим.

»
Enterprise Challenge иштирокчилари келгусида амалга оширилиши шарт бўлмаган назарий бизнес ғоя концепциясини тақдим этиши лозим эди.
Биз ўзимиз интернетда ўқиган ўсимлик уруғлари қўшилган бир марталик стаканлар тўғрисидаги ғояни тақдим этишга қарор қилдик: ғояга кўра, бундай стаканларни табиат қўйнида бирор жойга ташлаб кетилса ҳам, ундан дарахт униб чиқиши мумкин. Концепция даражасида ғоянинг ўзи жуда заиф, бу усулнинг экологик талабларга мувофиқлиги жуда мунозарали, шунга қарамай, биз лойиҳани тақдим этишнинг ўзига муносиб тайёргарлик кўришга қарор қилдик.

«
Жиддий изланишлар олиб бориб, Самарқанддаги «Мерос» ипак қоғоз заводи билан боғландик ва ғояни Самарқанд шароитига мослаштирдик. Бу ғоя билан Ўзбекистонда биз 2-ўринни эгалладик.

»
Шундан кейин, қизиқувчанлигимиз сабаб БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг (UNECE) шунга ўхшаш Ideas4Change дастурида иштирок этишга қарор қилдик. Форумда иштирок этган 130 жамоа орасида биз Женевадаги комиссия штаб-квартирасида ўз лойиҳаларини тақдим этган энг яхши беш финалчи қаторидан жой олдик. Охирги ўринни эгалладик, бироқ бу бизни ҳайрон қолдирмади. Биз 17−18 ёшда эдик, рақобатчиларимиз эса 24−50 ёш оралиғидаги тажрибали тадбиркорлар эди.
Манба: ideasonline.org
Бизга Исроил давлати вакиллари эътибор қаратиб, стартаплар бўйича глобал акселератор ҳисобланган MassChallenge компаниясининг Business Accelerator дастурида иштирок этишга таклиф қилди.

Тадбир 2017 йилнинг ёзида Қуддусда бўлиб ўтди. Дастур доирасида мен UNECE ижрочи котиби ўринбосари билан ишлаш имконига эга бўлдим. Ўша сафар давомида биз Тель-Авивда ҳам бўлдик. У ерда eBay собиқ вице-президенти раҳбарлиги остида ишладик. Университетга ҳужжат топшираётган вақтим номзодлигимни кучайтириш мақсадида уларнинг ҳар иккаласидан ҳам тавсиянома олдим.

«
Ушбу лойиҳалар яхши мотивацион хат — хорижий университетларга ҳужжат топширишда катта рол ўйнайдиган муҳим ҳужжатни ёзишда менга катта ёрдам берди. Яхши академик кўрсаткичлар, агар уларни тўғри ифодалаб бера олмасангиз, ҳеч қандай маънога эга бўлмаслиги мумкин.

»
Бу сафар Йель университетига ҳужжат топшираётганда, Сингапурнинг Yale-NUS коллежига ҳам ҳужжат топшираётганимни ҳам кўрсатиб ўтдим. Биринчи йили бу пунктни эътиборсиз қолдиргандим, чунки АҚШга ўқишга киришимга ишончим комил эди, бироқ энди рақобат, гап айниқса Америка университетлари ҳақида бораётган бўлса, жуда кучли эканлигини англаб етгандим.

Мени Yale-NUS'га қабул қилишди. Ўша вақтда у QS World University Rankings рейтингида 15-ўринда эди. Ҳозир 8-ўринда. Мен Amherst коллежида ҳам ўқишим мумкин эди. У ҳам қайсидир маънода кичик Айви Лигаси ҳисобланади ва Америкадаги бир қишлоқда жойлашган. Бироқ, Сингапур — динамик шаҳар, шунинг учун мен уни танладим. Yale-NUS менга ўқиш, турар жой, овқатланиш ва китоблар учун тўловни ўз ичига олган тўлиқ грант тақдим этди.
Университет танлаш ва ўқишга киришга тайёргарлик ҳақида
Yale-NUS'да сиёсат, фалсафа ва иқтисодиётни ўргандим. Дастлаб маркетинг ва бизнес билан шуғулланишни режалаштиргандим, бироқ Йель ёки Гарвард каби университетларда бакалавриат таълим тизими Liberal Arts деб номланган қадимги юнон модели асосига қурилган. Унда асосий эътибор кўп асрлар давомида мавжуд бўлган фундаментал фанлар: математика, физика, фалсафа, ҳуқуқ, сиёсатга қаратилади. Талабалар асосларни ўрганади, маркетинг ёки бизнес йўналишини эса магистратура босқичида танлаш мумкин.
Фундаментал фанлар бакалавриат босқичида курснинг мажбурий қисми ҳисобланади. Масалан, мен «Суқрот устидан ҳукм» курсини ўқиганман. Ярим йил давомида биз унинг нима учун судлангани, суд жараёни қандай кечгани ва Суқрот устидан ўлим ҳукми замонавий фалсафага қандай таъсир кўрсатгани ҳақидаги турли матн ва версияларни ўрганиб чиққанмиз. Бакалавриат талабалари фундаментал фанлардан ташқари ўз қизиқишларидан келиб чиқиб бошқа фанларни ҳам танлаши мумкин.

«
Университетда энг қийини ўз фикрингизни шакллантиришингиз ва уни асослашингиз кераклиги бўлди. Ўзбекистонда деярли иншо ёзмасдик, ҳар доим конспект ёзардик ва уни ёд олардик. Сингапурда шуни англаб етдимки, бутун таълим жараёни аслида дарслик билан баҳслашишга асосланади. Баъзида биздан дарсликда нотўғри ёзилган вазиятни тасаввур қилишни сўрашарди. Бу тизим профессорнинг мавқеига эмас, балки ўз нуқтаи назарингизни исботлашга асосланади. Профессор билан ҳар доим конструктив баҳсга киришиш мумкин.

»
реклама
реклама
Шубҳа остига олиш — Америка таълим тизимида ўрганишнинг жуда муҳим қисми. Бу талабаларни фундаментал нарсаларнинг асл ҳақиқати ҳақида фикр юритишга мажбур қилади. Танқидий фикрлашнинг ривожи баъзан абсурд даражасига олиб чиқилади, чунки сиз деярли ҳамма нарсага шубҳа билан қарай бошлайсиз. Шунинг учун, кўпчилик талабалар — жумладан мен ҳам — ўқишнинг биринчи йилида нигилизмнинг муайян бир босқичини бошдан кечиради. Университетда турли мамлакатлардан келган, бизникидан бутунлай фарқ қилувчи маданиятга эга жуда кўп одамлар таҳсил олаётгани ҳам буни янада кучайтиради. Бироқ айнан шу туфайли киши бошқача фикрлай бошлайди ва турли нуқтаи назарларга нисбатан бағрикенглик билан ёндашадиган бўлади.
Yale-NUS да ўқиш жараёни ҳақида
Биринчи семестрнинг еттинчи ҳафтасида университетнинг барча талабалари Wеек 7 дастурида қатнашади. Унда талабалар ўқитувчилар ҳамроҳлигида турли конференцияларда иштирок этиш учун бошқа мамлакатларга учиб кетиши кўзда тутилган.

Турли мамлакатлардаги 14 турдаги дастурдан бирини танлаш керак эди. Ҳар бир талаба 14 та дастурнинг барчасини устуворлик асосида танлади. Айни пайтда, талабалар учун дастурни компьютер танлади. Мен халқаро молия бўйича ўқиш учун Гонконгга учдим. Мавзу мени қизиқтирди, бироқ кўпроқ шаҳарни кўришни хоҳлардим. Yale-NUS ва Йель университетининг икки профессори ҳамроҳлигида турли банкларда бўлдик. Бири назария профессори, иккинчиси йирик банк директори ва 20 йил Америка университетида ишлаган эди.
Гонконгдаги учрашув
Биринчи курсдан кейин менга Коннектикут штатидаги Йель университетида бир ой вақт ўтказиш насиб қилди. Бу ёзги Grand Strategy дастури бўлиб, ҳар куни уч соат давомида маърузалар тинглардик ва ҳар ҳафта 2000 сўздан иборат тадқиқот иши ёзардик. Охир-оқибат, барча ишимизни [битта тадқиқот ишига] бирлаштиришимиз ва материални таҳрирлашимиз керак эди. Аслини олганда, 8−10 минг сўзлик кичик диплом иши ҳосил бўлди. Бундай ҳажмдаги матнларни ёзиш мен учун жуда қийин эди, бироқ бу тажриба кейинги курсларда менга жуда асқотди.
Йель университети президенти Питер Саловей билан
Университет кенг кўламли имкониятларни: амалиётдан тортиб, тил дастурлари ва бошқа мамлакатларга саёҳатларгача тақдим этди. Буларнинг барини университет молиялаштирди. Ҳатто тасодифий тақсимланган «сирли амалиётлар» ҳам бўлган. Бир танишим Таиландда амалиёт ўташига тўғри келган, у ерда танишим шунчаки қутиларни ташиган.

Мен эса олти ойга Францияга Science Po сиёсий тадқиқотлар институтида ўқиш учун боришим керак эди, бироқ пандемия юз берди. Ўқишимнинг ярми шу даврда бўлиб ўтди, шунинг учун саёҳат қилиш имкониятларининг аксариятидан фойдалана олмадим.
Yale-NUS коллежида

«
Ўқиш йиллари менда ватанпарварлик туйғуси жуда мустаҳкамланди. Таълим, маданият, тарих нуқтаи назаридан Ўзбекистонда олганларимиз нақадар қадрли эканини тушуна бошладим. Регистонни ҳар куни кўриш, юртимиз маданий меросига тегиш имконияти нақадар қимматли.

»
Сингапур — нисбатан янги давлат, унинг ривожланиш тарихи 200−300 йил. Самарқандда эса биз минг йилликларда — македониялик Искандардан тортиб Ўзбекистоннинг янги тарихигача бўлган даврда фикр юритамиз.
Freshman Academy'нинг ташкил этилиши
Иккинчи курсда, 2019 йили, хорижий университетга ўқишга кириш учун тайёрланишида укамга ёрдам бера бошладим. У бир ўзи бироз зерикди, шунинг учун мен яна бир-иккита абитуриентларни олдим. Улар бепул ўқишди. Айтишим мумкинки, бу Freshman'нинг илк гуруҳи эди.

Yale-NUS'да ўқийдиган дўстим Бекзод Нурматов билан бирга Zoom орқали йигитларга қўнғироқ қилиб, уларни SAT имтиҳонига тайёрладик, сўзлашув клубини олиб бордик.

Қайсидир лаҳзада шуни тушундимки, Ўзбекистондаги абитуриентларда хорижий олийгоҳларга ҳужжат топшириш учун ресурслар йўқ. Ўша пайтда, муайян хусусий мактабларнинг битирувчиларини ҳисобга олмаса, деярли ҳеч ким [бундай олийгоҳларга] ўқишга кирмасди. Менда Freshman Academy'ни янада ривожлантириш тасаввури уйғонди. Бекзоднинг бошқа муҳим ишлари бор эди, ҳам биринчи курсда ўқирди. Икки-уч ой бирга ишлаганимиздан сўнг, мен лойиҳанинг ягона мувофиқлаштирувчисига айландим, бироқ ўқитувчиларимиз бор эди.
реклама
реклама
Академияни ўқиш билан бир вақтда юритиш жуда қийин эди, шунга қарамай, вақт ўтиши билан бундай ҳажмда ишлашга одатландим. Қўл силтагим келган пайтлар ҳам бўлди, бироқ менда танлов имкони йўқлигини тушундим, чунки менинг зиммамда ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари олдидаги масъулият бор эди. Улар бепул ўқиган тақдирларида ҳам, бу болаларнинг келажаги бизга боғлиқ, деган ҳис қамраб олган эди.

Ариза топширишнинг сўнгги даврида — бу декабрь-январь ойларига тўғри келади — кунига 12−14 соатлаб ишлаган пайтларимиз бўлди. Бир сафар Янги йил кечаси эрталаб соат 8 да уйғониб, тунги 11 гача ишлаганман. Шундан кейин оила даврасида байрамни нишонлаганман, тунги соат бирдан эса яна аризалар устида ишлашга киришганман.

Университетда талабалар зиммасига катта ҳажмдаги академик иш тушади, шунинг учун улардан фақат бир нечтаси ўз лойиҳаларини ишлаб чиқишга муваффақ бўлади. Мен юқори балл олиш учун имкон қадар камроқ вақт сарфлашни хоҳлаётганимни дарҳол пайқадим. Бордию Freshman Academy билан машғул бўлмасдан, корпоратив муҳитга қўшилганимда, менга минимал баҳолар керак бўларди. Ва мен айнан шунга ҳаракат қилдим.


«
Бироқ, ўқишни тамомлаганимдан сўнг корпоратив маданиятга қўшилмадим, чунки биз ишга туширган жараённи тўхтатиб бўлмаслигини тушундим. Абитуриентлар ҳар йили уларга ёрдам ва йўл-йўриқ кўрсатишларини кутишади.

»
Бакалавриатни 2022 йили тамомладим. Аксарият мамлакатларда одат тусига кирганидек, грант дастурининг битирувчиси сифатида Сингапурда уч йил ишлашим керак. Грант асосида ўқиган дўстларимнинг кўпчилиги корпоратив муҳитга кириб, йирик компанияларда ишлай бошлади.
Yale-NUS коллежида битирув оқшоми
Мен ўз компаниям — Freshman Academy'ни очишга қарор қилдим. Яъни, ўзимга ўзим иш берувчи бўлдим. Шу уч йилни, ҳар доимгидек, шунчаки Сингапурдан туриб, онлайн ишлаб ўтказаман. Лойиҳамиз нафақат МДҲда, балки халқаро бозорда ҳам хорижий олий ўқув юртларига ўқишга киришга тайёрлаш соҳасидаги бошқа компаниялар орасида етарлича рақобатбардош. Биз асосан Айви Лигаси университетларига ўқишга кириш учун тайёрлашга ихтисослашганмиз. Натижаларимизни глобал рақобатчиларники билан таққослаш мумкин, чунки МДҲда шунга ўхшаш иш билан шуғулланадиган уч-тўрттагина жамоа бор, холос.
Бугунги Freshman Academy
Лойиҳа дунёнинг энг яхши университетларида таҳсил олаётган ёки улар билан ҳамкорлик қиладиган иқтидорли ёшларнинг бутун бошли ҳамжамиятига айланди. Бизда турли молиявий имкониятга эга бўлганлар учун кўплаб курслар мавжуд: инглиз тили ёки математика бўйича SAT'га тайёргарлик, инглиз тили бўйича чуқурлаштирилган курс, IELTS'га тайёргарлик, дастурлаш курслари, университетолди дастур, маслаҳатлар, шунингдек, ўқишга киришда тўлиқ ёрдам кўрсатиш бўйича гуруҳ шаклидаги ва индивидуал дастурлар.

Университетолди дастур дунёнинг энг яхши университетларидаги таълим жараёнига тақлид қилади. Дарҳақиқат, биз ушбу университетларнинг материалларини олганмиз ва ўқувчиларимиз яқинлашиб келаётган академик юкламага тайёр бўлишлари учун мазкур материалларни икки ойлик курсга жойлаганмиз.
Индивидуал ҳамроҳлик дастури — етарлича қиммат курс, чунки абитуриентлар билан яккама-якка ишлаймиз, уларнинг иншоларини таҳрир қиламиз. Биз қабул комиссияси мотивацион хатларни қандай ўқишини, бизнинг маданий контекстимиздан нимани тушунишини ва нимани тушунмаслигини жуда яхши биламиз. Шу боис, вазифамиз — абитуриентнинг ҳикоясини комиссияга тушунарли бўлган тилга мослаштириш, комиссия учун муҳим бўлган жиҳатларга тўғри урғу бериш. Кўпинча, 650 сўздан иборат мотивацион хат ёзиш учун 50−60 саҳифалик манба матни керак бўлади.

Америкада бундай хизматлар жуда катта пул туради, чунки бунинг учун катта газеталарнинг муҳаррирлари, деярли ёзувчилар ёлланади. Аслида, Freshman Academy хатларни ёзишнинг ана шундай даражасида рақобатлашади. Бизнинг индивидуал кўмагимиз ҳам айнан шунда.

«
Биз хайрия лойиҳаси эмасмиз, бироқ ишимизнинг ижтимоий таъсири ҳақида ўйламасдан иложимиз йўқ. Бизнинг ғоямиз шундан иборатки, абитуриентлар тайёргарлик босқичидан ўқишга киргунга қадар ва ўқишга қабул қилинганидан таҳсил жараёнининг ўзига қадар турли шаклда ёрдам олишлари мумкин бўлсин. Қўшимча дастурларда ёрдамни ҳатто унинг учун ҳақ тўлаш имкониятига эга бўлмаган ўқувчилар ҳам олишлари мумкин. Масалан, молиявий ресурслари етарли бўлмаган, лекин академик жиҳатдан жуда кучли ўқувчилар бор. Биз уларга курсларимизда ўқишни, кейин эса Freshman Academy'да ишлашни таклиф қиламиз.

»
Кўпинча бизга шундай ота-оналар мурожаат қиладики, «қанча керак бўлса, тўлашга тайёр», фақат фарзанди Гарвардда ўқиса бўлди. Одатда бундай ота-оналарга рад жавобини берамиз, чунки биз учун абитуриентлар Айви Лигасида ўқиш уларга нима учун кераклигини яхши тушунишлари жуда муҳим. Агар талаба Гарвардга ўқишга кирсаю, бироқ бу таълимни уддалай олмаса, биз учун бу катта муаммо бўлади, чунки унинг ўрнида бошқа бир иқтидорли ўзбекистонлик бўлиши мумкин эди. Шунинг учун биз ўзимиз ишонган талабалар билан ишлаймиз.
реклама
реклама
Ўқишга кириш учун тайёрлов бозоридаги кучли рақобатга қарамай, Freshman Academy'да Айви Лигасига ўқишга кирган талабалари сони бўйича ҳам, ўқитувчилар таркиби салоҳияти бўйича ҳам Марказий Осиёда етакчилик қиладиган жамоа фаолият олиб боради. Барча дастурлар учун бизда тахминан 25 киши ишлайди. Булар, асосан, дунёнинг энг етакчи университетларида ўқиётган ёки тамомлаётган ўз битирувчиларимиздир.

Орамизда, шунингдек, Виржиния штати Сиёсат ва бошқарув технологияси институти катта илмий ходими доктор Люсьена Киракосян ҳам бор. У Admission Program гуруҳида ҳамроҳлик дастури бўйича дарс беради ва абитуриентларга қабул жараёни, тадқиқот ишлари ва мотивацион хат ёзишни батафсил тушунишга ёрдам беради. Бизнинг ишимизда айнан шундай салоҳиятга эга одамларни ёллаш зарур.
Академиянинг ютуқлари
Уч йилда Freshman Academy курсларини 1000 га яқин абитуриент тамомлади, уларнинг етти нафари Айви-Лигасидаги ва яна ўнлаб бошқа абитуриентлар жаҳоннинг рейтингларда юқори ўринларда турувчи университетларига ўқишга кирди. Уларнинг аксарияти тўлиқ молиялаштириш асосида ўқийди ва бари бўлажак йирик сиёсатчилар ва бизнесменлар билан бирга таҳсил олмоқда.
Масалан, битирувчиларимиздан Умид Усмонов — Ўзбекистондаги давлат мактабини тамомлаб, Йель университетининг бакалавриат босқичига ўқишга кирган биринчи ўзбекистонлик талабадир. Ундан кейин қорақалпоғистонлик Рустам Нуриев ва жиззахлик Мурод Абдухолиқов Йель университетига қабул қилинди. Самарқандлик ва қозоғистонлик ўқувчиларимиз Колумбия университетига ўқишга кирди. Стенфорд, Принстон университетларида, Абу-Дабидаги Нью-Йорк университетида, Калифорниядаги Беркли университетида ҳам битирувчиларимиз бор.
Freshman Academy битирувчилари билан Самарқанддаги учрашув
Буларнинг бари етарлича кучли университетлар бўлиб, уларда узоқ вақт давомида Ўзбекистон вакиллари бўлмаган. Талабаларимиз Йель университетидаги илк Марказий Осиё клуби — Asian Crossroads at Yale'га асос солди. Бу Марказий Осиё бўйича муҳокамаларни қўллаб-қувватлайдиган ва минтақадаги иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий тараққиётнинг аҳамиятини оширишга интиладиган талабалар ташкилотидир. Бу тажрибани битирувчиларимиз таҳсил олаётган бошқа университетларга ҳам татбиқ этишни режалаштирганмиз.

Йель университети Наврўз байрамини ўтказиш учун талабаларимизга 4000 доллар ажратди. Байрамга талабалар, профессор-ўқитувчилар ва университет раҳбарияти ташриф буюрди.

Талабаларимизнинг грантлари киши бошига 400 минг долларгача етади, ўқишга кирган барча талабалар олган маблағнинг умумий миқдори 10 млн долларни ташкил қилади. Онлайн формат бизга Жанубий Америка, Африка ва Жануби-Шарқий Осиёдан бўлган абитуриентлар билан ишлаш имконини бермоқда.
Ўзбекистон давлат мактаблари битирувчилари Айви Лигасига ўқишга кира оладими?
Сўнгги икки йилда шуни пайқадикки, Ўзбекистоннинг оддий мактабларини тамомлаб [хорижий олийгоҳларга] ўқишга кираётган ўқувчилар кам эмас. Илгари биз буни қийин ёки имконсиз деб ўйлардик, энди эса давлат мактаби битирувчилари учун кириш ҳаттоки осонроқ ҳам деб ўйлаяпмиз.

Биринчидан, уларнинг бўш вақти кўпроқ, чунки хусусий мактабларда болалар турли хил дарс ва дарсдан ташқари машғулотлар билан банд қилинади, уларнинг кунлик графиги тўла. Давлат мактабида имтиҳонларга тайёргарлик кўриш ва дарсдан ташқари машғулотлар учун нисбатан кўпроқ бўш вақт бор. Сиз дарсларда яхши баҳо олишингиз ва шу билан бир вақтда ўз ишларингиз билан банд бўлишингиз мумкин, чунки синфдошлар ўртасидаги рақобат унчалик юқори эмас. Хусусий мактабларда эса болалар дарсдан кейин нима билан шуғулланишини кўпинча уларнинг ўрнига ҳал қилиб қўйган бўлишади.

«
Иккинчидан, оддий давлат мактабида ўз синфида энг зўри бўлиш осонроқ. Уларда турли тўгараклар кўп эмас, шунинг учун уларни сиз ўзингиз очишингиз мумкин. Бундан ташқари, давлат мактаблари ўқувчиларида турли тўгарак ва лойиҳалари мавжуд бўлган хусусий мактабларда ўқийдиган болаларга қараганда танлов имконияти кўпроқ. Давлат мактабида етакчи бўлиш ва етакчи сифатида ривожланиш осонроқ.

»
Гарвард, Йель университети ва бошқалар биринчи навбатда айнан шунга эътибор қаратади: улар мактабларни таққосламайди, балки ўз муҳитингизда қандай бўлганингиз, мактабда фаол бўлганмисиз ёки йўқ — шунга баҳо беради. Агар жавоб «ҳа» бўлса, сиз ариза беришда аллақачон рақобатбардошсиз.
Учинчидан, оддий мактаб ўқувчиларида қизиқарли ва жонли ҳикоялар кўп бўлади, улар хусусий мактаб ўқувчиларида учрамайдиган муайян муаммоларни енгиб ўтади. Фақат уларни тўғри ифодада ҳикоя қилиб бериш керак.

Масалан, Жиззах вилояти Бахмал туманидаги қишлоқдан бўлган битирувчимиз Мурод Абдухолиқов 2018 йилгача интернетдан мунтазам фойдаланиш имконига эга бўлмаган. Унда интернетдан доимий фойдаланиш имкони унда тўрт йил аввал пайдо бўлган, натижада у [дарсларни] нафақат етказиб олишга, балки жуда кучли академик даражагача кўтарилишга муваффақ бўлди.
реклама
реклама
Мурод ҳозир Йель университетида сунъий интеллект ва фалсафа бўйича таҳсил оляпти. У шахсий харажатлар учун тўлиқ молиялаштириш ва шахсий харажатлари учун ҳар семестрда бериладиган 3500 АҚШ доллари соҳибига айланди. 2023 йил августида АҚШга учиб кетди.

«
Барча абитуриентлар инглиз тилини яхши даражада билиши ва хорижий таълим тизими ҳақида тушунчага эга бўлиши керак. Булар одатда давлат мактабларида ўргатилмайди, бироқ бу лойиҳамиз ресурслари билан ёки интернет воситасида қопланиши мумкин бўлган нарса.

»
Қабул комиссияси учун дарсдан ташқари ютуқлар жуда муҳим. Ўқувчиларимиз LinkedIn'дан фойдаланади ва Ўзбекистондаги давлат идоралари ва ташкилотларига, турли компанияларга бирор бир лойиҳада кўнгилли (волонтёр) сифатида ишлашни сўраб тўғридан-тўғри хат ёзади. Улар инглиз тилини яхши билишини алоҳида кўрсатиб ўтади ва одатда ижобий жавоб олади.

Дунёда ўрта мактаб ўқувчиси тўғридан-тўғри давлат идораларига хат ёзиши ва у ерда қандайдир волонтёрлик лавозимини сўраши мумкин бўлган давлатлар кам. Ўқувчиларимиз кимсан сенаторларга ёрдамчи бўлган ҳолатлар ҳам бор. Мамлакатда малакали кадрлар кўпроқ бўлишини, талабаларнинг таълим олиш, ўқишга кириш ва грант олиш учун барча ресурсларга эга бўлишини хоҳлайдиган одамларнинг ҳамжиҳатлиги ва масъулиятлилиги ана шундай.
IBRAT Language Camp етакчиларидан бири Сирожиддин Олимов билан
Масалан, энг яхши университетларга ўқишга кирган талабаларнинг ўқишини молиялаштириб берадиган дастурлар бор. Ёшлар ишлари агентлигининг IBRAT Language Camp лойиҳаси ҳам ана шу катта сиёсатнинг бир қисми. Биз лойиҳага ўқувчиларни танлаб олиш тизимини шакллантириш ва дарслар дастурини ишлаб чиқишда ёрдам бердик. 35 нафар ўқувчимиз бу оромгоҳда машғулотлар олиб борди ва ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Шу боис лойиҳамиз таълимни ривожлантириш бўйича катта давлат стратегияси доирасида олға силжиётганини ҳис қиляпмиз.
Freshman Academy ва унинг ўқувчиларининг режалари
Кўпчилик Freshman Academy'ни ўқув маркази дейди, бироқ биз ўзимизни давлат идоралари ва ўқувчилар ўртасида ҳамкорлик ўрнатишга ёрдам берувчи жамоа деб биламиз. Бизнинг миссиямиз битирувчиларимиз Ўзбекистон манфаатларини илгари суришлари ва турли соҳаларда Ўзбекистонни юқори савияда намоён этишларини таъминлашдан иборат.

Келажакда ўқувчиларимиз ва бошқа билим ҳамда тажрибага эга болаларнинг бизнес лойиҳаларини доимий қўллаб-қувватлаш мақсадида Freshman Academy негизида бизнес акселератор яратиш ғояси бор.

«
Айрим ўқувчилар чет элда ўқиш истагини билдиради, чунки „Америкага кўчиб ўтишни" хоҳлайди. Одатда бундайларни рад этамиз, чунки Америкада шундоғам мавжуд бўлган ва ватанга қайтмайдиган истеъдодларни етиштиришдан манфаатдор эмасмиз.

»
Албатта, битирувчиларимиз кўчиб кетмаслигига ишончимиз комил эмас. Бироқ, 10 йилдан сўнг қандайдир статистикани кўришимиз мумкин, деб ўйлайман. Шу билан бирга, уйига қайтаётган, шу ерда амалиёт ўтаётган талабалар ҳам бор.

Масалан, Умид Усмонов Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасида амалиёт ўтаяпти ва Йель университетида таҳсил олиш тажрибаси билан ўртоқлашяпти. Қорақалпоғистонлик Рустам Нуриев Оролни қутқариш халқаро жамғармаси билан ишлаяпти. Укам Вашингтондаги Америка университети ва Yale-NUS'да Ўзбекистон, Марказий Осиё, постсовет ҳудуди тарихи бўйича тадқиқот олиб боряпти.
Албатта, ўқувчиларимиз қаерни макон тутишини билмайман, бироқ уларнинг ҳар бири у ёки бу даражада Ўзбекистон билан боғлиқ ва уни халқаро майдонда намоён этмоқда.

Талабанинг номзоди устида ишлаётганимизда, доим шундай савол қўямиз: «Улар ҳужжат топшираётган олий ўқув юртларида оладиган билимлари билан Ўзбекистоннинг қандай муаммоларини ҳал қила олади?». Биз аризада ёзган жавоб кўпинча уларнинг келгусидаги ривожланиш режаси сифатида фойдаланилади.
Ёшларга маслаҳат
Режаларни ўзгартиришдан қўрқманг. Албатта, мақсадга эришиш учун қайта ва қайта уриниб кўриш керак, бироқ ҳар доим захира режа ҳам бўлиши керак. Агар иккинчи уринишда ҳам ўқишга киролмаганимда, Тошкентдаги Вестминстер университетини танлаган бўлардим, кейинчалик магистрлик даражасини хорижда олган бўлардим. Мақсадни усул билан чалкаштирмаслик керак. Бир усул иш бермаса, қўрқинчли жойи йўқ. Йўналишни ўзгартириш ва мослашувчанликнинг айби йўқ.

«
Кўпчилик Гарвардга ўқишга киришнинг ўзини мақсад деб ўйлайди. Аслида эса бу янада каттароқ нарсага эришишда ёрдам берувчи бир восита. Америкага бориш учунгина Америка университетини танлаш ёки Европага бориш учунгина Европа университетини танлаш — таълим учун бу жуда режа.

»
Бакавлавриат босқичида ўқиш учун ҳатто Ўзбекистондаги давлат университетлари ҳам яхши танлов ҳисобланади. Масалан, шундан кейин магистратура босқичини хорижда ўқиш учун маблағ олиш мумкин.

Мақсад нима эканини тушуниш учун чуқур ўйлаш керак. Қаерда ўзингизни алдашга уриняпсизу, қаерда руҳингизни кўтаришга ҳаракат қиляпсиз — шуни билишингиз, танлаган усулингиз иш бермаётганини тушунишга ҳаракат қилишингиз керак.
Freshman Academy
Матнни Сабина Даулетмуродова тайёрлади.
Фотосуратлар Валерий Аракеляннинг шахсий архивидан.

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг