Ижтимоий тармоқларда Sevimli телеканали орқали намойиш этилаётган «Сабрия» миллий сериалидаги аҳлоқсизлик саҳналари кўпчиликниг эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Шу қаторда Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева ҳам мазкур сериал юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

«Бир томошабин сифатида „Севимли“ каналида прайм-тайм вақти намойиш этилаётган, миллионлаб телетомошабинларнинг диққатини тортган „Сабрия“ миллий сериалига нисбатан шахсий муносабатимни билдиришга ҳақлиман, деб ўйлайман», — дея бошлаган у.

«Бадиий савия ҳақида гапириб ҳам ўтирмайман, унақа нарсанинг ўзи йўқ. Сериал муаллифлари орасида бирорта аёл йўқлигига ҳам ишончим комил. Чунки ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафрат кўрмаганман», дея танқид қилди Саида Мирзиёева.

Таъкидланишича, сюжетда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш бўйича аниқ ва батафсил йўриқнома кўрсатишдан мақсад нималиги ҳам тушунарсиз. Бу ҳолатдан ҳеч қандай хулоса чиқарилмаган.

Унинг фикрича, ҳамкасб-аёллар ўртасидаги заҳар-заққумга тўла рақобат ғояси-ку, умуман, аёлларни одам ўрнида кўрмайдиган латифабозлардан илҳомланиб ёзилгандек.

«Ва ниҳоят, энг ёқимсиз ва жирканч эпизодлар — аёлларга нисбатан зўравонлик саҳналари ҳамда исноддан қутулишнинг ягона „тўғри“ йўли — ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ. Нақадар „доно“ маслаҳат!», — дея киноя қилди Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, ушбу сериалда аёллар фикри тор, маккора, заифа, ҳаётдаги ҳамма балоларга сабабчи қилиб кўрсатилган.

Бадиий кино жамиятдаги қарашларни шакллантирадиган воситалардан бири эканлиги, ва умуман, кимки оммага таъсир ўтказа олса, оғзидан чиққан ҳар бир сўз учун масъул эканлиги қайд этилган.

«Биз гендер тенглиги ва аёлларга эҳтиром масаласини аҳоли онгига сингдириш учун зўр бериб ҳаракат қилаётган бир пайтда бундай сериаллар гендер тенглиги ривожланишига шаксиз тўсқинлик қилади. Уларда ҳеч қандай соғлом фикр йўқ. Бу — Ўзбекистондаги турмуш тарзи борасида ижодкорларнинг бузуқ фантазияси, холос», — деди Саида Мирзиёева.

«Нима деб ўйлайсиз, ўзбекистонлик аёлларнинг обрўига жиддий путур етказаётган бундай саёз „ижод намуналари“ яратишни бас қилишни талаб этишга ҳақлимизми? Қандай қилиб ўз жонига қасд қилишни экранда кўрсатиш мумкин ахир?», — дея муносабат билдирган у.

Ўзбекистон Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси бадиий кенгашлар ва мутасадди ташкилотларни бу каби контентга қонун ва этика нуқтаи назаридан хулоса беришга чақирган. «Аёлларимиз бундай муносабатга лойиқ эмас! Бу ҳам хусусий, ҳам давлат кинематографига бирдек таалуқли!», — деди у.

Аввалроқ, ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар ортидан АОКА «Сабрия» сериали экспертизадан ўтказилишини маълум қилганди.