Кун давомида 935 кишида коронавирус аниқланди

Душанба куни COVID-19 билан кунлик касалланишлар сони ўтган кунга нисбатан 1037 тадан 935 тага камайди. Коронавирус билан оғриган 4 нафар бемор эса вафот этди.

Ўзбекистонда LOCHIN дрони ишлаб чиқарилди

Мудофаа саноати давлат қўмитаси тасарруфидаги марказ Ўзбекистонда илк учувчисиз дрон ишлаб чиқарди. LOCHIN аппарати — разведка қилиш, зарба бериш, реал вақт режимида кузатиш, маълумот олиш, артиллерия ўт очиш жараёнини бошқариш каби вазифаларни бажара олади. Қолаверса, қурилмадан қишлоқ хўжалигида ҳамда қўриқхоналарни, йўлларни, ижтимоий инфратузилма ва муҳим объектларни кузатишда фойдаланиш мумкин (видео).

ТИВ Қозоғистонда Ўзбекистон фуқароси қўлга олинганини рад этди

ТИВ расмий вакили «Жибек жоли» ўтиш пунктида Қозоғистондаги тартибсизликларда иштирок этганликда гумон қилиниб, қўлга олинган шахс Ўзбекистон фуқароси эканлигини рад этди.

2024 йил якунигача жисмоний шахсларнинг акциялардан олган дивидендлари солиқдан озод қилинади

Президент қарори билан 2022 йил 1 апрелдан 2024 йил 31 декабргача жисмоний шахсларнинг акциялардан олган дивидендлари даромад солиғидан озод қилинади. Норезидент юридик шахслар учун эса 5% ставкада фойда солиғи тадбиқ этилади.

География фанига ажратилган соатлар ҳажми қисқаргани йўқ — ХТВ

Халқ таълими вазирлиги мактабларда юқори синфлар учун география фани соатлари қисқариши ортидан ижтимоий тармоқларда тарқалган фан ўқитувчиларининг эътирозларига муносабат билдирди. 6-синфда ҳар бири ҳафталик 2 соатдан ўтиладиган география, биология ва физика фанлари ўрнига ягона 3 соатлик «Табиий фанлар» фани киритилган. Қисқараётган 3 соат эса «Табиий фанлар» доирасида 2-, 3-, 4-синфларга қўшиб берилган. Вазирлик географияга оид мавзулар 96 тага кўпайганини ҳам қўшимча қилди.

Ўзбекистон биринчи чоракда COVAX дастуридан 11 млн доза вакцина олади

ЮНИСЕФ ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаденинг маълум қилишича, Ўзбекистон биринчи чоракда COVAX дастури доирасида 11 млн дозадан кўпроқ вакцина қабул қилиб олади. COVAX орқали ҳозиргача етказиб берилган вакциналар ҳажми 10 млн дозадан ошган.

ЙПХ ҳамда ППХ постларида «Яшил» ва «Қизил» йўлак тизими жорий этилиши мумкин

Ҳукумат қарори лойиҳасига мувофиқ, 1 мартдан бошлаб Тошкент вилоятидаги «Чинор» ва Наманган вилоятидаги «Наманган» ЙПХ стационар постларида «Яшил» ва «Қизил» йўлаклар жорий қилиш таклифи билдирилди. Яшил йўлакдан қидирувда бўлмаган, қарздорлиги йўқ ҳамда техник соз машиналар ўтади. Қизил йўлак эса қоидабузар ва қарздорлиги мавжуд ҳайдовчиларга мўлжалланган. Постлардаги монитор ёрдамида ҳайдовчиларга қайси йўлакдан ҳаракатланиши кераклиги кўрсатиб турилади.

Фарғонада яна уч киши ис газидан заҳарланди

Фарғона шаҳрида уч киши ис газидан заҳарланиш оқибатида ҳалок бўлди. ФВВ маълумотларига кўра, бу 2021−2022 йилги иситиш мавсуми бошидан бери 40-бахтсиз ҳодиса. Мавсум давомида ис газидан жами 54 киши вафот этган.

Тошкент вилоятида 77 кг опий ва гашиш айнланмаси тўхтатиб қолинди

Давлат божхона қўмитаси Тошкент туманида 77 кг гиёҳвандлик воситасини қопларда картошка кўринишида яшириб, хорижий давлат фуқаросига етказиб бермоқчи бўлган шахсларни қўлга олди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Қозоғистон пул ўтказмаларининг қарийб 30 фоизи Ўзбекистонга тўғри келди

2021 йилнинг 11 ойи мобайнида Ўзбекистон Қозоғистондан 639 млн доллар қабул қилиб олган, 102 млн доллар маблағ эса қўшни мамлакатга жўнатилган. Шу тариқа Қозоғистон пул ўтказмаларининг қарийб 30 фоизи Ўзбекистон ҳисобига тўғри келмоқда.

100 ёш ва ундан ошганларнинг пенсиясига қўшимча пул тўланади

Ўзбекистонда 100 ёш ва ундан ошган фуқароларнинг нафақасига пенсияни ҳисоблашнинг базавий 100% миқдорида — 289 000 сўм қўшимча тўлов қилинади. 1 январь ҳолатига мамлакатда 570 нафар 100 ёш ва ундан ошган шахс истиқомат қилади.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Дўстлик боғи учун кураш. Ҳокимият ва фуқаролар ўзаро тил топишиш учун нималар қилмоқда?

Бир неча йиллик қаровсизликдан сўнг октябрь ойида Дўстлик боғи қайтадан очилди, бироқ унда кўплаб камчиликлар мавжудлиги кўриниб қолди. Кўнгиллилар боғда шикастланган дарахтлар борлигидан шикоят қилмоқда ва боғни ривожлантириш учун инвестор топишмоқчи. Ҳокимлик боғни халққа қолдириш ваъдасини бажаришга интилмоқда. Кўнгиллилар қандай боғни кўришни хоҳлайдилар, туман ҳокими бу ҳақда қандай фикрда ва пудратчилар қандай хатоларга йўл қўйганлигига «Газета.uz» мухбири Сабина Бакаева аниқлик киритди.