Шавкат Мирзиёев «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Нигоҳ телеграм канали хабар берди.

2021 йилнинг декабрь ойида аҳолининг қуйидаги қатламларига кирувчи оилаларга 800 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади:

  • 2021 йил давомида «Темир дафтар» рўйхатида бўлган оилаларга;
  • 18 ёшга тўлмаган фарзандлари бор боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларга;
  • 18 ёшгача болалар учун ногиронлик нафақасини олувчи оилаларга.

Март ойида Ҳукумат қарори билан «Ёшлар дафтари»га киритилган моддий аҳволи қийин ёшларга БҲМнинг 4 бараваригача (980 минг сўм) миқдорда бир марталик моддий ёрдам кўрсатилганди.

Шунингдек, дафтарга киритилганларнинг ОТМ шартнома пулини 50 фоизини тўлаб бериш, хорижда даволаниш харажатларининг БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган қисми қоплаб берилиши айтилганди.

Июлда эса президент фармони билан, август ойида «Темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 18 ёшгача бўлган ҳар бир фарзандлари учун 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилганди.

Сентябрь охирларида Орол денгизи фожиаси оқибатларидан ҳаммадан кўп жабр кўрган Қорақалпоғистоннинг Муйнов туманида яшовчи ҳар бир оилага 5 млн сўмдан бир марталик ёрдам пули тарқатилганди.