Aфғонистон қуролли кучлари мамлакат шимолида ва марказида бир неча ҳудудларни толиблардан қайтариб олди

Таъкидланишича, гап Дараи-Суф Бала (Саманган провинцияси), Сурхи Парса ва Шайх Aли (Парвон провинцияси), шунингдек, Малистан (Ғазни провинцияси) ҳудудлари ҳақида кетмоқда. Aввалроқ мудофаа вакили генерал Aжмал Шинвари сўнгги тўрт кун ичида Aфғонистон қуролли кучлари 967 нафар толиб жангарисини йўқ қилгани ва яна 500 га яқинини яралаганини айтган эди. Мамлакатнинг 34 вилоятидан 20тасида шиддатли жанглар давом этмоқда, дея ёзмоқда ТАСС. Хусусан, Тахар провинциясидаги Талукан шаҳри «Толибон» ҳужумларидан ҳимоя қилинмоқда. — Афғонистон мудофаа вазирлиги.

Аввалроқ Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» Қатардаги музокараларда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эриша олишмагани, лекин иложи борича тезроқ компромиссга эришишга келишишгани ҳақида хабар берган эдик.


Исроилда ўзини яккалаш тартибини бузган шахслар жавобгарликка тортилади

Исроил бош вазири Нафтали Беннет коронавирусга чалиниб, лекин ўзини яккалаш тартибини бузган ва бошқаларнинг соғлиғига хавф туғдирган шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш ва судга жалб қилишни буюрди. Беннетт, шунингдек, «тантаналар, оммавий тадбирлар ва айниқса тўй маросимларида қоидаларга риоя этилишини таъминлаш бўйича назорат қилувчи органларнинг асосий вазифасини кўриб чиқишни» ҳамда «жарима солиш ва уни жиноятчидан ундириш ўртасидаги вақт оралиғини камайтириш билан бирга назорат жараёнини оптималлаштириш» бўйича топшириқ берди, дейилади баёнотда.

25 июндан буён COVID-19 билан касалланганлар сонининг ўсиши муносабати билан Исроил ёпиқ жойларда ниқоб тақиш режимига қайтди.


Кучли ёмғирлар

  • Пекинда кучли ёмғир ёғиши туфайли 370 дан ортиқ рейслар бекор қилинди. Шоуду халқаро аэропорти об-ҳаво шароити туфайли 186 та рейсни бекор қилди, яна 130 та самолёт кечикиш билан ҳавога кўтарилди ёки қабул қилинди. Пекиндаги бошқа Дахинг аэропорти ҳам 187 рейсни бекор қилишга мажбур бўлди, яна 120 га яқини кечиктирилди ёки қолдирилди. Шаҳарнинг турли қисмларида юзлаб автомобиллар, ер ости гаражлари ва иншоотлари сув остида қолган. Кучли ёмғирлар сув тошқини, иккита метро станциясининг ёпилишига ва бир неча ўнлаб поезд қатновларининг бекор қилинишига олиб келди. Ҳозирда шаҳар ва шошилинч хизматлар фавқулодда режимда ишламоқда.
  • Мумбайдаги кучли ёмғирлар ва юзага келган ўпирилишлар туфайли 31 киши ҳалок бўлди. Қутқариш операцияси давом этмоқда.

Норозилик намойишлари

  • Португалиядаги аэропорт ходимларининг иш ташлаши сабабли 200 дан ортиқ рейслар бекор қилинди. Таъкидланишича, биргина Лиссабонда камида 166 та рейс бекор қилинган. Шунингдек, касаба уюшмалари Порту, Фаро, Фунчал ва Порту Санту аэропортларида иш ташлаш уюштиришга чақирмоқда. Иш ҳақи шартлари бўйича норозилик намойишлари якшанба кунигача давом этади.
  • Францияда 114 минг киши иштирокида норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Митинг қатнашувчилари ресторанлар ва бошқа жамоат жойларига киришга рухсат берувчи санитария гувоҳномасининг жорий этилишига қарши чиқишди. Намойишчилар, шунингдек, тиббиёт ходимларини мажбурий эмлаш бўйича ҳукумат қарорини қораладилар.

Қозоғистон аҳолиси ковидга қарши эмланишга мажбур қилинмайди — Қосим-Жомарт Токаев

«Эмланишни истамайдиган одамлар билан ишлашда табақалаштирилган ёндашувни қўллаш керак. Ушбу гуруҳ (эмланишни истамайдиганлар — таҳр.) бир хилда эмас. Эмлашдан бош тортиш сабаблари кўп. Бундай одамлар орасида иккиланадиганлар ҳам кўп», — деди Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев. Президентнинг сўзларига кўра, уларни ҳар қандай усул билан, шу жумладан, ижтимоий тармоқлар орқали ишонтириш керак. «Баъзи ривожланган Ғарб мамлакатларида ишонтириш усулларидан мажбурлаш чораларига ўтмоқдалар. Биз бунга рози бўлмаймиз, фақат йирик меҳнат жамоалари фаолияти билан боғлиқ бўлган алоҳида ҳолатлар бундан мустасно», — деди Токаев. Шунингдек, президент ушбу соҳадаги етакчи ишлаб чиқарувчилар томонидан вакциналар турини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади. — ТАСС.


Шанхайда дунёдаги энг катта планетарий очилди

Фото: Иван Каргапольцев/ТАСС

Фото: Иван Каргапольцев/ТАСС

Қурилиши 2016 йил ноябрь ойида бошланган мажмуа Шанхайдаги Пудун туманининг Линьган эркин савдо зонасида жойлашган. Aсосий бинонинг майдони 38 минг кв. м., комплекснинг умумий майдони эса 58,6 минг кв. м.ни ташкил этади. Планетарий асосий бино ва бир қатор ёрдамчи иншоотлардан, шу жумладан ёшлар илмий маркази ва иккита жамоат расадхонасидан иборат. Кўргазма қисмида меҳмонлар 70 га яқин турли хил метеоритларнинг парчаларини, шу жумладан Веста астероиди, Ой ва Марсдан келган артефактларни кўришлари мумкин. Коллекцияга, шунингдек, Исаак Ньютон, Галилео Галилей, Николай Коперник ва бошқа бир қатор олимларнинг асл асарлари киритилган. Планетарийнинг таълим дастурларида маълумотларни визуализация қилиш, VR, биометрия ва сунъий интеллект каби технологиялар кенг қўлланилади. — ТАСС.


Шунингдек:

  • The Guardian ва бошқа 16 та нашр журналистларининг биргаликдаги суриштирувда Исроилнинг NSO Group компаниясига тегишли Pegasus жосуслик дастури ҳукуматлар ва махсус хизматлар томонидан бутун дунё бўйлаб, шу жумладан Қозоғистон, Озарбайжон ва Беларус журналистлари, фаоллари ва компания раҳбарлари телефонларига хакерлик ҳужуми учун ишлатилганини аниқлашди.
  • Францияда коронавирус билан касалланиш ҳолатларининг кўпайиши сабабли баъзи ҳудудларда чекловлар ва комендантлик соати жорий қилиниши мумкин.
  • Ироқ бош вазири Мустафо аль-Казимий 26 июль куни Вашингтонда бўлиб ўтадиган учрашувда AҚШ президенти Жо Байден билан мамлакат ҳудудидан Aмерика қуролли кучларини олиб чиқиш масаласини муҳокама қилишни режалаштирмоқда.
  • Aнглияда 19 июлдан бошлаб, касалликнинг кўпайишига қарамай, коронавирус билан боғлиқ барча ички чекловлар олиб ташланади. Шотландияда чекловлар сезиларли даражада юмшатилди. Уэлсда ўзгаришлар 17 июлда кучга кирган, Шимолий Ирландияда чеклов чоралари 26 июлдан бошлаб ўзгартирилиши мумкин.
  • Германиядаги тошқинларда вафот этганлар сони 157 нафарга етди, 670 га яқин киши жароҳатланди. Бельгияда қурбонлар сони 27 киши ташкил этди.