18 март куни тахминан соат 20:10ларда Тошкент метрополитенининг «Олмазор» ер ости метро бекатидан «Сирғали» метро йўналиши «Чоштепа» ер усти метро бекатига ҳаракатланаётган 4 та вагондан иборат таркиб техник сабабларга кўра тўхтаб қолиши натижасида ушбу йўналишда ҳаракатланиб келаётган навбатдаги таркиб билан тўқнушув содир бўлди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, ҳодисада жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Вагонларга ҳам катта зарар етмаган.

Шунингдек, «Сирғали» метро йўналишининг воқеа содир бўлган қисмида ҳаракат вақтинча тўхтатилганлиги боис, қолган таркибларнинг ҳаракати қўшимча (ёрдамчи) йўналиш бўйича давом эттирилди. Ҳозирда ушбу йўналишда ҳаракатлар тўлиқ қайта йўлган қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ФВБ, ИИБ ҳамда Метрополитен ходимлари томонидан вагон ичидаги йўловчи фуқаролар хавфсиз жойга эвакуация қилиндилар, дейилади хабарда.

Бундан ташқари воқеа жойига Тошкент шаҳар ФВБ раҳбарияти, ёнғин-қутқарув хизмати, туман ИИБ, Прокуратура ҳамда Миллий гвардия ходимлари чиқишган. Ҳозирда вазият юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.