Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 март куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) видеоанжуман шаклида ўтган 14-саммити ишида иштирок этди.

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған раислигида ўтган тадбирда Афғонистон президенти Ашраф Ғани, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов, Эрон президенти Ҳасан Руҳоний, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Покистон Бош вазири Имрон Хон, шунингдек, ИҲТ бош котиби Ҳади Сулаймонпур, минтақавий тузилмалар раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Саммит кун тартибига мувофиқ COVID-19 пандемиясидан кейинги даврда ушбу нуфузли ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ҳудуди — бу тарихи, дини, маданияти ва қадриятлари муштарак, улкан салоҳиятга эга бўлган минтақа эканини алоҳида таъкидлади.

Президент бир қатор таклифларни илгари сурди.

Биринчидан — ташкилотга аъзо мамлакатлар томонидан карантин даврида ўрнатилган савдо ва транспорт чекловларини бартараф этиш. «Рақамли технологиялар ва электрон тижоратни кенг жорий этиш савдо алоқаларимизни сезиларли равишда енгиллаштиради», деб ҳисоблайди давлат раҳбари.

Шундан келиб чиқиб, Туркия илгари сураётган Савдога кўмаклашиш бўйича битимни келишиш ва қабул қилишни тезлаштириш лозим, деди у.

Иккинчидан — «Бир-бирини тўлдирувчи нуқталарни топиш» тамойили асосида саноат кооперациясини ривожлантириш халқларнинг умумий фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Учинчидан — ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида маблағлар, товарлар ва хизматлар эркин айланишини таъминлаш, банклараро алоқаларни ва молиялаштиришни кенгайтириш.

Шавкат Мирзиёев мазкур вазифаларни амалга ошириш учун яқин истиқболда Ўзбекистон банклари иштирокида халқаро Банк-молия Форумини ўтказишни таклиф қилди.

Тўртинчидан — минтақаларнинг транспорт йўлакларини кенгайтириш ва транзит салоҳиятини ошириш, «ўзаро иқтисодий ҳамкорликни янада жадаллаштиради».

«Биз, Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Ўмон, Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой транспорт йўлакларини, шунингдек, Озарбайжон орқали Туркия ва Европа давлатларига чиқиш йўлларини ривожлантиришдан манфаатдормиз», — деди президент.

Шу билан бирга, янги таклиф этилган Мозори Шариф — Кобул — Пешовар темир йўлининг қурилиши Афғонистонни кенг минтақага интеграция қилиш ва барқарор тараққиётни таъминлашда улкан аҳамият касб этади.

Бешинчидан — БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан биргаликда, ИҲТнинг Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги янги Дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш.

Шавкат Мирзиёев 2021 йилда жорий йилда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар қишлоқ хўжалиги вазирларининг, навбатдаги йиғилишини Ўзбекистонда ўтказишга тайёрлигини билдирди.

Олтинчидан — Энергетика барқарорлигини таъминлаш, соҳага инвестиция ва замонавий технологияларни кенг жалб этишга қаратилган Ўрта муддатли Стратегияни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш. Президент қайта тикланадиган ва муқобил энергия манбаларига бой минтақада «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш имкониятлари ниҳоятда катта эканига эътибор қаратди.

Еттинчидан — минтақада сезилаётган экология ва глобал иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ муаммолар, жумладан Оролбўйи ҳудудидаги оқибатларга ечим топиш бўйича таъсирчан минтақавий ҳамкорликнинг аниқ механизмларини жорий этишни мақсадга мувофиқ.

Саккизинчидан — соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришимиз. Давлат раҳбари ташкилот доирасида эпидемиологик вазиятни мониторинг қилиш ва тегишли чора-тадбирларни олдиндан режалаштириш тизимини амалиётга жорий этишни таклиф қилди.

ИҲТнинг навбатдаги, 15-саммити Туркманистонда ўтказилади.

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти 1985 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда 10 та давлат ИҲТга аъзо. Булар — Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Афғонистон.